Иқтисодиёт | 12:17 / 23.05.2021
23622
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда паррандалар сони сезиларли камайди: сабаблар ва кутилмалар

Биринчи чоракда Ўзбекистонда парранда боши 6 миллионга камайди. Тухум нархи эса 3,6 фоизга қимматлаган.

Паррандачилик соҳасига берилган қатор имтиёзларга қарамай, нега бундай бўлмоқда? Kun.uz шу мавзудаги саволлар билан «Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Матёқуб Матёқубов билан боғланди.

Статистика қўмитасига кўра, йил бошида 90 миллион бош парранда бўлган, апрелда эса 84 миллион. Нима сабабдан 3 ой ичида парранда боши 7,1 фоиз ёки 6 миллион бошга камайиб кетди?

— Паррандачиликда тухум йўналишидаги паррандалардан 1-1,5 йил давомида тухум олиш учун фойдаланилади ва улар режали равишда ишлаб чиқариш харитаси (технологик карта) асосида санация қилиниб, ёши ўтган она товуқларни гўшт учун сўйиш ва уларнинг ўрнига янги ёш жўжаларни келтириб, парваришлаш ишлари ташкил этилади. Бу жараёнлар одатда йил бошида режалаштирилиб, бу даврда паррандалар бош сони ўзгариши кузатилади.

Жумладан, жорий йилда 1 январ ҳолатига нисбатан 6 млн бошга ўзгариш (камайиш) кузатилган бўлса, ўтган 2020 йил мос даврида 9,4 млн бошга ўзгариш (камайиш) кузатилганди.

2020 йил 1 апрел ҳолатига паррандалар сони 83,4 млн бошни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига паррандалар сони 84 млн бошни (ўсиш 100,4 фоиз) ташкил этди.

Бугунги кунда республикада йирик паррандачилик корхоналарида санация ишларидан сўнг 8 млн бош ёш жўжалар (1 кунликдан 90 кунгача) парваришланмоқда, бу жўжалар статистик ҳисоботларда қайд этилмайди.

Тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида – 5 фоизга, Сирдарёда – 4 фоизга камайиши ҳисобига ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган. Нима сабабдан тухум ишлаб чиқариш камайди ва айнан нега ушбу вилоятларда?

— Тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичимиз камайган эмас. Паррандани айлантириб боқиш режалаштирилади. Масалан, паррандахоналаримизда 18 килограммгача парранда боқамиз, кейин хона 2-3 ой давомида дезинфекция қилиниши керак. Мавсумий жараёнлар бўлади, камайиш айнан шу даврга тўғри келиб қолган. Тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичи бош сонидан келиб чиқади. Бош сони камайганига нисбатан тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичи пастлаган.

Тухум ишлаб чиқаришнинг камайганига яна бир омил – қишнинг совуқ кунларидир. Парранданинг туғиш ҳарорати 20-22 даража бўлиши керак, қишнинг қаттиқ совуқ кунларида эса ҳарорат пасайгани ҳисобига тухум ишлаб чиқариш камайиб кетади ва бу табиий жараён.

(Маълумот учун, республика паррандачилигининг 45 фоизи паррандачилик хўжаликлари, 55 фоизи аҳолига тўғри келади.)

Тухум нархи республикада 3,6 фоизга ошди. Ваҳоланки, ўтган йилларда соҳага бир қанча имтиёзлар берилган эди.

— Ҳамма нарсанинг баҳоси таннархидан келиб чиқади, унга кетадиган озуқа, қўшимча препарат, коммунал тўловлар ва ойлик-маошлар ҳисобига маҳсулот таннархи ошади. Демоқчиманки, паррандачилик учун зарур 15 хил маҳсулот четдан келади, четда нарх қимматлагани боис тухум нархида ошиш кузатилди.

Солиштирадиган бўлсак, қўшни Қозоғистонда тухумнинг нархи (бизнинг сўмда) 3 минг сўм, Қирғизистонда эса 2 минг сўм, Россияда 2,5 минг сўм.

(2021 йил 19 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон бозорларида 10 дона тухумнинг нархи 8 000-14 000 сўм)

Президентнинг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 ноябригача четдан парранда озуқалари олиб киришга божхона божи имтиёзлари берилганди-ку?

— Шунинг ҳисобига нарх нисбатан барқарор сақланиб турибди.

Соҳада йил охиригача нималар ўзгариши мумкин?

—  2020 йилда жами 7,8 млрд дона истеъмол тухуми ишлаб чиқарилган (аҳоли жон бошига меъёр 208 дона бўлиб, ишлаб чиқарилган тухум 227 донани ташкил этган) бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 8,1 млрд донага (аҳоли жон бошига 236 донага) етказиш (ўсиш 103,8 фоиз) режалаштирилган.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 3та наслчилик хўжаликлари ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу корхоналарда 60 минг бош наслли она товуқ парвариши йўлга қўйилади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид