Ўзбекистон | 00:05 / 27.04.2021
15622
9 дақиқада ўқилади

Судья: Фуқаро ҳуқуқидан инсон ҳуқуқларига ўтиш вақти етди

«Бизда бир неча 10 йиллар давомида «фуқаро ҳуқуқи»га устуворлик берилди, адолат ҳуқуқидан узоқлашдик, дин ва диёнатни ҳуқуқдан йироқлаштирдик». Судья Нуриддин Муродов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида фуқаро ҳуқуқидан адолат ҳуқуқига ўтиш зарурати ҳақида сўз юритади.

Нуриддин Муродов

Европанинг қатор давлатларида ҳуқуқ институтлари, черков, яъни дин ҳуқуқлари асосида шакллана бошлаган. Кейинчалик бу жараёнда қатор демократик ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари – адолат ҳуқуқига ўтилди ҳамда унга содиқ қолинди. Францияда эса бир қанча вақт фуқаро ҳуқуқига устуворлик берилди-ю, лекин оқибат бунинг хатолиги сабаб... тезда инсон ҳуқуқларига қайтилди.

Хуллас, Европа ва океанорти диёрларида, йиллар давомида «адолат ҳуқуқи – инсон ҳуқуқи» шаклланиб борди. Қонунчилик ҳам шу асосда қурилди, ҳукумат ҳам шу тамойил асосида ишлади, одил судлов ҳам шу тарзда фаолият юритди ва халқ ишончига эришди. Сабабки, адолат (инсон) ҳуқуқлари одил судловда таъминланади.

Бизда эса бир неча 10 йиллар давомида «фуқаро ҳуқуқи»га устуворлик берилди, адолат ҳуқуқидан узоқлашдик, дин ва диёнатни ҳуқуқдан йироқлаштирдик. Фахрий фуқаро бўлишга ошиқдик, гражданлик ҳуқуқи деб баландпарвоз гапларга ишониб юрдик, ўз эътиқодимиз, динимиз, анъана-одатимиз, қадриятларимизни хавф остига қўйдик. Ўз тилимиз ҳурматини орттиришни шараф билиш ўрнига, бошқа тилда гапиришни ўзимизга обрў билдик, она тилини эмас, «ўша» тилни билмаганларга паст назар билан қарадик, яқин-яқингача шу тилни билганларни давлат идораларида ишга олишга ҳам имтиёзлар бериб келдик, уларга бошқа тилда ишлаш устуворлик берди.

Нима учун?! Чунки фуқаро ҳуқуқига муккасидан кетдик, инсон ҳуқуқини четга сурдик, адолат ҳуқуқи ҳақида гапиришга ҳам қўрқдик...

1989 йилда қабул қилинган «Тил тўғрисида»ги қонунни бизнинг ўзимиз ҳар кун, ҳар дақиқа, ҳар сония буздик, бузмоқдамиз, тепкиладик. Биз бу борада Навоий ишончини оқламадик, ҳатто ўзга тилнинг бутун бошли грамматикасини яратган буюк аждодимиз Замахшарийга муносиб бўла билмадик.

Истиқлолнинг илк йилларида қабул қилинган «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги қонунга эса амал қилмадик. Диний бағрикенглик дея баландпарвоз шиорларни айтдик, лекин қора рўйхатни шакллантирдик, эътиқод қилган кишига ола қараш қилдик, ўзимиздан ўзимиз душман ясадик. Бухорий, Термизийлар, Мотуридий, Нақшбанд, Насафийлар каби буюк аждодларимизга муносиб бўла олмадик.

Сўз-фикр эркинлиги таъминланмоқда, цензура бизда йўқ дедик, аммо амалда акси бўлди. Беҳбудий, Қодирий, Фитратдан оғиз кўпиртириб кўп гапирдик, лекин уларнинг муносиб вориси бўла олдикми?..

Мажбурий меҳнатга ёпишиб олдик, ёшлар – ўқувчилар, талабалар ҳамда ўқитувчи, домла, тиббиёт соҳаси ходим ва ходималари мажбурий меҳнатнинг асосий субъекти бўлди. Пахта «умуммиллий ҳаракат»га айланди.

Юртимизда инсон ҳуқуқлари – адолат ҳуқуқи устувор, инсоннинг яшаш, кўчиб юриш ҳуқуқи – улар қадриятимизга айланган дедик, бироқ ўз юртдошларимизга, ўз юртимизнинг айрим ҳудудларида рўйхатга ўтишга чеклов ўрнатдик.

Нега? Чунки собиқ тизимдан мерос бўлиб ўтган фуқаро ҳуқуқи бизнинг онгимизга сингиб қолган. Давлат ва фуқаро (граждан) ҳуқуқига ўрганиб қолганмиз.

Илло, барчамиз яхши билган ва минг йил илгари битилган «Авесто»нинг асосида барча салбий иллатларга қарши кураш жамиятда адолат қарор топишига қаратилган эзгу амаллардан бири, хусусан: «Ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида ўйлама, ҳақ сўздан ўзга ҳеч нарса тўғрисида суҳбатлашма, ҳаққоний амалдан ўзга ҳеч нарса билан шуғулланма», – деб қайд этилгани, яъни адолатдан йироқлашма, адолат ҳуқуқига собит бўл, деган қадрият бизни бефарқ қолдирди.

Зеро, инсоният яралгандан бери ҳар қайси макон ва замонда ёки жабҳада адолатга қараб талпинган, унга суянган ҳамда адолат таъминланадиган маконга интилган. Негаки, адолат ҳам маънавий, ҳам ижтимоий ва энг аввало табиий эҳтиёждир. Дастлаб жамиятда урф бўлган анъана ва одоб-ахлоқ қоидалари асосида мезонланадиган адолат ҳар қачон ҳам жамиятни ўз ортидан эргаштирган.

Ана шундан адолат ҳуқуқи бунёд бўлган. Биз эса буни йиллар давомида фуқаро ҳуқуқига айлантирмоқчи бўлдик. Фуқаро ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади, судларимиз энг гуманитар суд деган чақириқлар билан яшадик.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳар қандай хушомаддан холи равишда объектив баҳо берайлик, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўз ва фикр юритиш ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш йўлида сезиларли ишлар бошланди.

Энди биздан талаб этиладигани ушбу – сўз эркинлигини амалга ошириш жараёнида, бир тамойилга таяниб иш кўриш, яъни «Ўз ҳуқуқларингни амалга ошириш чоғида ўзгалар ҳуқуқ ва манфаатига таъсир этма, ўз ҳуқуқингни амалга оширишинг ўзгалар ҳуқуқини бузмаслиги керак», – деган принципга оғишмай амал қилишдир. Демак, бу «адолат ҳуқуқи» дейилади.

Диний эътиқод, диний бағрикенглик масаласида 2016 йилдан бошлаб илк бор тақиқланган гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 24 мингдан ортиқ юртдошларимиз қора рўйхатдан чиқарилди, амалда «қора рўйхат» деган тушунча йўқ қилинди.

Президент Мирзиёев БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ҳамда «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси»ни қабул қилиш ташаббуси – «виждон эркинлиги ҳуқуқи», «диний бағрикенглик» деган тушунчаларни рўёбга чиқарди.

«Қуръон тиловати» мусобақаларини ўтказиш, масжидларда баралла азон айтиш, хоҳлаган ҳар бир шахс жамоатга бориб намоз ўқиши ва ҳоказо мумкин. Бу – «адолат ҳуқуқи»ни англатади.

Бизнинг вазифамиз эса бу жараёнда ўзимиздан авлиёйи замон ясаб олмасдан, яъни фундаментал ғояларга берилиб кетмасдан, радикаллашмасдан, соф эътиқодларимизга собит бўлишдир.

Болаларнинг мажбурий меҳнатига амалда чек қўйилди, ўқитувчи ва соғлиқни сақлаш ходимлари, талабалар ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг беминнат хизматларидан фойдаланиш амалиёти деярли тугатилди. Демак, давлат фуқароларига ҳуқуқ ва мажбурият қилиб юклаган «фуқаро ҳуқуқи» «адолат ҳуқуқи – инсон ҳуқуқи»га қараб тортилди.

Бу борада галдаги иш эса жойларда раҳбарларнинг «адолат ҳуқуқи» томон қараб ўзгаришидир.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий прописка... ислоҳ этилди. Бу борада Конституцияда амалда бўлган инсон ҳуқуқи амалга киритилди. Демак, бу ҳам фуқаро ҳуқуқи эмас, «адолат ҳуқуқи» дейилади.

Яхши қўшничилик – яқин қўшничилик. Марказий Осиёда «янги баҳор» сиёсати ўрнатилди...

2018 йилнинг октябр ойининг бир кунида Сариосиё туманидан Термиз шаҳрига аэропортга қараб, «Нексия»да йўлга чиқдик (бу ҳақда аввал ҳам ёзгандим). Автомобилнинг орқа ўриндиғида, 70 ёшлардаги чол-кампир. Улар Тожикистон фуқаролари бўлиб, 2000 йилдан бери Сурхондарёга чегара босиб ўта олмаган, мана шу кун эса Термиз шаҳрида яшаётган қизининг уйига 18 йил деганда, яна – неварасининг тўйига бораётган экан.

«Неварамни 2 ёшида кўргандим, бугун у 20 ёшга тўлган, ўзим Самарқандда ўқиганман», деб гап бериб кетишди. Хуллас, ўша йўловчилар, тўй бўлаётган қизнинг бобоси ва момоси ҳамда аммаси Термизнинг Намуна деган жойида қолишди. Ўша отахоннинг йўл-йўлакай айтган бир гапи менга жуда таъсир қилди. «Мен шу Термизда яшайдиган қизимни кўрмай ўлиб кетаманми деб ўйлагандим, Худога шукр, бугун неварамнинг тўйига боряпман...» Бу ҳам фуқаро ҳуқуқи эмас, «адолат-инсон ҳуқуқи» дейилади.

Бу мисолда ҳам бизнинг олдимизда биргина масала – очиқлик сиёсати Ўзбекистонга фақат ва фақат манфаатли бўлишини англаб етиш, холос.

Айтмоқчи бўлганим эса «адолат ҳуқуқи»ни таъминлаш йўлида собит хизматлари учун ҳар бир раҳбар эътирофга сазовор бўлиши шубҳасиз.

Албатта, ғарбда «адолат ҳуқуқи» анча-мунча йиллардан бери амалда, улар бунга кўникиб ҳам кетишган. Марказий Осиёда эса бу ҳуқуқ фуқаро  ҳуқуқи билан шунчалик чалкашиб кетганки, фуқаро ҳуқуқидан адолат ҳуқуқини ажратиб олиш анча мушкул масала.

Шу маънода, Ўзбекистонда биргина сўз-фикр юритиш, виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, дунёга очиқ Ўзбекистон сиёсатини юритиш каби «адолат ҳуқуқи – инсон ҳуқуқи» борасидаги ислоҳотлари билан Марказий Осиё сиёсий лидерлигига муносибдир.

Нуриддин Муродов,
ФИБ Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди судьяси

Мавзуга оид