Отабек Сатторий 6,5 йилга ҳукм қилинди
Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий туҳмат ва товламачилик моддалари билан айбдор деб топилиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталади.
10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар бермоқда.
Иш жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси Т. Абдираимов раислигида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, О.Сатторий жабрланувчи Н. Нарбаевани ҳақорат қилганлик ҳамда Т.Кўчаров, А.Худойқулов ва З.Хурсановга товламачилик қилганлик айблови юзасидан оқланди.
Сатторий ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «а», «г» бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Ашёвий далил деб топилган 1 дона «Vivo-X50» русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона «Redmi 5+» русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона «Zotac» русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди.
«Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари Т. Шапулатов ва О. Сатторий ўртасида тузилиб, нотарусда тасдиқланган, Термиз шаҳри «Маърифат» маҳалласи Истиқлол кўчаси 6-уйда жойлашган 42- ва 44-рақамли квартиралар О. Сатторийга сотилгани бўйича тузилган олди-сотди шартномалари ҳақиқий эмас деб топилди.
Қайд этилишича, Т. Шапулатовдан судланувчи О. Сатторий фойдасига жами 234 835 000 сўм ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, прокурор блогерга 5 та иш бўйича айблов қўйилганини билдириб, унга 11 йил қамоқ жазоси сўраганди.
Отабек Сатторийнинг адвокати Хурсаной Кучаева воқеалар ривожига кўра мижози қамаладиган бўлиб турганини айтганди.
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
21:02 / 12.12.2024