Фото: Тошкентда қурилаётган «Президент кутубхонаси» лойиҳаси
Тошкентдаги Миллий боғ ҳудудида, яқинда бузилган «Наврўз» тўйхонаси ўрнида уч қаватли кутубхона қурилмоқда. Кутубхона лойиҳаси 8 июнь куни президентга тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, бу ерда 3 қаватли кутубхона қурилиб, атрофида яшил ҳудуд барпо этилади.
Бинонинг биринчи қаватида санъат ва ахборот технологиялари, иккинчи қаватда тарих, филология ва динга тааллуқли, учинчи қаватда ижтимоий фанларга оид адабиётлар жамланади.
Расмий релизга кўра, ушбу кутубхона жами 1,5 миллиондан ортиқ китоблар фондини қамраб олади.
Кутубхона қурилишининг қиймати, молиялаштириш манбаси, меъморий лойиҳа муаллифи ва қурилиш билан шуғулланаётган компаниялар номи маълум эмас.
Аввалроқ, бир неча ой олдин таъмирланган «Наврўз» қабуллар уйи кутилмаганда бузиб ташланган, бюджетдан пул сарфлаб таъмирланган бинонинг кўп ўтмай бузилиши эътирозларга сабаб бўлган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров бунга изоҳ бериб, бино чўкканини таъмир пайтида билиш қолишганини айтганди.
Ўшанда шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида, хусусан «Наврўз» тўйхонасининг ўрнига қандай объектлар қурилиши ҳақида маълумот берганди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Миллий боғ ҳудудида қуйидагилар барпо этилади:
- 1,5 млн китоб фондига эга кутубхона;
- Алишер Навоий номидаги ижод мактаби;
- Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси;
- Миллий драма театрнинг янги биноси;
- Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси (япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида).
Ал-Хоразмий ва Ботир Зокиров ҳайкаллари
8 июнь куни президентга Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмийнинг янги ҳайкалини ва унинг атрофида хиёбон барпо этиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Бундан ташқари, президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги нишонланади. Бу сана муносабати билан Тошкент шаҳрида санъаткор ҳайкалини ўрнатиш белгиланган.
Ҳайкал эскизлари Бадиий академия томонидан танлаб олинган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024