Жаҳон | 21:28 / 24.05.2021
6606
2 дақиқада ўқилади

Эверестда камида 100 киши коронавирус юқтириб олди

Фото: Prakash Mathema/AFP/Getty Images

Эверестнинг таянч базасида коронавирус билан оммавий касалланиш қайд этилди. Камида 100 киши – алпинистлар ва ёрдамчи ходимлар коронавирусга чалинган. Бу ҳақда Австрия экспедицияси раҳбари Лукас Фуртенбахга таяниб The Guardian нашри хабар берди.

Фуртенбахнинг айтишича, гуруҳидаги 7 кишида коронавирусга тест мусбат чиққандан кейин у ўз экспедициясининг дунёдаги энг баланд тоғга чиқишини тўхтатиб қўйган. Унинг таъкидлашича, барча ҳолатлар ҳисобга олинса, вирусга чалинганлар сони 150–200 нафарни ташкил қилаётган бўлиши мумкин.

Бироқ Непал ҳукумати Эверестда оммавий касалланиш юз берганини расман тан олмаяпти.

Ушбу мавсумда Эверестга кўтарилишга 408 нафар хорижий алпинист рухсат олган. Уларга бир неча юз маҳаллий шерплар ва ёрдамчи ходимлар кўмак кўрсатмоқда. Улар апрел ойидан бери таянч лагерида қолмоқдалар.

 Ҳозирда Эверест жойлашган Непалда вирус рекорд суръатлар билан тарқалмоқда. Маълумотларга кўра, 21 майда мамлакатда 8607та янги касалланиш ҳолати ва 177та ўлим қайд қилинган.

Апрел охирида Эверестда биринчи касалланиш ҳолати қайд қилинган. Ўшанда вирус норвегиялик алпинист Эрленд Нессда аниқланган. У ўзини 6 кун бетоб ҳис қилгандан кейин вертолётда эвакуация қилинган.

Мавзуга оид