Фан-техника | 23:27 / 09.03.2021
12191
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тезкор суперкомпьютер тўлиқ қувват билан ишлашга туширилди

9 март куни Япониянинг Кобе шаҳридаги Табиий фанлар институти ҳисоблаш марказида дунёдаги энг тезкор суперкомпьютер “Фугаку”ни тўлиқ қувват билан ишлашга тушириш маросими бўлиб ўтди. 

Фото: TASS/EPA/Dai Kurokawa

Дастлабки режага кўра, қурилмани тўлиқ қувват билан ишлашга апрелда тушириш режалаштирилганди. Бироқ ушбу жараённи коронавирус тарқалиши билан боғлиқ шошилинч тадқиқотларни ўтказиш зарурати сабабли тезлаштиришга қарор қилинган.

“Фугаку” қисман 2020 йил апрелда ишга туширилган. Июнда у дунёдаги энг кучли суперкомпьютерларни аниқловчи “Топ-500” мутахассислари томонидан дунёдаги энг тезкор суперкомпьютер деб тан олинган. 

Суперкомпьютер Fujitsu компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У бир сонияда 415 квадриллиондан кўпроқ амални бажара олади. Бу эса аввалги энг тезкор суперкомпьютер - АҚШнинг Summit қурилмаси тезлигидан 2,8 марта кўпроқни ташкил қилади.  

Айни вақтда “Фугаку”ни юздан кўпроқ турли тадқиқотларда қўллаш режалаштирилган. Бу тадқиқотлар пандемиядан ташқари, сунъий онг ва об-ҳавони прогнозлаш соҳасидаги тадқиқотлар билан боғлиқ. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Фугаку” японлар учун муқаддас ҳисобланган Фудзияма тоғининг номланишларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид