Ўзбекистон | 09:12 / 12.05.2021
59854
4 дақиқада ўқилади

Президент мактабларига кириш имтиҳонлари бўйича батафсил маълумот берилди

Президент мактабларига киришда математика ва инглиз тилидан тест, танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича масалалар берилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Aмирулла Aбдуллаев Президент мактабларига кириш имтиҳонлари қандай ўтказилиши ва имтиҳон тестлари ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, Президент мактабларига кириш имтиҳонлари бир нечта босқичда бўлиб ўтади. Биринчиси, математика фанидан 30та топшириқдан иборат тест шаклида бўлади. 5-синф ўқувчиларига 50 дақиқа, 6-10-синф ўқувчиларига эса 60 дақиқа вақт ажратилади.

Кейинги босқичда танқидий фикрлаш бўйича 16та масала, муаммони ечиш бўйича 24та масала бўлади. Ушбу масалаларни бажариш учун 75 дақиқа вақт ажратилади.

Инглиз тилидан тест эса 5-6-синфлар учун 40та савол, 7-10-синфлар учун 50та саволдан иборат бўлади. Бу йил инглиз тили имтиҳонида «listening» (тинглаш) қисми бўлмайди, болалар матн билан ишлаш ва грамматикадан имтиҳон топширади.

Маълум қилинишича, Президент мактабларига ўқувчиларни саралашда ҳамкор ташкилот бу – Cambridge Assessment. Саволларнинг барчасини Cambridge Assessment тузади. Имтиҳонни ўтказиш ва жавобларни эълон қилиш ҳам Cambridge Assessment зиммасида бўлади.

«Мана, 2019 йил имтиҳонни 4та мактабга ўтказган бўлсак, ҳар битта павильонда унинг сиғимидан қатъи назар, Cambridge Assessment ташкилоти томонидан вакиллар бўлган. Cambridge Assessment вакиллари бизнинг маҳаллий имтиҳон ўтказувчиларни тренинглардан ўтказиб, уларга имтиҳон шароитлари, жараёнларини тушунтириб, назорат қилишган.

Энди шаффофликка келадиган бўлсак, имтиҳон варақалари имтиҳон тугаб бўлганидан сўнг, Cambridge Assessment вакили томонидан санаб олиниб, ўзининг махсус пакетларига жойланиб, имтиҳон павильонларидан Cambridge'га жўнатилади», – деди агентлик директори ўринбосари.

Амирулла Абдуллаевга кўра, Cambridge Assessment Ўзбекистондаги давлат таълим стандарти билан танишган ҳолда тестларни тузган. Танқидий фикрлаш бўйича тузилган тестлар бундан мустасно. Чунки танқидий фикрлаш бўйича ҳеч қаерда аниқ бир йўналиш йўқ.

«Танқидий фикрлашни ривожлантириш учун болаларни қандай тайёрлаш керак, аниқ бир йўналиш борми, деган саволни Cambridge Assessment вакилларига берганмиз. Бу йўналишда аниқ бир мана бу йўналишда кетадиган бўлсангиз, мақсадга эришасиз, деган жавобни ололмадик. Яъни имтиҳон куни боланинг қандай билими бўлса, муаммони қандай ечади, танқидий фикрлашга қандай қарайди, шу нарса текширилади», – деди у.

Aгентлик вакили тест жавобларини нега қалам билан бўяш кераклигига изоҳ берди.

«Ҳар бир ўқувчига савол варақаси билан жавоб варақаси берилади. Жавоб варақасини қалам билан белгилаш керак бўлади. 4-синф битирувчиси 10-11 ёшли бола агар фикрини ўзгартириб, бошқа жавобни ручкада белгилайдиган бўлса, уни машина ўқимайди. Лекин қалам билан белгилаб, нотўғри белгилаганини билиб, ўчириб, бошқа жавобни белгилайдиган бўлса, уни машина ўқийди», – деди у.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларига аризалар онлайн қабул қилинади. Қабул жараёни 5 июндан 25 июнгача давом этади.

Мавзуга оид