Жамият | 22:13 / 10.06.2021
19273
5 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон визаси ҳақида нималар маълум?

UzbekLife хорижий мамлакатларнинг визалари ҳақидаги туркум мақолаларни давом эттиради. Ушбу мақола орқали Ҳиндистон давлати визаси, тури ва уни олиш тартиби ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Фото: Getty Images

Ҳиндистонга виза олишнинг икки хил усули бор: Элчихона орқали ва электрон.

Қуйида ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Ҳиндистон электрон визаси нима?

Ҳиндистон ҳукумати 180 та давлат фуқароларига электрон виза тақдим этади. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Бу паспортингизда штамп бўлмаса ҳам, Ҳиндистонга кира оласиз, дегани. Мазкур янги турдаги виза Ҳиндистон электрон визаси, деб аталади.

Ҳиндистон электрон визаси орқали бешта асосий мақсад – туризм, соғлиқни тиклаш, қисқа муддатли курслар, бизнес ва конференцияларда қатнашиш учун берилади. Буларнинг ҳар бири ўз навбатида субкатегорияларга бўлинади.

Ҳиндистонга кириш учун барча чет эл фуқаролари Ҳиндистон электрон визаси ёки қоғоз визага эга бўлиши керак.

Ҳиндистон электрон визасини олишга рухсат этилган 180 та давлат фуқаролари виза олиш учун Ҳиндистон элчихонасига бориб ўтирмайди. Интернет орқали визага ариза топширилади. Сизга электрон виза чиққач, уни хоҳласангиз мобиль телефонингизда олиб юришингиз ёки қоғоз шаклда чиқариб олишингиз мумкин. Мамлакат чегарасидаги Иммиграция офицери электрон визангиз тизимга киритилган паспорт маълумотларига тўғри келишини ва у сизга тегишли эканини текширади. 

Ҳиндистон ҳукумати томонидан ҳам электрон виза қоғоз нусхадаги визага қараганда маъқул кўрилади. У хавфсиз ва ишончли ҳисобланади.

Ҳиндистон электрон визасининг турлари

Ҳиндистон электрон визасининг умумий бешта тоифаси бор:

  • Сайёҳлик мақсадлари учун “e-Tourist Visa”
  • Бизнес масаласидаги саёҳат учун “thee-Business Visa”
  • Тиббий мақсадлар учун “the e-Medical Visa”
  • Тиббий хизмат кўрсатиш сабаблари учун “the e-Medical Attendant Visa”
  • Конференция мақсади учун “the e-Conference Visa”

Сайёҳлик визаси – туризм, дўстларни кўриш, қариндошларнинг олдига ташриф буюриш, қисқа муддатли йога дастури ва ҳатто бир ойлик волонтёрлик ишлари учун берилади.

Бизнес визаси Ҳиндистонда харидларни амалга ошириш, савдо қилиш, техник/бизнес учрашувларда қатнашиш, саноат/бизнес корхона ташкил этиш, турлар ташкил қилиш, маърузалар ўқиш, аҳолини иш билан банд қилиш, кўргазмалар ёки меҳнат ярмаркаларида қатнашиш, бирор лойиҳада эксперт сифатида иштирок этиш учун берилади.

Тиббий виза қисқа муддат ичида Ҳиндистонда даволаниш учун берилади. Мазкур виза билан бемор умумий ҳисобда мамлакатга 3 марта кириши мумкин. Виза фақатгина беморнинг ўзига берилиб, оила аъзолари тиббий хизмат кўрсатиш визасидан фойдаланади.

Тиббий хизмат кўрсатиш визаси Ҳиндистонга даволаниш мақсадида келаётган беморнинг қариндошига берилади. Одатда бундай виза оладиган оила аъзолар сони иккитадан ошмаслиги керак. Тиббий хизмат кўрсатиш визасини олган шахс беморнинг Ҳиндистондаги даволаниш даврида ёнида бўлиши керак.

Конференция визаси Ҳиндистонга муайян масалани муҳокама қилиш ёки халқаро конференция ва семинарларда қатнашиш учун келадиган шахсларга берилади. Лекин бундай визани олиш учун делегатлар ташкилотчи ёки Ҳиндистон ҳукуматидан семинар/конференцияга олган таклифномасини тақдим этиши лозим. Виза 30 кунгача амал қилади ва мамлакатга бир марта кириш ҳуқуқини беради.

Ҳиндистон электрон визасини олишда нималар сўралади?

Агар Ҳиндистонга электрон виза олиш учун ҳужжат топшираётган бўлсангиз, сиздан қуйидагилар сўралади:

  • Паспорт маълумотларингиз;
  • Манзилингиз;
  • Электрон почта манзилингиз;
  • Дебит/Кредит карта ёки PayPal орқали тўлов
  • Муқаддам судланмаган бўлишингиз.

Ҳиндистон электрон визасининг асосий хусусиятлари:

  • Сайёҳлик визаси билан 1 йилда 180 кунгача мамлакатда қолишингиз мумкин.
  • Сайёҳлик визасининг 30 кунда амал қилиш муддати тугайди дегани Ҳиндистонда 30 кун қоласиз дегани эмас, балки 30 кун ичида Ҳиндистонга киришингиз керак эканини назарда тутади.
  • Ҳиндистон электрон визасини бир турдан бошқа турга ўзгартириб бўлмайди, узайтириб бўлмайди ва бекор қилиб бўлмайди.
  • Паспортингиз Ҳиндистонга қўнганингиздан кейин яна 6 ой давомида амалда бўлиши керак.
  • Васийлар визага ариза тўлдираётганда болаларини қўшмаслиги керак. Ҳиндистонга виза олиш ҳужжатларини ҳамма алоҳида тўлдиради. Оилавий виза ёки гуруҳ визаси деган нарса йўқ.
  • Гарчи электрон виза олсангиз ҳам, паспортингизда мамлакатга кириш/чиқиш штапми босишлари учун 2 та бўш саҳифаси бўлиши керак.

Зиёдахон Ғуломова
UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид