Ўзбекистон | 07:12 / 04.06.2021
2638
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида болалар оромгоҳлари 5 июндан ўз фаолиятини бошлайди

Фото: KUN.UZ

2020/2021-ўқув йилининг ёзги таътил даврида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми жорий йилнинг 5 июн кунидан бошланади. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Олимжон Мирбаратов Kun.uz’га маълум қилди.

Ўқувчиларнинг ёзги таътил вақтида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг тўгаракларга жалб этиш мақсадида кундузги болалар оромгоҳлари ва ундаги дам олувчилар сони аниқланди. Режага кўра, вилоятнинг 20 та умумтаълим мактабидаги кундузги болалар оромгоҳида 3000 нафар ва 2 та стационар турдаги оромгоҳда 1600 нафар бола дам олиши белгиланган.   

Мактаблар қошидаги болалар кундузги оромгоҳлари 2 мавсумли бўлиб, жами оромгоҳларга 3000 минг (жами ўқувчиларнинг 5 фоизи) нафар ўқувчи қамраб олиниши режалаштирилган. Жумладан, Боёвут туманида 2 та оромгоҳда 450 нафар, Гулистон туманида 2 та оромгоҳга 250 нафар, Мирзаобод туманида 2 та оромгоҳда 300 нафар, Оқолтин туманида 1 та оромгоҳда 200 нафар, Сайхунобод туманида 2 та оромгоҳда 300 нафар, Сардоба туманида 2 та оромгоҳда 200 нафар, Сирдарё туманида 2 та оромгоҳда 300 нафар, Ховос туманида 2 та оромгоҳда 250 нафар, Гулистон шаҳрида 3 та оромгоҳда 300 нафар, Ширин шаҳрида 1 та оромгоҳда 200 нафар, Янгиер шаҳрида 1 та оромгоҳда 250 нафар бола қамраб олиниши кўзда тутилган.

20 та кундузги оромгоҳда мусиқа, рақс, рассомчилик, қўғирчоқ театри, футбол, волейбол, стол тенниси, бадминтон, компьютер сабоқлари, кутобхонлик тўгаракларидан ташқари, касб-ҳунар, инглиз тили тўгараклари ўз фаолиятини олиб боради. Барча оромгоҳда алоҳида тўгарак хоналари ташкил этилади. 

Оромгоҳларда ташкил этилган кутубхоналар вилоят, туман ва шаҳар ахборот ресурс марказлари томонидан замонавий бадиий адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланди. Бунда 1000 дона бадиий адабиёт, 100 дона рисола ва қўлланма, болалар журналлари, газеталар дам олувчилар ихтиёрига берилади.

Аввалроқ, Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган ўқитувчилар сони маълум қилинган эди.

Мавзуга оид