Ўзбекистон | 17:34 / 20.05.2021
14464
1 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида Тошкент шаҳар ИИББ хизмат автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди. 

Қайд этилишича, 16 май куни тахминан соат 04:00ларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида салонида Тошкент шаҳар ИИББ ходими Хуршид Ш. бўлган “Нексия-3” русумли Тошкент шаҳар ИИББ хизмат автомобили (давлат рақами 01 924 VSC) иштирок этган.

Ушбу ҳолат бўйича ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси томонидан ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Прокуратура томонидан содир бўлган ЙТҲ юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, текширув давомида суд-тиббиёт экспертизаси ва бошқа бир қатор экспертизалар тайинланган. 

“Текширув якунига кўра Хуршид Ш.нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳозирда у ўз хизмат вазифаларини бажаришдан четлаштирилган”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид