Ўзбекистон | 11:06 / 12.04.2021
6832
2 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» раиси: «Айни вақт таъминот юзасидан энг яхши кунлар»

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев Kun.uz мухбирига электр энергияси таъминоти бўйича мамлакат бўйлаб вазият қандайлиги тўғрисида сўзлаб берди.

“Соҳамиз узлуксиз танқидларга нишон бўлади, буни тўғри тушунамиз. Кимнинг уйида свет бўлмаса, албатта, эътироз билдиради-да, қолгани истеъмолчига қизиқ эмас-ку. Лекин эътибор берсангиз бугун, яъни баҳор кунларида ана шундай танқидлар деярли йўқ. Сабаби аниқ, истеъмол кам. Оддий тилда тушунтирсам – печкалар ўчирилган, кондиционерлар ҳали ёқилмаган. Айни вақт таъминот юзасидан энг яхши кунлар ҳисобланади.

Бу гапларим билан узилишлар умуман йўқ, демоқчи эмасман. Бор, албатта. Лекин улар чекловлар сабабли эмас, техник муаммолар туфайли. Яъни, атайлаб ўчирилмаяпти.

Мен кўп марта айтганман, электр энергияси сақлаб туриладиган маҳсулот эмас. Бугунги кунлар шу гапимга мисол бўла олади. Яъни, биз электр энергиясини кимгадир бермай, яширишдан манфаатдор эмасмиз. Аксинча, қанча кўп етказиб берсак, шунча кўп фойда оламиз. Албатта, нархлар оширилмади, давлат раҳбари топшириғига кўра бир маромда ушлаб турилибди. Шунга қарамай ишлаб чиқариш харажатлари ошяпти.

Биз ана шу рамзий маънодаги яхши кунларда келажакдаги синовли кунларга тайёргарликни кучайтиришимиз керак”, деди Улуғбек Мустафоев.

Жорий йил 24 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари энергетика вазири Алишер Султоновга йил якунигача электр энергияси ва газ бўйича қандай ўзгаришлар бўлиши борасида савол берганди. Вазир бунга жавобан қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизим тикланишини маълум қилди.

“Олдингидек куз ёки қиш деган мавсумлар бўлмаяпти. Чунки ёз ойларида ишлатилаётган совитиш тизими ҳисобига иссиқ даврда ҳам “пик” бўляпти. Ажратилаётган маблағлар ҳисобига бу йилдан бошлаб зарур талабни қондира оладиган бўламиз. Бунинг учун қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизимни ҳам тиклаяпмиз”, дея жавоб берган вазир.

Мавзуга оид