Жаҳон | 09:58 / 10.06.2021
5765
2 дақиқада ўқилади

Албания парламенти президентга импичмент эълон қилди  

Фото: Reuters

Албания парламенти мамлакат президенти Илир Метага конституцияни бузгани учун импичмент эълон қилди ва уни ўз лавозимидан четлатди. Таъкидланишича, мамлакат тарихида илк бор парламент президентни лавозимидан четлатди.  

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, импичмент эълон қилиш учун 93 депутат овози етарли ҳисобланган. Натижада президентни лавозимидан четлатишни парламентнинг 104 аъзоси қўллаб-қувватлаган.  

Энди президентнинг ўз лавозимидан четлатилиши бўйича якуний қарорни мамлакат конституциявий суди 3 ой ичида чиқариши керак бўлади. 

Импичмент бўйича овоз бериш парламент суриштируви Мета томонидан конституцияга риоя қилинмагани аниқлангандан кейин ўтказилган. Президент 2021 йил апрелдаги парламент сайловларида ҳукмрон Социалистик партияга нисбатан “нохолис муносабатда” бўлганликда айбланмоқда. 

Апрел охирида Социалистик партиядан депутатлар Метага нисбатан тергов ўтказишни талаб қилган. Уларнинг фикрича, президент мамлакатда бeқарорлик ҳамда зўравонлик келтириб чиқаришда ва мухолифат билан яқинлашишда айбдор ҳисобланади. Метанинг ўзи бу суриштирувни танқид қилган, импичментни эса қонунга зид деб атаган. 

52 ёшли Мета 2017 йилда Албания президенти этиб сайланганди. Унинг номзодини парламентнинг 140 депутатидан 87 нафари қўллаб-қувватлаган.  

Албанияда президент асосан расмий маросимларда қатнашади, аммо суд ва ҳарбий соҳада баъзи ваколатларга эга. 

Мавзуга оид