Ўзбекистон | 18:36 / 07.05.2021
53802
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Рустам Қосимов оиласига таъзия билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат арбоби, таниқли олим ва педагог, 7 май куни вафот этган Рустам Қосимовнинг таъзияли хонадонига ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Рустам Собирович Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Р.Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Давлат раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди. 

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.

Президент марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.

«Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин», – деди Шавкат Мирзиёев.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Рустам Қосимов вафоти муносабати билан расмий ҳамдардлик билдиришди. 

Мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви соҳаси оғир жудоликка учради. Кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Собирович Қосимов оғир касалликдан сўнг шу йил 7 май куни 65 ёшида вафот этди.

Р.Қосимов 1955 йил 30 августда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетида таҳсил олди.

Меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида бошлаб, бир неча йил давомида хорижий Шарқ мамлакатларида таржимон бўлиб хизмат қилди. Кейинчалик Тошкент давлат университетида тадқиқотчи, ўқитувчи, катта ўқитувчи, факультет декани лавозимларида самарали ишлади, педагогик фаолиятни илмий изланишлар билан уйғун ҳолда олиб бориб, иқтисод фанлари доктори илмий даражаси ва доцент унвонига сазовор бўлди.

Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Р.С.Қосимов Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида Тошкент давлат техника университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида кафедра мудири, факультет декани, Банк-молия академияси ректори, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари ва вазир, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари каби масъул вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Шунингдек, у Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг бошқарув тизимида турли лавозимларда ишлаб, жамиятимизда фуқаролик институтларининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида жонбозлик кўрсатди.

Бутун онгли ҳаётини эл-юртга беминнат хизмат қилишга бағишлаган фидойи раҳбар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида фаол иштирок этди. Ушбу даврда олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Давлат маслаҳатчиси, Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида қизғин фаолият олиб борди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ва айни вақтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимларида самарали ишлаб, юртимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, диний-маънавий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, маҳалла институтининг ўрни ва нуфузини ошириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим давлат дастурларини амалга оширишда ўзининг бой билим ва тажрибаси, юксак салоҳиятини сафарбар этди.

Р.С.Қосимов салкам 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида қайси лавозимда ишламасин, доимо халқимиз ва Ватанимиз манфаатини кўзлаб, фидокорона меҳнат қилди. Мамлакатимиз жамоатчилиги унинг илм-фан, таълим-тарбия соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ошириш борасидаги хизматларини яхши билади ва юксак қадрлайди.

Р.С.Қосимов давлатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Халқимизнинг етук фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Рустам Собирович Қосимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Мавзуга оид