Ўзбекистон | 11:29 / 07.04.2021
34021
3 дақиқада ўқилади

Ангрен шина заводи бўйича тергов бошланган — Ҳисоб палатаси

Ҳисоб палата раиси ўринбосари 156 миллион долларлик ташқи қарз эвазига қурилган, айни пайтда фаолияти муваффақиятсиз деб топилаётган Ангрен шина заводи юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: «Биринчи резинотехника заводи»

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ташқи қарз эвазига қурилган Ангрен шина заводининг фаолияти муваффақиятсизлиги учун жавобгарларга қандай чора қўрилаётгани бўйича Ҳисоб палатасига савол билан юзланди.

«156 миллион долларга завод қурилган. Шиналар ишлаб чиқарилмоқда. Энг ачинарлиси, шундоққина Андижондаги UzAuto Motors бу шиналарни сотиб олмаяпти. Сабаб сифатида бу маҳсулотлар GM компанияси стандартларига сертификатлаштирилмагани келтирилмоқда. Наҳотки, бу лойиҳани ишлаб чиқилаётганда биринчи бозоримиз бўлган ички автомобиллар сертификат талабларига мослашиш зарурлиги ўйланмаган бўлса?!

Лойиҳа ташаббкорларига, уни ишлаб чиққанларга чора кўриладими ёки шунчаки 156 миллион доллар сувда оқиб кетди, деб кетилаверадими? Шу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритдингларми?» дея савол қўйган депутат йиғилишда.

Бунга жавобан, Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Баҳодир Туробов мазкур ҳолат юзасидан тергов бошланганини маълум қилган.

«Материаллар администрация топшириғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилган. Бугунги кунда тегишли тергов жараёнлари олиб бориляпти. Бу масалада барча эътирозларимизни вазирлик ва идораларга етказганмиз. Ҳужжатларни расмийлаштириб материалларни берганмиз», деган у.

Ҳисоб палатасининг маълумотларига кўра, Хитой Эксимбанкидан жалб қилинган 156,4 миллион доллар маблағи ҳисобига барпо этилган Ангрен шина заводи ҳозирда атиги 15 фоиз қувватда ишламоқда.

Завод омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. Кредит тўловларидан эса 3 миллион доллардан ортиқ қарздорлик бор.

«Табиийки, лойиҳа нега бундай муваффаққиятсизликка учрагани одамни ўйлантиради. Наҳотки лойиҳа бошидан тўғри режалаштирилмаган бўлса? Ёки шунча қарз маблағлари нотўғри ишлатилдими? Лойиҳа ташаббускори ким? Лойиҳага масъул бўлганлар қонун олдида жавоб берадими? Умид қиламизки, жамоатчилик ва биз депутатларни ўйлантирган бу саволларга асосли жавоб оламиз», дея қўшимча қилган Дониёр Ғаниев телеграмдаги каналида.

Аввалроқ, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Ҳисоб палатасининг 2020 йил учун баёноти бўйича ўз фикрларини билдирган эди.

Унинг сўзларига кўра, резинотехника заводи (Bars бренди остида шиналар ишлаб чиқаради) омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. «Сабаби доимгидек, сифат талабига жавоб бермайди», деган депутат ва сўнгги икки йилда UzAuto Motors 60 миллион долларга яқин шина импорт қилганини қўшимча қилган.

Маълумот учун, Ангрен шина заводига 2017 йилда Хитойнинг Poly Technologies компанияси маблағ жалб қилган. 2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳисобланади.

Мавзуга оид