Ўзбекистон | 22:32 / 11.03.2021
15400
2 дақиқада ўқилади

1 октябргача Ўзбекистонга цемент олиб киришда божхона божи тўланмайди

Бу ҳақда президентнинг «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланди.

Фото: Getty Images

Фармонга кўра, уй-жойлар нархини арзонлаштириш мақсадида 2021 йил 1 апрелдан янги тартиб доирасида:

  • кўп квартирали уй-жойлар қишлоқ жойларда 5 ва ундан юқори қаватли, шаҳарларда 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетон ва йирик панелли конструкциялар ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида массив шаклида қурилади;
  • уй-жой қурувчи ташкилотлар учун мўлжалланган цемент ҳамда металл прокати бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;
  • 2021 йил 1 октябргача цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

2021 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жойларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Шунингдек, президент имзолаган янги фармонда 2021 йил давомида республикада 33 мингдан ортиқ квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар ипотека кредитлари асосида берилиши белгиланган.

Аввалроқ, президент ўтказган йиғилишда қурилиш сифатини ошириш масъулияти бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юклатилганди. «Цемент ишлаб чиқариш бу йил 16-17 миллион тоннага етказилади. Аммо қурилишлар ҳажми ҳам икки баробар ортади ва бизда 40 миллион тоннага яқин цемент зарурати бўлади», деган ҳукумат расмийси.

Мавзуга оид