Жаҳон | 21:53 / 27.03.2021
13406
2 дақиқада ўқилади

Сувайш каналида 300дан ортиқ кема тўпланиб қолди

Каналга тиқилиб қолган Ever Given контейнер ташувчи кемасини жойидан силжитишга бўлган уринишлар давом этмоқда. Кема туриб қолган жойдан 20 минг тонна тупроқ қазиб олинган.

Фото: Samuel Mohsen/picture-alliance/dpa/AP

Сувайш каналида Ever Given контейнер ташувчи кемаси тиқилиб қолиши натижасида 321та кема тўпланиб қолди. Бу ҳақда канал бошқаруви раҳбари Усома Рабийяга таяниб Al Arabiya телеканали хабар берди.

Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат уларга барча зарур логистик ёрдамни кўрсатмоқда.

Рабийянинг сўзларига кўра, ушбу воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, шунингдек, атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етмаган.

Кемани жойидан силжитишга бўлган уринишлар давом этмоқда. Кема туриб қолган жойдан 20 минг тонна тупроқ қазиб олинган.

Улкан кема 23 март куни каналда кўндаланг туриб қолиб, кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Дастлаб кемани йўлдан олиш бўйича ишлар 2-3 кун давом этиши тахмин қилинганди.

Аммо кемани сувга қайтариш билан шуғулланаётган Boskalis компанияси бунга ҳафталар кетиши мумкинлигини маълум қилди.

Ever Given 2018 йилда Япониянинг Imabari Shipbuilding кемасозлик компанияси томонидан қурилган. Унинг узунлиги 400 метр, эни 58,8 метрга тенг.

Кема 20 100 дона стандарт денгиз контейнерларини (узунлиги 6,1 метр, эни 2,44 метр ва баландлиги 2,59 метр) ташишга мўлжалланган. У 199,5 минг тонна юкни таший олади.

Мавзуга оид