АҚШда тўлиқ эмланган фуқароларга ниқоб тақмасдан юришга рухсат берилди
Тўлиқ эмланган америкаликларга одамлар кўп бўладиган жойлардан ташқари бошқа барча ерда, очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилди. АҚШ президенти Жо Байден мамлакат аҳолисини эмлашни кечиктирмасликка чақирди.
АҚШ президенти Жо Байден сешанба куни COVID-19’га қарши тўлиқ эмланган америкаликлар ниқобсиз кўчага чиқиши мумкинлигини эълон қилди, деб хабар бермоқда The Guardian.
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) ҳам тўлиқ эмланган фуқаролар кичик гуруҳлар таркибида, велосипедда сайр қилиш вақтида, ижтимоий мулоқот пайтида ёки очиқ ҳавода овқатланиш чоғида ниқобсиз юриши мумкин эканига доир кўрсатмаларни янгилади. Бироқ, оммавий концертларга, спорт мусобақаларига, шунингдек сартарошхоналарга, кинотеатрларга, музейларга, савдо марказларига ташриф буюрганларида улар барибир ниқобда бўлишлари керак.
Жо Байденнинг сўзларига кўра, АҚШда 215 миллион эмлаш жараёни амалга оширилди ҳамда COVID-19 билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари сони «кескин камайган». Мамлакатда кекса ёшдаги инсонларнинг учдан икки қисми тўлиқ эмланди, ушбу гуруҳдаги ўлим даражаси 80 фоизга, касалхонага ётқизиш эса 70 фоизга қисқарди. Оқ уй раҳбари бу эмлашнинг яна бир яхши сабаби эканлигини таъкидлаб, фуқаролардан тезроқ эмланишни сўради.
Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери Қўшма Штатларда коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 32,1 миллиондан ортиқ ҳолат аниқланган, 573 минг киши вафот этган. Мамлакат иккала кўрсаткич бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда турибди.