Жамият | 17:15 / 11.05.2021
5255
6 дақиқада ўқилади

Саратонни енгган, курашаётган болалар шарафига хайрия марафони старт олди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ezgu amal» жамоат фонди билан ҳамкорликда шу йилнинг 11 майидан 9 июнига қадар саратонни енгиб ўтган, касаллик билан курашаётган болалар шарафига «Ezgu amal» хайрия марафонини ўтказади. Бу ҳақда марафон ташкилотчилари ва ҳамкорлари 11 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот-брифингида маълум қилди.

«Асосий вазифа — саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришиш учун давлат идоралари, нодавлат тузилмалар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириш муҳимдир», дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистонда онкологик касалликларга қарши курашиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилаётгани қайд этилган. Жумладан, президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонда онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш дастури тасдиқланган, онкологик хизматни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад — онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини ошириш.

Бу каби эзгу ишларга «Ezgu amal» фонди ҳам ҳисса қўшиб келмоқда. Биргина 2020 йилда фонд ёрдам сўраб қилинган 10 мингдан зиёд мурожаатни қабул қилди ва кўриб чиқди. 102 оила ҳомийлардан моддий ёрдам, 2100 оила тўғридан тўғри моддий ёрдам, 3 мингдан ортиқ оила COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин даврида озиқ-овқат тўпламлари ва тиббиёт буюмлари кўринишида ёрдам олди. Бундан ташқари, 228 кишига дори препаратлари, тиббий хизматларга ва авиачипталарга тўлов кўринишида кўмак кўрсатилди. Кам таъминланган оилаларнинг 3 мингдан зиёд болалари фонд ёрдамида ҳомийлардан совғалар олди. Умуман, ўтган йил давомида 28та хайрия акцияси ўтказилиб, 8 428 оила қўллаб-қувватланган.

«Афсуски, онкологик ва гемотологик (қон) касалликларига чалинган аҳолига кўмак кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш дастурининг барча бандлари амалга оширилмаган, онкологик хизмат кўрсатишда бир қатор муаммолар ҳамон мавжуд. Биз саратонни енгиб ўтган инсонлар ҳақида ҳикоя қилиб, касалликни ўз вақтида скрининг қилиш ва эрта ташхис қўйиш заруратини долзарб муаммо сифатида кўтариб чиқамиз. Бу ёмон оқибатларнинг олдини олиши ва даволаш самарасини бериши мумкин. Шу сабабли, кенг жамоатчилик фойдаланиши учун замонавий диагностика ускуналарига ва скрининг қилишнинг ягона тизимини яратишга эҳтиёж бор. Бундан ташқари, хайрия марафони давомида касалликни енгиб чиққан инсонлар ҳикоялари саратон билан курашаётган оилалар учун ғалаба сари мотивация беради, деб умид қиламиз», дейди «Ezgu amal» фондининг васийлик кенгаши раиси Мунира Ходжахонова.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда мамлакатимизда 884 нафар болада хавфли ўсма касаллиги, 402 нафар болада гемотологик касалликлар бирламчи қайд этилган. 4 505 нафар бола саратон, 2 396 нафар бола қон касалликлари бўйича диспансер ҳисобида туради. Онкологик касалликлар структурасида болалар онкологияси 3,7 фоизни, лейкозлар 19,1 фоизни, бош мия ва орқа мия ўсмалари 17,5 фоизни, буйрак ўсмалари 7,6 фоизни, суяк, бўғим хавфли ўсмалари 5,6 фоизни ташкил этади.

Ўтган вақт давомида давлат томонидан кимё препаратлари учун 5,5 млн АҚШ доллари, қон касалликлари беморларини даволаш учун 23,8 млрд сўм маблағ ажратилди. Натижада дори-дармон билан таъминлашда маълум бир ютуқларга эришилди. Аммо касалликни тўлиқ енгишда бу маблағлар етарли эмаслигини вақт кўрсатмоқда. Демак, вазият онкологик касалликларга қарши курашиш фақатгина давлатнинг иши бўлиб қолмаслиги кераклигини, бунда жамиятнинг ҳам елкасида масъулият борлигини англатади. Жамоат ва халқаро ташкилотларни жалб этиш билан касалликни самарали енгиш мумкин.

«Эзгу амал» хайрия марафони турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олади, жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, мутахассислар, маданият ва бизнес вакиллари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, интервьюлар ва тақдимотлар. Барчаси саратон касаллигига эрта ташхис қўйиш зарурлиги тўғрисида аҳоли хабардорлигини оширишга, республикамизда онкологик хизмат муаммоларини ҳал қилишда жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган. Бу янги ҳомий/ҳамкорларни жалб қилиш орқали хайрия фаолиятини кенгайтириш имкониятини ҳам беради.

Марафонни хайрия концерти якунлайди (9 июнь), унда болаларнинг орзусини амалга оширишга — таниқли санъаткорлар билан бирга саҳнага чиқишга имкон берилади.

Матбуот брифингида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда «Ezgu amal» жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

«Дунёнинг ривожланган мамлакатларида саратонга чалинган беморларнинг омон қолиш даражаси 70-80 фоизни ташкил қилади, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 3-4 бараварга кам. Бу тизимли муаммолар мавжудлигидан дарак беради. 2021 йил февралда президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда онкология соҳасидаги муаммолардан, сўнгги 10-15 йил ичида ушбу йўналишдаги фаолият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан хавотир билдирди.

Жорий йил якунига қадар қарийб 9 млн аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифасини қўйилди. Хайрия марафони «Эзгу амал» фонди билан ҳамкорликдаги ҳаракатларимизнинг «йўл харитаси»да белгиланган вазифалардан биридир. Биз, шунингдек, жойларда масъул идораларни жалб қилган ҳолда, жамоатчилик мониторинглари ва эшитувларини ўтказишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, аниқ статистик маълумотларни олиш, мақсадли молиялаштиришни ташкил этиш, дори воситаларини, тиббий техника ва асбоб-ускуналарни режали харид қилиш, даволаш усулларини таҳлил қилиш ва баҳолаш учун касаллик тарихи ва болалар саратонини рўйхатга олишнинг ягона электрон платформасини яратиш масаласини кўриб чиқамиз», дея қайд этади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

Мавзуга оид