Жароҳатлар ва рақобат. Европа чемпионатига бормайдиган юлдузлар термаси
Евро-2020 иштирокчилари бўлган миллий жамоалар мураббийлари якуний таркибларни эълон қилмоқда, турнирда қатнаша олмаслиги аниқ бўлган юлдузларнинг ўзидан бир жамоа тузиш мумкин.
Марк-Андре тер Штеген, Германия
Испания чемпионатининг 37-турида «Сельта»га қарши кечган ўйиндан кейин «Барселона» дарвозабони Марк-Андре тер Штеген Instagram орқали Евро-2020 турнирини ўтказиб юборишини маълум қилди:
«Клуб тиббий штаби билан бирга тиззамда яна бир жарроҳлик амалиёти ўтказишга қарор қилдик. Евро-2020ни ўтказиб юборишим аламли. Кўп йиллардан буён илк марта терма жамоага уйда ўтириб мухлислик қиламан. Умид қиламанки, биз турнирда ғолиб бўламиз! Яна умид қиламанки, янги мавсумда мухлислар қаршисида ўйнаймиз, мен уларни жуда соғиндим! Бу қийин мавсумда қўллаб-қувватлаб турганингиз учун раҳмат, ўзингизни эҳтиёт қилинг!»
Аарон Уан-Биссака, Англия
Аарон Уан-Биссаканинг Англия терма жамоаси билан муносабатлари сўнгги йилларда кўплаб инглиз мухлислари учун сирли бўлиб қолмоқда. «Манчестер Юнайтед»нинг ўнг қанот ҳимоячиси ва ўз позициясида АПЛнинг энг кучли футболчиси миллий жамоа сафида ҳали бирорта ўйинда иштирок этмаган.
Ундан ташқари, Уан-Биссака Гарет Саутгейт даврида бирор марта йиғинларга чақирув олмаган. Бош мураббий Трент Александр-Арнольд, Рис Жеймс, Кайл Уокер ва Киран Триппьер каби футболчиларга ишонч билдириб келади. «Манчестер Юнайтед» футболчиси эса ўз тарихий ватани — Конго Демократик Республикаси учун ўйнаш ҳақида ўйлай бошлаганди. Уан-Биссака Евро-2020 учун таркибга ҳам киритилмади, агар у келажагини Англия терма жамоасида кўраётган бўлса, жамоа турнирда муваффақиятсизликка учраши ва Саутгейтнинг истеъфога чиқарилишини кутиши керак бўлади.
Ҳанс Ҳатебур, Нидерландия
«Аталанта»нинг ўнг қанот ҳимоячиси бўлган Ҳатебур Нидерландия термасида уч йил муқаддам дебют қилган, фақат 2020 йилга келиб таркибдан муқим ўрин эгаллаганди. Ўтган йил кузида миллий жамоанинг 11 ўйинидан саккизтасида Ҳатебур иштирок этган. Ушбу латераль сўнгги йиғинни тўпиқ суягидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборади. Шу сабаб билан у «Аталанта» сафида уч ой ўйнай олмайди. Мавсум охирига келибгина сафга қайтган Ҳатебур Евро-2020 учун чақириқ олмади.
Серхио Рамос ва Дани Карвахаль, Испания
Испания терма жамоасининг заявкаси Мадриднинг «Реал» клубидан бирорта вакил йўқлиги билан барчани ҳайратга солди. «Барселона»нинг собиқ бош мураббийи ҳисобланган, сўнгги йилларда Испания термасига устозлик қилиб келаётган Луис Энрике журналистлар қаршисида бу қарорини изоҳлашга мажбур бўлди.
«Агар Карвахаль ва Рамос тайёр бўлганида, уларни рўйхатга киритган бўлардим. Мен ҳар бир клуб ўз футболчилари терма жамоага чақирилишини исташини тушунаман, клублар тақвим туфайли ҳам футболчиларини чақирмасликни сўрайдиган ҳолатлар бўлади. Бу футболчилар эса жароҳат сабабли таркибда эмас», — деган Луис Энрике.
ОАВдаги хабарларга кўра, якунланган мавсумда жароҳатлар туфайли ўйнай олмаган Рамоснинг ўзи Энрикедан ўзини турнирга олиб кетмасликни сўраган, унинг ўрнига яқинда Испания фуқаролигини олган «Сити» футболчиси Лапорта таркибга жалб этилган.
Карвахаль ҳам «Челси»га қарши биринчи ярим финал ўйинида мушакларини жароҳатлаб олди ва камида июлга қадар сафдан чиқди. Ушбу испаниялик ўтган сафарги Европа чемпионатини ҳам жароҳатлар туфайли ўтказиб юборганди.
Виржийл ван Дейк, Нидерландия
Нидерландия терма жамоаси сардори мавсумни жуда эрта якунлади. АПЛнинг 5-тури доирасида «Эвертон»га қарши кечган мерсисайд дербисининг (2:2) 11-дақиқасида ван Дейк «ирислар» дарвозабони Жордан Пикфорд билан тўқнашади. Пикфорд енгил шикастланиш билан қутулиб қолади, «Ливерпуль»нинг нидерланд ҳимоячисининг эса тизза қисмидаги хочсимон пайлари узилиб кетади. Ван Дейк 17 октябрдан кейин майдонга тушмади ва унинг қайтишини фақат янги мавсумда кутиш мумкин.
Дайо Упамекано, Франция
Германия чемпионатидаги ўйинлари билан кўзга тушгач «Бавария» сафига қўшиб олинган Дайо Упамекано ҳам Евро-2020га бормайди. Ушбу 22 ёшли француз ҳимоячи ўтган йилнинг сентябрида асосий жамоа сафида дебют қилган ва иккинчи ўйинидаёқ гол урганди. Марказий ҳимоя вакили бўлган футболчи Миллатлар лигаси доирасидаги ўйинда Хорватия дарвозасини ишғол қилганди (4:2). Аммо Франция термасида рақобат жуда кучли ва Упамеканонинг позициясида жуда кўп талантлар йиғилган, у Франция U21 билан Европа чемпионатидаги иштирокини чорак финалда якунлади, шу туфайли «Лейпциг»нинг собиқ футболчиси мюнхенликлар базасига мавсумга тайёргарлик кўриш учун барчадан эрта бораверса бўлади.
Тео Эрнандес, Франция
«Реал»га керак бўлмай қолган Тео Эрнандес «Милан»да очилди. Ушбу француз аввалги мавсумда «Милан»ни елкасида олиб юрганди, у яримҳимоячилар ва ҳужумчилардан кўра кўпроқ гол уриб, голларга узатма берди (6+5). Якунланган мавсумда ҳам Эрнандес юқори самарадорлик кўрсаткичини сақлаб қолди (7+6), аммо терма жамоага чақирув олмади. Дидье Дешам Теодан кўра унинг «Бавария»даги акаси Леони ва «Эвертон»дан Люк Динни чақиришни афзал кўрди.
Эдуардо Камавинга, Франция
«Ренн»нинг ушбу 18 ёшли яримҳимоячиси учун иккинчи йилдирки топ-клублар томонидан, айниқса «Реал»дан жиддий қизиқиш сақланиб турибди. Ўтган йил сентябрида Камавинга Миллатлар лигаси доирасида Хорватияга қарши кечган ўйинда (4:2) терма жамоа учун илк ўйинини ўтказганди. Бир ой ўтиб ёш француз Украинага қарши ўртоқлик учрашувида (7:1) чалқанча ҳолатда туриб биринчи голини урди. Мартда Камавинга ёшлар терма жамоасига жалб қилинди. Ҳозир баҳордаги сценарий такрорланди: «Ренн» етакчиси Франция U21 жамоаси учун Европа чемпионатига жалб этилди, асосий жамоа эса унинг ёрдамидан фойдалана олмайди.
Сауль Ньигес, Испания
Саулнинг халқаро майдонда омади чопмаган. Унинг Коке билан тандеми терма жамоада Хави ва Андрес Иньест жуфтлигини алмаштириши мумкин эди, аммо бу икки футболчи мамлакатнинг асосий жамоасига доим ҳам чақирилавермайди. Бу сафар Коке Евро-2020га йўл олмоқда, унинг нисбатан ёшроқ жамоадоши «Атлетико» чемпионлигини нишонлашда давом этиши мумкин.
Жеймс Мэддисон, Англия
Мэддисоннинг Англия терма жамоасига чақирув олмагани футбол ватани бўлган мамлакат терма жамоасидаги рақобатдан дарак беради. У билан бир позицияда Чемпионлар лигаси ғолиби Мэйсон Маунт ва «Астон Вилла» етакчиси Жек Грилиш ўйнайди. «Лестер» ҳавбеки ажойиб мавсум ўтказиб, «гол+пас» тизимида 15 очко жамғарди. Мэддисонга «Манчестер Юнайтед» қизиқиш билдирмоқда, Гарет Саутгейт эса Англия Кубоги соҳиби ўйинларини эътиборсиз қолдирди.
Педру Нету, Португалия
«Вулверҳэмптон» мухлислари 21 ёшли вингер Педру Нетуни жамоанинг якунланган мавсумдаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Ушбу вундеркинд 70 фоиздан ортиқроқ овоз олган. Терма жамоада ҳам Нетунинг муваффақиятларига эътибор қаратишди. У миллий жамоадаги дебютида гол ҳам урди (Андорра устидан 7:0 ҳисобидаги ғалаба қозонилган ўртоқлик учрашиув). Аммо тиззасидаги жароҳат унга Евро-2020га боришга имкон бермади.
Ансу Фати, Испания
Сўнгги йилларда испан футболидаги кашфиётлардан бири бўлган Фати жароҳатлар туфайли Евро-2020га бора олмайди. «Барселона» вингери якунланган мавсумда атиги ўн ўйинда иштирок этиб, 5 гол урди ва 4 голга узатма берди. Испания чемпионатининг 9-турида «Бетис»га қарши ўйин (5:2) танаффусида Роналд Куман Фатини алмаштиришга мажбур бўлди. Кейинроқ ёш футболчи тиззасидан жиддий жароҳатлангани ва мавсумнинг қолган қисмида ўйнай олмаслиги маълум бўлди.
Марко Ройс, Германия
Дортмунднинг «Боруссия» клуби сардори Марко Ройс ўз вақтида Менхенгладбахнинг «Боруссия» клубида бирга ўйнаган жамоадоши тер Штегендан ўрнак олган ҳолда Европа чемпионатига бормаслик қарори ҳақида Instagram орқали маълум қилди. У толиққани ва асосий эътиборини тикланишга қаратмоқчилигини айтиб, турнирга боришдан ўзи бош тортди.
«Қийин ва ҳолдан тойдирувчи, шу билан бирга муваффақиятли кечган мавсумдан кейин Йоахим Лёв билан маслаҳатлашиб, Европа чемпионатига бормаслигим ҳақида қарорга келдик. Бундай қарор қабул қилиш мен учун жуда қийин, чунки мен ҳамиша терма жамоам учун ўйнашни истаб келганман. Аммо тиғиз тақвимда кечган мавсумдан кейин мен тикланиш учун дам олишга қарор қилдим. Мен янги мавсумни янги куч билан бошлаш учун танаффусдан унумли фойдаланмоқчиман. Йогги ва терма жамоамизга Европа чемпионатида муваффақият тилайман. Мен жамоамизга мухлислик қиламан».
Златан Ибраҳимович, Швеция
Мартда «Милан»нинг 39 ёшли ҳужумчиси тўрт йиллик танаффусдан кейин терма жамоага қайтаётганини айтиб швед мухлисларни хурсанд қилганди. Ибраҳимович ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги икки учрашувда иштирок этди. Форвард Грузия(1:0) ва Косово (3:0) термаларига қарши ўйинларда биттадан голли узатмага муаллифлик қилиб, Швециянинг ғалабаларига ҳисса қўшди. Фахрий футболчи Евро-2020га ҳам бормоқчи эди, аммо А Сериянинг 35-турида «Ювентус»га қарши кечган ўйинда (3:0) жароҳат олиб, мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Ва бошқалар
Германияда Йоахим Лёвнинг чақирувини кутиб тоқати тоқ бўлган Жером Боатенг фаолиятини якунлаган, Хорватияда Иван Ракитич билан ҳам шундай, Англиядаги рақобат туфайли «Вест Ҳэм»да кучли мавсум ўтказганига қарамай Жесси Лингард чақирув олмади, Моуриньо даврида «Тоттенҳэм» асосий таркибидан тушиб қолган Деле Аллида эса ўйин амалиёти йўқлиги туфайли имкон йўқ эди, «Бёрнли»да ажойиб мавсум ўтказган ва сейвлар сонига кўра (77 фоиз) АПЛда энг яхши дарвозабон бўлган Ник Поуп эса тиззасидан жароҳат олиб, турнирдан қолиб кетди.
Шунингдек, жароҳатлар туфайли Венгрия терма жамоасининг асосий юлдузи Доминик Собослаи («Лейпциг») ва франциялик ҳимоячи Ферлан Менди («Реал») турнирга бора олмайди.
Мавзуга оид
21:14 / 14.07.2021
Еврода ўзини кўрсатган футболчилар. Улар энди топ-клубларда пайдо бўлиши мумкин
15:57 / 13.07.2021
Евро-2020 якунлари. Ким тезроқ, чидамлироқ ва аниқроқ?
15:32 / 13.07.2021
Евро-2020 рамзий жамоаси эълон қилинди
17:32 / 12.07.2021