Ўзбекистон | 08:18 / 14.06.2021
2375
2 дақиқада ўқилади

Иштихон деҳқон бозорида озиқ-овқат растаси ёниб кетди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида жойлашган деҳқон бозорида ёнғин рўй берган. Оқибатда озиқ-овқат растасининг бир қисми ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси соат 00:01ларда Иштихон тумани «Қора қўйли» МФЙ, Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Иштихон деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида ёнғин содир бўлган.

Оқибатда тахминан 130—135 м² майдонда жойлашган oзиқ-овқат ва ҳар хил турдаги қандолат маҳсулотлари сотиладиган очиқ савдо растаси ёниб кетган. Савдо растаси том қисмига (тунука қопламали бўлгани сабабли) зарар етмаган.

Қайд этилишича, ўт ўчириш гуруҳи ҳодиса юз берган жойга соат 00:08да етиб бориб, соат 01:35да ёнғин бартараф этилган. Савдо растасининг 450 м² майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Таъкидланишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Иштихон деҳқон бозорида юз берган мазкур ёнғин биринчиси эмас. Бу ерда 2019 йил октябрь ойида ҳам ёнғин содир бўлганди. Шунингдек, 2020 йил 12 ноябрь куни Оқдарё тумани маркази – Лойиш шаҳарчасидаги буюм бозорида 14 та савдо дўкони ёниб кетганди. Бундан ташқари, жорий  йил 24 май куни Ургут деҳқон бозорига туташ 5 та савдо дўкони ёниб кетди.

Мавзуга оид