Ўзбекистон | 09:51 / 19.03.2021
13189
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тарих фанини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда 2021-2030 йилларда тарих фанини ривожлантириш концепцияси” лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, концепция президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 январ куни республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган мажлиси 3-баёни 27-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Концепция яратиш зарурияти жаҳонда тарих фанининг ривожланиши, янги тарихий билимларнинг ортиши, ўтмишдаги воқеаларга жамоатчилик қизиқиши кучайгани ҳамда чуқур билим ва кўникмаларга эга, ижодий ва тизимли фикрлайдиган тарихчи мутахассислар, ўқитувчи ва илмий ходимлар янги авлодини чиқариш, олинган илмий натижаларни таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишларида таъсирчан қўллаш, жамиятда миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлашда хизмат қиладиган тарихий тафаккурни тарбиялаш билан боғлиқ экани айтилади.

Концепция мазмуни Ўзбекистонда тарих фани соҳаси жорий ҳолатининг танқидий таҳлили ва мавжуд муаммолар, илм-фанни ривожлантириш, таълим-тарбия тизими, ахборот макони билан узвий боғлиқлигини самарали йўлга қўйиш талабларидан келиб чиқиб, илғор миллий ва жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда, бош мақсади, вазифалари ва устувор йўналишларини белгилаб олишдан иборатдир.

Концепция қабул қилиниши натижасида тарих фани соҳасини ривожлантириш бутунлай янгича асосда ва тизимли равишда амалга оширилади, жараённи самарали бошқариш имкони туғилади. Илмий фаолиятни мақсадга мувофиқ йўлга қўйиш, катта молиявий харажатлардан муайян самара олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи бўйича бутунлай янгича, миллий манфаатларга мос илмий ёндашувлар асосидаги туркум асарлар тайёрланади. Чуқур билимга эга, ижодий ва тизимли фикрлайдиган илмий ходимлар авлоди шаклланади. Олий таълимда тарихчи мутахассислар тайёрлашнинг бутунлай янгича, илмий муассасалар билан узвий боғланган тизими яратилади. Тарих йўналишидаги илмий ходимлар, профессор-ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш даражаси юксалади. Қадим, бой ва ноёб тарихий меросни миллий ва хорижий даражада тарғиб этишнинг янгича ва самарали тизими яратилади.

Таъкидланишича, концепцияни амалга ошириш бўйича сарф-харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид