Ўзбекистон | 12:00 / 29.03.2021
6835
6 дақиқада ўқилади

VEON компаниялари гуруҳи делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари

Beeline Uzbekistan компаниясининг янги бош директори этиб тайинланган Анджей Малиновскийнинг вакили сифатида VEON компаниялари гуруҳи делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегацияни VEON компаниялари гуруҳининг бош ижрочи директори, «Unitel» МЧЖ (Ўзбекистондаги Beeline СБ) кузатув кенгаши раиси жаноб Каан Терзиоглу бошқарди.

Анджей Малиновский ўз лавозимига тайинланганини шундай шарҳлади:

«Мен бу гўзал мамлакатда яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Авваламбор шуни айтмоқчиманки, профессионаллар жамоасига қўшилиш мен учун катта шарафдир. Ҳозирда мавжуд эҳтиёжлар асосида қайта кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор долзарб вазифалар бор. Компаниянинг устувор йўналиши – бу абонентнинг ўзи, фойдаланувчи тажрибаси ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш бўлади».

VEON компаниялари гуруҳи делегацияси мамлакатимизга бўлган ташрифи бой ва самарали бўлди.

Рақамли тизимларни ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларини кенг жорий этиш бўйича масалалар республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувнинг диққат марказида бўлди. Учрашув давомида «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини ишлаб чиқиши ҳам муҳокама қилинди. Телекоммуникацияларни ривожлантириш, шу жумладан Ўзбекистонда халқаро интернет тармоғига киришни эркинлаштириш тўғрисида Ахборот вазирлигининг янги қонун лойиҳаси ҳақида меҳмонларга маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев билан суҳбат чоғида VEON компаниялари гуруҳи вазирликнинг электрон тиббиёт ва рақамлаштириш, қўшма ижтимоий лойиҳаларни яратишда иштирок этиши кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашувда меҳмонлар уларнинг мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаларини юқори баҳоладилар.

VEON компаниялари гуруҳи аъзолари ва Beeline Uzbekistan топ-менежерларининг етакчи журналистлар ва блогерлар билан учрашуви давомида ҳам долзарб мавзулар ва саволлар кўтарилди. Саволлардан бирига жавобан Каан Терзиоглу Beeline Uzbekistan компанияси 4G тармоғи ва янги лойиҳаларини ривожлантиришга сармояларини давом эттиришини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у мамлакатдаги телекоммуникация бозори янада эркинлаштирилишига умид билдирди.

Каан Терзиоглу, VEON компаниялари гуруҳи маслаҳатчиси Борис Тадич ва Анджей Малиновский Жиззах вилоятига ҳам боришди. Меҳмонлар Шароф Рашидов музейида бўлишди. Уларга ушбу таниқли давлат арбоби ва ёзувчи ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Жиззах шаҳридаги 8-ихтисослаштирилган IT-мактабда делегация аъзолари самимийлик ва меҳмондўстлик билан кутиб олинди. Эслатиб ўтамиз, ушбу мактабни модернизация қилиш ва янги жиҳозлар билан таъминлаш учун Beeline Uzbekistan 700 миллион сўмдан ортиқ инвестиция киритди. Меҳмонлар ушбу мактаб боғида дарахтлар экдилар. Уларни маданий дастурдан сўнг мактабда яратилган шароитлар билан таништиришди.

«Ишончим комилки, ушбу IT-мактаб минтақанинг ёш авлодини тарбиялашга, уларни рақамли иқтисодиётдаги янги муаммоларни ҳал қилишда тайёрлашга ҳисса қўшади», - деб таъкидлади Каан Терзиоглу.

Кейинги манзил – IT-паркнинг маҳаллий филиали бўлди. Делегация вакилларига компьютер саводхонлиги, дастурлаш, мобил робототехника, киберспорт турлари ва инглиз тилини ўрганиш мумкин бўлган IT-марказ намойиш этилди.

Яна бир муҳим учрашув – Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев билан танишув мулоқоти бўлди. Меҳмонларга минтақанинг сармоявий салоҳияти ҳақида видеолавҳа намойиш этилди, унинг имкониятлари ва хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.

Шунингдек, делегация Жиззахда қурилаётган президент мактабига ҳам ташриф буюрди.

Халқ таълими вазирлиги билан яқин ҳамкорлик қилиш ҳамда электрон таълим ва стартапларни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш ишларини кучайтириш зарурлиги Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов билан суҳбатда муҳокама қилинди.

VEON компаниялари гуруҳи делегацияси Ўзбекистонга ташрифини Молия вазирлигидаги учрашув билан якунлади, унда база станцияларини солиққа тортилиш жараёни муҳокама қилинди.

«Биз учун Ўзбекистонда ишлаш – катта шараф. Халқаро инвестор сифатида мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланиб бораётгани менда катта таассурот қолдирди. Ишончим комилки, республика раҳбарияти томонидан олиб борилаётган либераллаштириш чора-тадбирлари, шубҳасиз, халқаро инвесторларни янада илҳомлантиради. Биз бу ерда эканлигимиздан фахрланамиз. Ишонаман, бизнинг келажагимиз Ўзбекистоннинг келажаги каби порлоқ!» - дея хулоса қилди VEON компаниялари гуруҳининг бош ижрочи директори, «Unitel» МЧЖ (Ўзбекистондаги Beeline СБ) кузатув кенгаши раиси Каан Терзиоглу.

«Unitel» МЧЖ 2006 йил 12 сентябрдан бошлаб Beeline Uzbekistan савдо белгиси остида хизмат кўрсатиб келмоқда. Beeline Uzbekistan – бош қароргоҳи Амстердамда (Голландия) жойлашган VEON халқаро телекоммуникация холдинги таркибига киради.

VEON – бу 9 та мамлакатда 213 миллиондан ортиқ абонентга эга глобал телекоммуникация ва интернет хизматларини етказиб берувчи компания. Унинг акциялари NASDAQ ва Euronext Amsterdam фонд бозорларида рўйхатга олинган.

Beeline Uzbekistan'да 1.6 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади. 2006 йилдан бошлаб, Ўзбекистон бозорига кирганидан бери, VEON мамлакат телекоммуникация саноатига 1.2 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритди.

Beeline савдо белгиси Ўзбекистондаги фаолияти давомида 1.8 миллиард доллардан ортиқ миқдорда солиқ тўлаган.

Сайт: beeline.uz 

Facebook: fb.com/beeline.uz 

Instagram: @beeline_uzbekistan

Telegram: t.me/uzbeelineuzb

Twitter: twitter.com/beeline_uz

Реклама ҳуқуқи асосида

 
 
 

Мавзуга оид