Спорт | 23:41 / 13.06.2021
8877
5 дақиқада ўқилади

«Ролан Гаррос»да ғолиблар аниқланди

Профессионал теннисчилар жаҳон рейтинги етакчиси, сербиялик Новак Жокович ва чехиялик теннисчи Барбора Крейчикова 2021 йилги Франция очиқ чемпионати Roland Garros-2021 ғолибларига айланишди.

Фото: Adam Pretty /Getty Images

Жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткаси Новак Жокович «Ролан Гаррос» финалида беш сет давом этган учрашувда грециялик теннисчи Стефанос Циципасни мағлуб этди ва «Катта дубулға» турнирларидаги 19-совринини қўлга киритди. Унинг асосий рақиблари Рафаэл Надал ва Роджер Федерерда 20тадан ғолиблик бор.

Учрашув ҳисоби - 6-7, 2-6, 6-3, 6-2, 6-4.

Кўплаб шарҳловчилар аслида турнир финали мақомига тенг учрашув яримфиналдаёқ бўлиб ўтган деган фикрда эди, Жокович яримфиналда турнирнинг асосий фаворити бўлган Надални енгганди. Надални «грунт кортлар қироли» деб аташади, у «Ролан Гаррос»да 13 бор ғолиб чиққан, у ўз фаолияти мобайнида Парижда бир неча сет ютқазган, холос.

Финалдаги мағлубиятга қарамай, Циципас ва теннис учун қатор сабабларга кўра бу баҳс тарихий бўлди. Биринчидан, Греция вакили илк бор «Катта дубулға» турнирлари финалида ўйнади.

22 ёшли Циципас Энде Маррей давридан буён «Катта дубулға» финалида ўйнаган энг ёш теннисчи бўлди - англиялик теннисчи бу мақомга эришганида 23 ёшда эди, ўшанда у 2010 йили Australian Open финалига чиққанди.

Шунингдек, Надалнинг серияси якунланиши кутилмаган ҳол бўлди - у Париж грунтларида жами 13 бор ғолиб чиққанидан ташқари, 2017 йилдан буён узлуксиз чемпион бўлиб келаётганди.

Стефанос Циципас бунгача икки марта «Катта дубулға» турнирларида яримфиналгача етиб борган (икки сафар ҳам Australian Open турнирида) ва икки сафар ҳам ютқазган: 2019 йилда у Рафаэл Надалга, 2021 йилда - Даниил Медведевга.

У Жоковичга қарши 9 ўйиндан учтасида ғолиб бўлган, шу туфайли сербиялик теннисчини финал арафасида яққол фаворит деб бўлмасди. Лекин грециялик теннисчи мураккаб қопламали деб ҳисобланувчи грунт кортларда бирор марта ғолиб чиқмаган.

Воқеалар ривожи
Циципас дастлабки икки сетда устун келди: биринчи сет тай-брейкка олиб борилди, иккинчисида осон ғалабага эришилди - 6-2. Аммо кейин Жокович камбэк амалга ошириб, кейинги икки партияда ғалаба қозонди.

Кўпчилик буни кутмаган бўлса-да, учрашув тақдири бешинчи сетда ҳал бўлди.

Ушбу баҳсдаги бурилиш нуқтаси бешинчи сетнинг учинчи геймида рўй берди, бу геймдаги шиддатли кураш Жокович фойдасига ҳал бўлди. Сет давомида грециялик теннисчи рақиб бошлаган ғолиб бўлиб брейк амалга ошира олмади ва бу якунда унинг мағлубиятига олиб келди.

Матчдан олдин кўплаб теннис ихлосмандлари, айниқса Надалнинг мағлубиятидан аламзада бўлганлар бу ўйинда барчаси Жоковичнинг режаси бўйича кетмаса, у албатта тиббий  таймаут олишини тусмол қилишганди. Сербиялик теннисчи ҳақида рақибнинг ўйини чиқаётган вақтларда танаффус қилиб, темпни бузувчи теннисчи репутацияси шаклланган.

Бу баҳсда ҳам кортга шифокорлар тушишига тўғри келди, аммо улар бу сафар Стефанос Циципасга керак эди. Баҳс учинчи сетдан кейин тўхтатилди, бу вазиятда грециялик теннисчи қаттиқ йиқилиб тушганди.

Новак ҳам учрашув давомида кортга йиқилди, бундай ҳолатлар у билан ҳар қандай қопламали кортларда бўлиб туради.

Умуман олганда, Филипп Шатри кортида - Франция очиқ чемпионатининг асосий кортида - қарийб пандемия давригача бўлган муҳит ҳукмронлик қилди. Франция ҳукумати карантин чораларини юмшатгани туфайли мухлислар ташрифига рухсат берилганди, лекин трибуналар тўлиқ тўлдирилиши тақиқланганди.

12 июнь куни аёллар ўртасидаги баҳсларда чехиялик теннисчи Барбора Крейчикова зафар қучганди. Чехия вакили финалда россиялик Анастасия Павлюченкова билан беллашиб, учрашувни 6:1, 2:6, 6:4 ҳисобида ўз фойдасига якунлай олди.

Крейчикова фаолиятида биринчи марта «Катта дубулға»га кирувчи мусобақада зафар қучди. Бунгача унинг ҳисобида WTA томонидан ўтказилган бир мусобақадагина қўлга киритилган ғалаба бор эди. Бундан ташқари, Крейчикова Франция очиқ чемпионатида ғалаба қозонган биринчи чехиялик аёл теннисчи бўлди.

 

Крейчикова муқаддам жуфтлик баҳсларидаги иштироки туфайли жаҳон рейтингининг биринчи поғонасидан ўрин олган, у яккалик баҳсларида «Катта дубулға» турнирларида атиги беш бор иштирок этган ва жорий турнирга сараланган теннисчилар қаторида ҳам эмасди, унинг финалдаги рақиби Павлюченкова эса турнирга 31-рақамли теннисчи сифатида ташриф буюрганди.

Энди Барбора Крейчиковада жуфтлик баҳсларида ҳам ғолиб чиқиш имконияти мавжуд: у финалда Катерина Синякова билан ўйнайди.

«Ролан Гаррос»да бир вақтнинг ўзида ҳам яккалик, ҳам жуфтлик баҳсларида чемпионликка эришган сўнгги спортчи франциялик Мэри Пирс бўлганди - у бундай натижани 2000 йилда қайд этган.

Мавзуга оид