Жамият | 18:19 / 28.04.2021
11882
3 дақиқада ўқилади

Темир дафтардаги фуқаро ундан «ихтиёрий» чиқариб юборилиши мумкинми?

«Темир дафтар» ва «аёллар дафтари»га киритилган фуқаро бу дафтарлардан ихтиёрий чиқиб кетишни сўрашаётганини айтиб мурожаат қилди. ДСҚ расмийси бу рўйхатлардан чиқиш учун кенгаш қарори кераклигини билдирди.

«Мен кам таъминлаган оилалар рўйхатида турардим. «Темир дафтар» ва «аёллар дафтари»га киритишган эди. Кеча келиб, сиз ўз ихтиёрингиз билан мана шу дафтардан чиқиб кетишингиз керак, деб айтишди. Лекин менга бу дафтардан чиқиб кетиш учун амалий кўмак кўрсатилмади. Aйтинг-чи, шу хатти-ҳаракатлар қонунийми?»

Ижтимоий тармоқлардан келиб тушган ушбу мурожаатга 27 апрел кунги матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдужалил Қурбонов жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, «темир дафтар» ва «аёллар дафтари»дан чиқиб кетишни талаб қилиш мумкин эмас. Дафтардан чиқариш фақат маҳаллий депутатлар кенгаши қарори билан амалга оширилади.

«Темир дафтар»га киритиш ва чиқариш тартиби белгиланган. Ундан ташқари, «ёшлар дафтари, «аёллар дафтари» ҳам ташкил этилган бўлиб, платформаси яратилди. 1 майдан ишга тушади. Бу дафтардан чиқариш фақат кенгашнинг қарори билан бўлади.

Яъни сектор раҳбари, маҳалла ҳудудидаги номзодини таклиф қилиб, сессияга киритади. «Темир дафтар»га кирган фуқаро оилавий шароити яхшиланган, кўмак кўрсатилган бўлса, дафтардан чиқарилади. Унинг мавжуд шароитини бориб кўриб, аниқлаш керак бўлади.

Шундай ҳолатлар борки, 20 сотих ери бўла туриб, фойдаланмайди, ўзи ва болалари соғлом. «Темир дафтар»га киритиш ҳам вақтинчалик. Имконияти мавжудлиги аниқланган фуқаро кенгаш қарори билан «темир дафтар»дан чиқарилади.

Пандемия даврида темир дафтарга киритилган фуқароларга 2 мартадан ёрдам кўрсатилди. Бироқ ихтиёрий темир дафтардан чиқарилиши мумкин эмас. Унга киритилиш ва чиқариш тартиби бор», – деди ДСҚ вакили.

Маълумот учун, эҳтиёжманд оилаларнинг қуйидаги 7 та тоифасини камбағалликдан чиқариш «Темир дафтар»ни юритишдан асосий мақсад деб белгиланган:

  • кам таъминланган;
  • ногиронлиги бор;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;
  • якка-ёлғиз кексалар;
  • доимий ишсиз фуқаролар;
  • карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
  • оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқаролар.

Ўтган йили Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Aҳрор Ғуломов «темир дафтар»ни юритиш бўйича вақтинча белгиланган тартиб асосида, фуқаронинг бу рўйхатда бўлиш муддатига аниқ чегара йўқлигини айтганди.

Мавзуга оид