Ўзбекистон | 17:38 / 15.05.2021
28409
2 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсининг географик маркази қаерда?

Улуғнор – Андижон вилоятининг энг чекка туманларидан. Ҳудудининг катта қисми бир пайтлар чўл бўлган. Туманнинг Оқтом қишлоғи четида ўтган асрдан ёдгор – зинапоялар устида монумент бор.

Шу ерлик оқсоқолларнинг айтишича, мана шу жой – Фарғона водийсининг географик маркази экан.

Биз бу сўзларга ишониб-ишонмай, мавзу юзасидан Андижон давлат университети профессори, география фанлари номзоди Мўминжон Мамажонов билан суҳбатлашдик.

«Фарғона водийси – Чотқол, Қурама, Фарғона, Олой, Туркистон тоғ тизмалари ўртасида жойлашган. Фарғона водийсида Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод, Баткен вилоятлари; Тожикистоннинг Хўжанд вилояти, Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари маъмурий жиҳатдан жойлашган.

Фарғона водийси 78 минг кв. км майдонни эгаллаб, ғарбдан шарққа 475 км.га, шимолдан жанубга 265 км масофага чўзилган.

Улуғнор тумани «Оқтом» МФЙда жойлашган монумент 1973 йили Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов ҳамда Андижон вилояти обкоми биринчи секретари Бектош Раҳимовлар ташаббуси билан, Фарғона марказий чўлларини ўзлаштиришга ҳисса қўшган пахтакорлар, деҳқонлар, ишчилар, хизматчиларнинг рамзи сифатида ўрнатилган.

Хўш, мана шу чўлнинг ўртасига ўрнатишдан асосий мақсад нима эди? Чунки ўша даврда Шароф Рашидов ва Бектожи Раҳимов Фарғона водийсининг марказини топишган. Фарғона водийсининг маркази деб айтилишининг асосий сабаби – ғарбдан шарққа ва шимолдан жанубга қадар чўзилган масофанинг кесишган нуқтаси, мана шу монумент жойлашган ерни Фарғона водийсининг маркази деб ҳисоблашган.

TLT74QJ_exsBbH_zGbK5X5ggKR5gsodT.jpg (1280×720)

Монумент ўрнатишдан мақсад – унинг тагига гул қўйиш, зиёрат қилиш масканига айлантириш эмас, аҳолига Фарғона водийсининг маркази ҳақида маълумот бериш холос.

Биз турган жойда иккита сув коллектори оқиб ўтади. Уларнинг бири Сариқжўга, иккинчиси эса Қоражўга деб аталади. Мана шу иккала жўга марказий Фарғона чўллари ерости сувларининг сатҳини пасайтиришга хизмат қилади ва ўзларининг сувларини Норин дарёсига қуяди», – дейди Мўминжон Мамажонов.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Жаҳонгир Маҳмудов.

Мавзуга оид