Ўзбекистон | 20:41 / 15.03.2021
55802
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги бозорларда карантин қоидалари кучайтирилмоқда

Тошкент шаҳридаги бозорларда карантин қоидалари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш маркази директорининг биринчи ўринбосари Дилмурод Ғаниевга асосланган ҳолда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Дилмурод Ғаниевнинг сўзларига кўра, 15 март куни пойтахт ҳокимлигида ўтказилган махсус йиғилишда бозорлар ва савдо комплексларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларини кучайтириш бўйича қатор режалар келишиб олинган.

Жумладан:

  • бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудларига кириш дарвозаларида бозор, СЭС, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари ҳудудга кираётган аҳолининг тиббий ниқобларда бўлишини назорат қилиб боради;
  • Инфрақизил термометр (тепловизор)лар орқали бозор ва савдо комплексларига кираётганларнинг иситмаси доимий ўлчаб киритилиши қайта йўлга қўйилади;
  • ҳудудларга кираётган барча фуқароларнинг қўллари антисептик воситалар билан дезинфекция қилиб киритилади;
  • бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудларида бозор ва тегишли идоралар ходимлари билан биргаликда дезинфекция ишлари амалга оширилиши йўлга қўйилади;
  • шунингдек, жамиятлар томонидан махсус мосламалар олиниб, жамиятлар ҳудудини мунтазам равишда дезинфекция қилиш ишлари амалга оширилади;
  • бозорлар ва савдо комплекслари сотувчилари тиббий ниқоблар ва қўлқопларда савдони амалга оширишлари мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назоратга олинади.

Қўшимча қилинишича, бозор ва савдо марказларида савдога қўйилган маҳсулотлар ва харидор ўртасида, яъни савдо растасида шаффоф тўсиқ (қалин полиэтилен целлофан) билан тўсилиб, маҳсулотларни қўл билан ушлаб кўришнинг олди олинади. Озиқ-овқат дўконларининг кириш қисмида махсус тўсиқлар ташкил этилади.

Мавзуга оид