Жамият | 11:44 / 08.03.2021
8133
2 дақиқада ўқилади

Избоскандаги мурувват уйи: оила меҳридан бошқа бари бор маскан

Kun.uz мухбирлари 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида меҳрга ташна қалблар маскани - Андижон вилояти, Избоскан туманидаги Чуама аёллар мурувват уйига борди.

Мурувват уйида айни пайтда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, имконияти чекланган 322 нафар хотин-қизлар даволаниб, истиқомат қилиб келмоқда. Даволаниш учун барча қулайликлар бўлишига қарамасдан, улар мудом оиласини, яқинларини қўмсаб яшашади.

Кунлик муолажалардан ташқари, улар 11та тўгаракка аъзо бўлган ҳолда турли касбларни пухта эгаллаш ва севимли машғулотлари билан шуғулланиб вақт ўтказишади.

Мурувват уйига 16 ёшдан қабул қилинади. Агар бемор шифо топса ёки яқин қариндошлари, васийликка олган шахслар келгусида етарлича шароит ва имконият яратиб бера олиши учун кафиллик берсагина беморга мурувват уйидан рухсат берилади. Акс ҳолда улар умрининг охиригача шу ерда даволанадилар.

Биз ташрифимиз давомида бу ердаги яратилган шароитлар билан танишдик. Тарбияланувчилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг ҳар бирида келажак учун ўз орзулари бор.

—  Мана шундай ташрифлар тарбияланувчиларимиз учун ўзига хос қувонч бағишлайди, — дейди Мурувват уйи директори Матлубахон Тоштемирова. — Ўтган гал телевидение орқали мурувват уйимиз ҳақида лавҳа намойиш этилгач, тарбияланувчиларимизнинг кўпининг оила аъзолари хабар олгани келишди. Тўғриси, ҳамма шароитни яратиб берганимиз билан уларнинг яқинлари берадиган меҳрни биздан олишолмайди.

Имконияти чекланганига қарамасдан яшаш учун курашдан тўхтамаган, ўзининг севимли машғулотлари билан шуғулланаётган хотин-қизлар борлигига гувоҳ бўлдик.

Кўпчилигимиз тўрт мучамиз соғ бўлса ҳам, жойи келганда дангасаликни енгишга кучимиз ва иродамиз етмайди. Лекин мана шу Мурувват уйи тарбияланувчиларидан кўп нарсада ўрнак олсак арзийди: айниқса ҳаётни севиш, яқинларни қадрлашда.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир Маҳмудов.
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид