Жамият | 19:52 / 21.04.2021
10722
2 дақиқада ўқилади

СамДУ ва Самарқанд давлат чет тиллар институти карантинга ёпилди

Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти карантинга ёпилган. Бу ҳақда ҳар иккала олий таълим муассасасининг ахборот хизматлари хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, сўнгги кунларда мамлакатимизда коронавирус билан касалланиш ҳолати кўпаяётгани боис, ҳар иккала олий таълим муассасаси талабалари орасида Covid-19 билан касалланиш ҳолати аниқланган.

Шу сабабли, 2021 йилнинг 22 апрел кунидан бошлаб, Самарқанд давлат чет тиллар институти 14 кунга карантинга ёпилган. Ўқув жараёни масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган.

Самарқанд давлат университети эса 21 апрелдан бошлаб 14 кунлик карантинга ёпилган ва ўқув жараёни масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган.

Қайд этилишича, ҳар иккала олий таълим муассасасида эпидемиологик вазият барқарорлашгач, анъанавий ўқув жараёнига қайтилади ва бу ҳақда уларнинг расмий саҳифаларида хабар берилади.

Маълумот учун, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти 2021 йил 21 апрелдан 14 кунга карантинга ёпилган. Ўқув жараёнлари масофавий (онлайн) шаклга ўтказилган. Аввалроқ эса, ТАТУ Самарқанд филиали, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 30дан ошиқ мактаб 14 кунга карантинга ёпилган ва ўқув жараёни масофавий шаклга ўтказилганди.

Мавзуга оид