Ўзбекистон | 16:04 / 03.06.2021
14624
3 дақиқада ўқилади

Нодавлат тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш тартиби ўзгарди

«Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга кўра, 2021 йил 1 июлдан бошлаб иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил май ойидаги «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, 2021 йил 1 июлдан бошлаб иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.

Фарҳод Раҳимқулов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мазкур қарорнинг ушбу бандига ойдинлик киритиш мақсадида ССВ Матбуот хизмати вазирликнинг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқуловга мурожаат қилди.

«Бу қарорнинг нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ 12-банди тиббиёт соҳасида кадрлар бандлигини таъминлаш ва тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги танлов имкониятини ошириш бўйича катта қадам бўлди. Аввал нодавлат тиббиёт муассасаларига ишга кириш учун шифокорда малака тоифаси бўлиши талаб этиларди. Бунинг учун камида 5 йил тиббий фаолият билан шуғулланиш лозим эди. Бундан ўз-ўзидан кўринадики, олий ўқув юртини энди тугатган ёш мутахассис хусусий шифохонада иш бошлай олмасди. Давлат тиббиёт муассасаларининг штатлар имконияти ҳам барча битирувчиларни иш билан таъминлашда қийинчилик туғдирар эди.

2021 йил 1 июлдан ушбу мураккабликларга чек қўйиладиган бўлди. Яъни нодавлат тиббиёт муассасаси бирор ёш мутахассиснинг билим ва малакасига ишонч билдириб, уни иш билан таъминламоқчи бўлса, улардан малака тоифаси талаб қилинмайди. Мутахассис иш бошлаганидан сўнг, вақти келганида шу иш жойида ишлаб туриб ҳам малака тоифасини олиши мумкин. Хуллас, энди тиббиёт муассасасининг мулкчилик шакли ёш мутахассисларни ишга қабул қилишга тўсиқ бўла олмайди», дейди мутахассис.

Маълумот учун, президентнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, хусусий тиббиёт ташкилотлари қарийиб 130 йўналишдаги тиббий ихтисосликлар бўйича лицензия олишларига имкон яратилди. Бундан аввал улар атиги 50 турдаги тиббий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эди. 

Айни пайтда мамлакатда 6,5 мингдан зиёд хусусий тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда. 

Шунингдек, «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этишда бино ва иншоотларга белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини халқаро стандартлардан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Мавзуга оид