Спорт | 15:16 / 09.06.2021
7367
8 дақиқада ўқилади

Евро-2020 олдидан: Германия турнирга қай даража тайёр?

Европа чемпионати олдидан фаворитлар ҳақидаги фикрларимизни Германия миллий жамоаси билан давом эттирамиз. Шубҳасиз, немислар доим ўзлари қатнашган ҳар бир мусобақанинг фаворитлари қаторида бўлиб келишган.

Уларга қарши ўйин ўтказиш рақибларни ҳар қачон таҳликага солган ва чуқурроқ ўйлашга мажбур этган. Сўнгги мундиалдаги омадсизликдан сўнг, уларни ҳисобдан чиқарувчилар қаттиқ янглишади. Евро-2020 Йоаҳим Лёвнинг сўнгги турнири бўлгани учун ҳам Германия ғалаба қозониши керак. Бироқ айнан шу жиҳат уларнинг зарарига ишлаб қолиши ҳам мумкин. Хуллас, ушбу мақолада «немис машинаси»нинг кучли ва ожиз жиҳатларига эътиборингизни қаратамиз, уларнинг Европа биринчилигидаги имкониятларини муҳокама қиламиз.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Германия мусобақанинг кўп карра ғолиби ва совриндори саналади. Европа чемпионатида 3 маротаба зафар қучган. Бундай натижа улардан ташқари фақат Испанияда бор. Бироқ немисларда бу титулларга қўшимча 4та жаҳон чемпионлиги ҳам бор.

Улар Россияга амалдаги жаҳон чемпиони ва сўнгги 7та катта турнирнинг барчасида яримфиналгача етиб борган жамоа сифатида борганди: Жаҳон чемпионати, Европа чемпионати ва Конфедерациялар кубоги шулар жумласидан. Бир йил аввал, иккинчи таркиби билан Конфедерациялар кубогини ютиб кетган, саралашдаги барча 10та ўйинда ғалабага эришган олмонларнинг Россиядаги мундиалда бирдан муваффақиятсизликка учраши ҳаммани ҳайратда қолдирди.

Миллатлар лигасининг жорий мавсумидаги ҳолат кўрсатиб қўйдики, Германия миллий жамоаси янгиланишга муҳтож. Нима бўлган тақдирда ҳам, Германиянинг афсонавий мураббийи бўлиб қоладиган Лёв буни тўғри тушунди ва Евро-2020дан сўнг, истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг ўрнига яқин дўсти, узоқ йиллар миллий жамоада унга ассистентлик қилган Ҳанс-Дитер Флик мураббийлик постига келмоқда. Демакки, немис иқтидорлари ўйин услубининг буткул ўзгариб кетишидан хавотирга тушмасалар ҳам бўлаверади. Тактика бироз такомиллашади, умуман Фликнинг тажрибасига ишонган ҳолда мураббий алмашиши уларга ёрдам беришига ишониш мумкин.

Мураббий мавзусига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Келинг, аввало, чизиқлардаги етакчилар билан танишиб чиқамиз.  

Дарвоза: Мануэль Нойер

Нойер учун асосий таркибда ўтказиши мумкин бўлган сўнгги мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Сабаби, унинг рақобатчиси Марк Андре Тер-Штеген кундан-кунга кучайиб бормоқда. Ушбу мусобақа олдидан Марк жамоадошига тўлиқ ва хотиржам ўйнаш имкониятини тақдим этиб, барча учун фойдали йўлни танлади. Мавсум давомида ортга суриб келган тизза операциясини мавсум якунланиши биланоқ амалга оширди. Бу унинг янги мавсум бошигача сафга қайтишига кўмак беради. Германияда эса ҳозирча Нойер бор ва унинг йўқлигини билинтирмасликка ҳаракат қилади.

Бундеслига жорий мавсумида 24та «қуруқ» ўйин ўтказган 35 ёшли кипер турнирни юқори савияда ўтказишга тайёр ҳолатда.

Ҳимоя чизиғи: Жошуа Киммих

Филипп Лам фаолиятини якунлагач, унинг ўрнини асли яримҳимоячи бўлган Киммих муносиб тўлдира олди. Ўнг қанотдаги мазмунли ўйинидан ташқари, у ҳамон дунёнинг энг зўр таянч яримҳимоячиларидан бири ҳисобланади. «Бавария» таркибида ҳам у ва Горецка жамоанинг ҳимоядан чиқиб кетиш жараёнини назорат қилади. Леон рақиб ҳужумини тўхтатишда, уни бузишда беназир бўлса, Киммихнинг биринчи паси мюнхенликлар намойиш этадиган футболнинг асосини ташкил этади.

Жошуада Бундеслига ўтган мавсумида ўтказган 33та учрашувда 14та ассист мавжуд. У таянч зонаси ва ҳимояда тўп тепишини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз...

Яримҳимоя: Серж Гнабри

Қанот яримҳимоячиси фаолияти аввалидаги оғир даврларни матонат билан босиб ўтгани туфайли бугунги кучли даражасига чиқиб олди. Лерой Сане билан «Бавария» қанотларини бўлишиб олган Серж Германия миллий жамоасида ҳам клубидаги ишини давом эттириши мумкин.

Бундеслигада якунланган мавсумда Гнабри 20та беллашувда майдонга тушиб, 15та гол уришга эришди. Самарадорлик масаласи ҳамон энг юқори чўққисида. 25 ёшли футболчининг муайян позицияси мавжуд эмаслиги сабаб гуруҳдаги рақиблар анча қийналиши табиий. Франция ва Португалия каби кучли рақибларга қарши ўйнаш унга фақат мотивация беради.

Ҳужум: Тимо Вернер

Вернернинг «Челси»даги ўйинига қараб унинг салоҳиятига баҳо бериш – Европа чемпионатида Германияга рақиблик қиладиган жамоалар томонидан қилинган энг катта хатога айланиши мумкин. Умуман олганда, лондонликлар таркибида ҳам Тимонинг қиладиган аниқ ишлари борки, уни доимий тартибда майдонга туширдилар. Унга «Ливерпуль»даги Фирмино, деб таъриф берсак тўғри бўлади, назаримда. Вернерга доир рақамларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. У «Лейпциг» таркибида 159та ўйинда 95та гол уриб, Лондонга йўл олди. Бу ердаги илк мавсумида эса барча турнирларда 50та учрашув ўтказиб, 12та гол киритди. Уларнинг атиги 6таси Премьер-лига ҳиссасига тўғри келмоқда. Миллий жамоада шу пайтга қадар 35та ўйинда майдонга тушган форвард 15та голни ҳисобига ёздириб қўйишга эришган.

Мураббий ва унинг тактикаси

Германиялик мутахассис жамоасини 2 марта Европа чемпионати яримфинали, бир бор финалига олиб келди. 2 марта жаҳон чемпионати яримфиналида ўйнади, 2014 йилда мундиал ғолибига айланди. Афсуски, ушбу турнир Лёв учун Германия миллий жамоаси мураббийлигидаги сўнггиси бўлади. Бу ҳақда у олдиндан маълум қилди. Баъзида бу яхши эффект беради. 2013 йилда Юпп Ҳайнкес мавсум якунлангач, мураббийлик фаолиятини тўхтатишини маълум қилиб бўлганди. Якунда, у ва жамоаси клуб тарихидаги илк треблни қўлга киритишга муваффақ бўлади.

2018 йилда Арсен Венгер ҳам Европа лигаси финали ва АПЛ мавсуми якуни аввалидан жамоани тарк этишини эълон қилди. Бунинг ортидан, жамоадаги вазият буткул изидан чиқиб, «Арсенал»ни таниб бўлмай қолди. Шундай экан, бу жиҳат ҳар икки томонга ҳам оғиб кетиши мумкин.

Юрген Клинсманндан сўнг, миллий жамоага бош мураббий этиб тайинланган Йоаҳим 15 йиллик фаолиятида Германия футболида янги саҳифа очди. Даставвал, унинг романтик футболини қораловчилар кўп бўлди. Аммо у немисча аниқлик ва эҳтиёткорликни техник жиҳатдан жозибали футболга қориштириб янги Германияни дунёга кўз-кўз қилди. Бу орқали немислар ўйин томошабоплиги бўйича дунёда довруғ қозонди. Тан олиш лозимки, авлодлар алмашинуви Германияни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Айниқса, қанот ҳимоясидаги футболчилар қолганлардан кўра заифроқ кўринмоқда. Ҳалстенберг ва Клостерманн каби футболчилар ўз клубларида қанчалик катта ўрин тутмасинлар, Европа чемпионатида Германия футболчисидан бошқачароқ даража кутилади.

Вингерлар орқали қарши ҳужум ташкил этиш бугунги Германиянинг асосий кучи бўлиб турибди. Крооснинг олисдан берадиган зарбаларидан рақиблари хушёр бўлишга мажбур. Бу дарвозабонлар учун ҳақиқий синов бўлади.

Рақамлар

Немислар саралаш босқичини 9та ғалаба билан якунлади. Биргина мағлубият Нидерландиядан қабул қилиб олинган. Гуруҳни 1-ўрин билан якунлашди. Якуний саралаш босқичида Лёв шогирдлари 30та гол уриб, 7та тўпни ўз дарвозаларидан олиб чиқишди.

Барча мусобақалардаги сўнгги 10та ўйинда «немис машинаси» у қадар барқарор эмас: 6та ғалаба, 3та дуранг ва 1та мағлубият.

Европа чемпионатида улар «ўлим гуруҳи»дан ўрин олганлар. Бу гуруҳдан чиқишнинг ўзи ҳар бир жамоа учун катта ютуқ бўлади. Ҳа, энг яхши учинчи ўринлар ҳам кейинги босқичга йўл олади. Аммо Германия даражасидаги жамоалар ўзларига энг яхши учинчи ўринларнинг очколарини ҳисоблаб ўтиришни муносиб кўришармикан?!

Оз қолди, барчасини майдонда кўриб оламиз!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид