«Ўрикзор» бозоридаги ўзаро жанжал оқибатида бир киши жароҳат олди
2021 йилнинг 11 март куни соат 15:00ларда 19 ёшли Шаҳзод Қ. Тошкент шаҳри, Учтепа тумани “Ўрикзор” МФЙда жойлашган “Ўрикзор” бозори ҳудудидан ўтиб кетаётиб, у ерда эски таниши 23 ёшли Камол Д.ни кўриб қолган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Шаҳзод Қ. Камол Д. билан боғлиқ эски келишмовчиликларни эслаб, жамоат жойида бўла туриб, уни турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва қўлидаги темир бўлаги билан боши ва танасининг турли жойларига уриб жароҳат етказган. Натижада, Камол Д. бош мия очиқ жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Шаҳзод Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда, дейилади маълумотда.
Жиноят кодекси нормаларига кўра, бу турдаги жиноятлар учун 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.