Ўзбекистон | 08:42 / 12.06.2021
5299
2 дақиқада ўқилади

Иккита халқаро конвенция ратификация қилинди

Президент томонидан ХМТ Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги «Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сон Конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенциясини (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун имзоланди.

«Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сон Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун 2021 йил 27 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган.

«Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 18 майда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган.

Ҳужжат Президент томонидан қуйидаги шартлар билан имзоланган:

«Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳаётининг барча соҳаларида бошқалар билан тенг равишда ҳуқуқ лаёқатига эга эканлигини тан олади.

Ўзбекистон Республикаси Конвенция тегишли ҳолатларда ва қонунга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўллаб-қувватлашдан фойдаланишини ҳамда қарорлар қабул қилиш механизмларини алмаштиришни таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муомала лаёқатини чеклашга йўл қўяди деб тушунганлигини маълум қилади.

Конвенциянинг 12-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қарорлар қабул қилишнинг ўрнини босувчи механизмларнинг бекор қилинишини талаб этадиган модда сифатида талқин этилиши мумкин бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси тегишли шароитларда ҳамда лозим даражадаги ва самарали кафолатларга риоя этиш шарти билан ушбу механизмлардан фойдаланишни давом эттириш ҳуқуқини ўзида қолдиради».

Мавзуга оид