Жаҳон | 21:02 / 19.04.2021
6702
2 дақиқада ўқилади

Исроилда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинди

Аҳолисини коронавирусдан эмлаш бўйича жаҳон етакчиси бўлиб турган Исроилда кўчада ниқоб тақиб юриш талаби бекор қилинди.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус юқтириш даражасининг пасайиши сабабли мажбурий тарзда кўчада ниқоб тақиш амалиётини бекор қилди.

«Бутун мамлакат бўйича статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалланиш даражасининг давомий пасайиши сабабли 2021 йил 18 апрелдан бошлаб кўчада ниқоб тақмасликка рухсат берилади», – дейилган вазирлик баёнотида.

Ўқув масканлари ҳам тўла анъанавий таълимга қайтмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга очиқ ҳаводаги оммавий йиғилишлар пайтида ҳимоя ниқобларини тақишни давом эттиришни тавсия қилмоқда. Шунингдек, ёпиқ биноларда ниқоб тақиш мажбурийлигича қолмоқда.

Январ ойида мамлакатда касаллик юқтирганлар сони кунлик 10 минг кишини ташкил этган, ҳозирда эса бу кўрсаткич кунига 200 тага камайган.

Исроил – аҳолини эмлаш бўйича дунё етакчиси. Мамлакатнинг 16 ёшдан ошган аҳолисининг 70 фоизидан ортиғи иммунизация қилинган. Ҳукумат 23 майдан бошлаб Сovid-19'га қарши эмланган чет эллик сайёҳлар гуруҳларини қабул қилишни бошлаш дастурини ишлаб чиқмоқда.

Мавзуга оид