Ўзбекистон | 08:11 / 03.06.2021
5673
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди

Ҳукумат қарори билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга кўра, кўкрак нишони билан республикада яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва ОАВ вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади. 

Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқилади.

Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси ташкил этилади.

Комиссия томонидан ҳар йили 1 июлга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Шунингдек, қўмита раиси ўз ташаббусига асосан хорижлик ҳамкорлари, чет элдаги турдош ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларини миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин. 

Кўкрак нишони ҳар йили 30 июл – Халқлар дўстлиги куни арафасида тантанали вазиятда топширилади. 

Тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари (980 минг сўм) миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.

Мавзуга оид