Спорт | 09:58 / 10.04.2021
23317
8 дақиқада ўқилади

Айтилмаган изҳор. Мелиев, Ашурматов, Анри, Ди Канио

Яхши одамларнинг яхшилиги ҳақидаги афсоналарда бутун ҳаёт акс эттирилмайди. Нимадир кичик қурбонлик, оддийгина воқеадаги улуғворлик. Бир қари чолни йўлдан ўтказиб дуо оласиз ёки бир кичик мушукчани сувдан қутқарасиз. «Ҳизрни учратибди, яхшилик қилган одами Ҳизр бўлиб чиқибди», дейишади ҳам баъзида халқ тилида. Шунақа осонми?

Фалсафа шундаки, инсон бундай воқеалар ўз бошига келишини кутиб яшамасин, доим шундай яшасинки, ўша кичик яхшиликларнинг бирида Худонинг розилиги ётади. Йўлдан ўтказиб қўйилган чоллардан бири Ҳизр бўлади.

Ўн икки йил олдин, ЖЧ-2010 саралаш ўйинлари плей-оффда Франция ва Ирландия тўқнаш келган ва дастлабки ўйинда французлар 1:0 ҳисобида сафарда ғалаба қозонганди. Жавоб ўйинида ирландлар ҳисобни очишди ва шу билан қўшимча бўлимларгача ҳисоб сақланиб турди.

103-дақиқада Тьерри Анри рақиб жарима майдони ичида тўпни қўли билан тўхтатди ва очиқ дарвоза қаршисида турган Галласга узатди. Ҳакам қоида бузилишини кўрмай қолди ва ҳисоб тенглашди. Ўйиндан кейин Анри қоида бузганини тан олган бўлса-да, барча саволлар ҳакамларга берилиши кераклигини айтганди.

Бир томондан бутун дунёнинг нафратини қозониб бўлса-да, миллий жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан футболчини мақташ ҳам мумкиндек, лекин менга ўша ўйинни шарҳлаган Владимир Маслаченконинг фикрлари ёққанди: «Анри, эй худойим... Бор, ҳакамнинг олдига, унга қоида бузганингни тан ол, футболга севги изҳор қил! Футбол тарихидаги энг олижаноб шахслардан бири бўлиб тарихга кир!...»

Билмадим, бир шахснинг тарихга кириш муҳимми, ёки ватаннинг ғалаба қозониши, билмадим, футбол каттами ёки ғалаба? Инсонларга муваффақият тарқатиш яхшироқми ёки улуғвор қадриятлар? Катта дилемма, тўғрими?

Паоло Ди Канио деган италиялик ҳужумчи бўлган. Баъзилар уни голларни фашистларга хос тарзда нишонлашни хуш кўрадиган жанжалкаш, зиддиятли футболчи сифатида эслашади. Аммо унинг яна бир ҳаракати ҳамманинг ёдида қолган.

20 йил олдин. «Эвертон» – «Вест Ҳэм» учрашувининг сўнгги дақиқалари. Ҳисоб 1:1. Меҳмонлар ҳужумчиси Фредерик Кануте дарвозабон Пол Жерард билан тўқнашиб кетди. Қоида бузилмаган, аммо Пол нотўғри йиқилиб, жароҳат олди. Ўйин эса, давом этарди. Тўп қанотдан яна жарима майдонига, «Вест Ҳэм»нинг бошқа ҳужумчиси Паоло Ди Каниога етказилди. Ўшанда Паоло бўш қолган дарвозани ишғол қилиш ўрнига, у тўпни қўли билан ушлаб, ўйинни тўхтатди.  

Учинчи ўрнак. 1950-60 йиллардаги «Спартак» (Москва) клуби сардори, Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг етакчи ўйинчиси Игорь Нетто ҳам тарихга кирган. Чилида ўтган 1962 йилги жаҳон чемпионатидаги унинг жасоратини унгача ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч ким такрорлай олмади.

Гуруҳ учрашуви эди. Собиқ Иттифоқ терма жамоаси Уругвай билан ўйнар ва ҳисоб 1:1 эди. Ҳужумчи Игорь Численко рақиб дарвозасига кучли зарба беради. Келинг, қолганини Игорь Неттонинг ўзидан эшитайлик:

«Тўп дарвозанинг юқори ўнг бурчагидан жой олди. Узоқроқда турган жамоадошларим голни нишонлай кетишди, лекин уругвайлик дарвозабон Соса ва бир неча футболчилар гол бўлмаганини, тўп дарвоза тўрининг тешигидан дарвозага кирганини исботламоқчи бўлиб ҳакамга ёпишиб кетишди. Лекин, ҳакам майдон марказига ишора қилди. Менинг ўзимга ҳам гол бўлмагандек туюлганди ва Численконинг олдига югурдим. «Гол бўлдими?», деб сўрадим. «Йўқ», дарҳол жавоб берди у. Шунда мен сардор сифатида италиялик ҳакам олдига келдим ва ишораларим билан гол бўлмаганлигини тушунтирдим. У менга миннатдорчилик билдирди. Мен эса қалбимда хотиржамлик ва енгиллик ҳис қилдим. Биз ҳалол футбол ўйнардик.

Сизга қандайдир нотабиий туюлмадими бу сатрлар? Менга шундай туюлди дастлаб. Мана шундай футбол ўйнашарди илгари. Сардор номи ҳам мана шундай аҳамиятга эга эди.

Ўша учрашувда Неттонинг жамоаси барибир ғолиб чиқди. Ўша пайтларда «FAIR PLAY» каби совринлар бўлмаса-да, бутун дунё бу ҳаракатни чин қалбдан олқишлашди. Ҳақиқий ҳалол ўйин майдон ташқарисига чиқариб юборилган тўпни рақибга қайтариб бериш учун бор кучи билан яна майдон ташқарисига тепиб юбориш эмасди у пайтларда.

Орадан йигирма тўрт йил ўтиб, замонлар ҳам ўзгарди, сардорлар ҳам. Худди шундай турнирда, бундан ҳам аҳамиятли учрашувда яна бир сардор қўли билан тўп киритди ва барчани алдади. Ҳакам голни ҳисоблади, лекин, афсуски Марадонанинг хаёлига келмади бошқача йўл тутиш. Ўша гол унга чемпионликни олиб бергандир, лекин, футбол аҳли олдида ҳурмати йўқотилишига асосий сабаб бўлганди.

Албатта, юқоридаги мисоллар «Машъал» – «Қўқон-1912» ўйинида содир бўлган воқеага у даражада ўхшаш эмасдир. «Қўқон» ҳужумчиси Мўмин Мелиев Анридан фарқли равишда қоида бузмаганди. Ёки ҳеч ким жароҳат ҳам олмади. Мелиев ўз ишини қилиб, тўпни дарвозага тепди. Кейин маълум бўлишича, Мўмин аслида гол бўлмаганини билмаган ҳам. Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бу вазият ҳақида узоқ тўхталди, бир нималарни тушунтиришга ҳаракат қилди. Мелиев ҳам, ўзи ҳам гол деб ўйлашганини, такрорий лавҳаларни смартфонда, кичик экранда кўрганини айтди, агар голмаслигини аниқ билганида бошқача йўл тутган бўлишини таъкидлади, кўп гапирди, балки ростдир, балки ўша паллага қайтиб қолса, бошқача ҳаракат қилар, билмадим.

Агар Мелиев тўп қийшиқ кетганини ҳакамга айтиб, вазиятни тузатганидами... Ёки Ашурматов шогирдларига гол ўтказиб юборишни буюриб, адолатни таъминлашгандами...

Ҳа, Ашурматов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бу вазият ҳақида узоқ тўхталди, бир нималарни тушунтиришга ҳаракат қилди. Мелиев ҳам, ўзи ҳам гол деб ўйлашганини, такрорий лавҳаларни смартфонда, кичик экранда кўрганини айтди, агар голмаслигини аниқ билганида бошқача йўл тутган бўлишини таъкидлади, кўп гапирди, балки ростдир, балки ўша паллага қайтиб қолса, бошқача ҳаракат қилар, билмадим. Кимдир ишонди, кимдир йўқ. Қўқон уч очко эгасига айланди, агар ўша гол бўлмаганда, ўйин қандай тугарди, номаълум.

Ҳар қанча тушунтириш, ўзини оқлаш мумкин. Аслида оқлаш ҳам шарт эмасдир, ахир стадион Муборакники, жавобгар ҳакам. Аммо чинакам улуғворлик тўғри ва нотўғри иш турганда тўғрисини танлашгина эмас, бу осон, қийинроғи - икки тўғрининг орасидан тўғрироғини танлашда билинади.

Эҳ, биз ишонамизми, йўқми, бир тийин, уни қўйинг, ахир қаранг, Мелиевда ҳам, «Қўқон» жамоасида ҳам бутун умрга тарихда қолиш имконияти бугун пайдо бўлганди. Дунёга тарқаб кетган бу ғалати «гол» чиройли якуни билан янада таъсирли бўлар ва яна барибир дунёга тарқаб кетарди.

Тарихда қолишни қўйинг, футболга севги изҳор қилиши мумкин эди бугун Мелиев. Ёки Ашурматов...

Шу пайтгача кўрмаганимиз, балки бундан кейин ҳам Мелиевда, ҳам «Қўқон» жамоасида, ҳам бошқа ўзбек жамоасида учрамаслиги мумкин бўлган имконият... Умуман бошқа содир бўлмайди энди. Буни билиб қандай яшаш мумкин?

«Ҳизрни танимадилар» улар! Тушуняпсизми?

Эсиз...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид