Жаҳон | 10:27 / 14.06.2021
32723
10 дақиқада ўқилади

Исроилда янги бош вазир ва янги ҳукумат. Нетаняҳу даври расман тугади

Кнессет бир овоз устунлик билан янги коалицияни тасдиқлади. Янги ҳукумат учун 60 депутат овоз берди, 59 нафари қарши чиқди, яна бир депутат бетараф қолди. Шу тариқа, Исроил ҳукуматига 12 йил раҳбарлик қилиб келган Бинямин Нетаняҳу ўз лавозимидан четлатилди. Беннет Кнессетдаги маросимда Исроилнинг 13-бош вазири сифатида қасамёд қилди. 

Фото: Menahem Kahana/Pool/Reuters

Якшанба куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан янги коалицион ҳукумат тасдиқланди ва Бинямин Нетаняҳунинг 12 йиллик бошқарувига чек қўйилди.

Нетаняҳу Исроилни рекорд даражада - 5 муддат давомида бошқарди. Янги ҳукуматни собиқ мудофаа вазири, ўнг қарашларга эга сиёсатчи Нафтали Беннет бошқаради. Унинг кабинети марказчи партия ва унинг раҳбари Яир Лапид билан коалицияда шакллантирилди. Томонлар эришган келишувга кўра, Беннет дастлабки икки йилда бош вазирлик қилади, кейин навбатдаги парламент сайловларигача қолган икки йиллик учун постни Лапидга бўшатиб беради.

Овоз бериш жараёни бошланишидан олдин Беннет кнессет аъзоларига мурожаат қилди. У биринчи навбатда Нетаняҳуга Исроил бошқарувидаги кўп йиллик хизмати учун миннатдорчилик билдирди.

«Ҳамиша ҳам фикримиз бир жойдан чиқмаган, аммо сиз иккингиз Исроил давлатчилиги учун кўп иш қилдингиз», деган Беннет Биби ва унинг рафиқаси Сарага қарата.

Беннетнинг чиқишини «Ликуд» ва Нетаняҳуга мойил бўлган бошқа партиялар депутатлари кўп бор бузиб туришди. Узоқ йиллардан буён Бибининг содиқ иттифоқчилари бўлиб келган икки ўнгчи диний партия вакилларини «овоз бериш жараёнини бузишга уриниш» туфайли йиғилиш залидан чиқариб юборишга тўғри келди.

Беннет ҳар бир авлоднинг ўз чақирувлари бўлиши, ҳар бир авлод учун ўз етакчилари кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Бинямин Нетаняҳу жуда кўп иш қилган, аммо ҳозирда мамлакат мисли кўрилмаган даражада бўлинишга тўқнаш келган.

«Яҳудий халқи тарихидаги бўлинишлар назоратдан чиқиб кетган пайтлар бўлган ва бу бизни катта хавф остида қолдирган», - дея эслайди Беннет.

У янги коалицияни йиғган ва мамлакатда ўзгаришлар учун йўл очган «Йеш атид» партияси етакчиси Яир Лапиднинг хизматларини эътироф этган.

«У катта миллий масъулият, сиёсий сахийлик ва сабр намойиш этди. У бўлмаганида биз бугун бу ерда ўтирмаган бўлардик», дея нутқини якунлаган Нафтали Беннет.

Овоз бериш жараёни бошланишидан олдин Нетаняҳу ҳам кнессетда сўз олган. У Беннетни «сохта ўнгчи» деб атаган, аммо «Ямина» етакчисининг ўзини эмас, сўлчилар ва марказчилар билан келишув тузган партиянинг бошқа аъзоларини ўнгларнинг сиёсий курсига хиёнат қилишда айблаган.

«Мен сизларни бу хавфли сўл ҳукуматга қарши олиб бораман ва худонинг марҳамати билан биз уларни тез орада ағдарамиз», дея ўз сайловчиларига мурожаат қилган Биби.

Шу билан бирга, исроиллик сиёсатчилар ва таҳлилчилар Нетаняҳунинг эпохаси якунланишига Лапидни ҳам, Беннетни ҳам сабабчи сифатида кўришмаяпти. Улар шунчаки 2019 йилда яна бир бор Нетаняҳу билан коалицияга киришдан бош тортган Авигдор Либерман бошлаб берган жараённинг самарасини олишмоқда. Сўнгги йилларда исроилликлар кўп марта сайлов участкаларига боришди ва ҳар сафар сайловлар натижасиз тугади: Нетаняҳу кучли ҳукумат йиғишга муваффақ бўла олмади.

«Агар Либерман бўлмаганида, Нетаняҳу ҳозирда бош вазирлик қароргоҳидан кўчиш учун нарсаларини йиғиштирмаётган бўларди», дея ишонч билан ёзади мамлакатдаги энг йирик сиёсий нашрлардан бири бўлмиш Haaretz таҳлилчиси Алон Пинкас.

«Қўрқоқлар коалицияси»ми?
Жума куни коалиция иштирокчилари келишувни имзолашган ва уни Кнессет котибиятига йўллашган, етакчиси Беннет бўлган «Ямина» партияси шу билан «икки ярим йилдан ортиқ вақт давом этган сиёсий инқироз якунлангани» ҳақида эълон қилганди.

71 ёшли Нетаняҳу 23 март куни Исроилда бўлиб ўтган навбатдаги сайловлардан кейин ҳам ҳукумат шакллантира олмади, бу сайлов сўнгги икки йил ичидаги тўртинчиси бўлганди. Янги кабинетда у эндиликда мухолифатчи «Ликуд» партияси етакчиси бўлади. Бу партия ҳамон мамлакатнинг энг нуфузли сиёсий бирлашмаси бўлиб қолмоқда, аммо ҳар сайловда парламентдаги мандатлари сони қисқармоқда.

Нетаняҳу янги ҳукумат тузилишига қаттиқ қаршилик кўрсатиб, уни «фирибгарлар ва таслимчиларнинг хавфли коалицияси» деб атаган ҳамда «тез орада уни ағдариб ташлаш»ни ваъда қилганди. Мамлакатда унинг устидан порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилиш ишлари бўйича суд жараёни давом этмоқда. Унинг ўзи барча айбловларни инкор этиб келади.

Нетаняҳунинг обрўси йилдан йилга тушиб келди: уни «жиноятчилик вазири» деб аташди ва коронавирус туфайли юзага келган инқирозни ҳамда унинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишда тўғри ёндашув танлай олмасликда айблашди.

Нетаняҳу 2019 йил апрелига сайловлар тайинлаган, аммо янги коалицион ҳукумат тузиш учун етарлича қўллаб-қувватловга эга бўлолмаганди. Шундан кейин яна икки сайлов бўлиб ўтди, уларнинг барчаси самарасиз бўлиб чиқди. Учинчи сайловдан кейин янги ҳукумат тузилганди, унда Нетаняҳу ҳокимиятни ўша вақтдаги мухолифат кучлар етакчиси Бенни Ганц билан бўлишишга рози бўлганди. Аммо янги коалиция бюджетни тасдиқлай олмади ва декабрда бу келишув бузилиб, навбатдаги сайловлар ўтказиладиган бўлди.

12 июнь куни кечқурун Нетаняҳунинг бошқаруви даври интиҳоси муносабати билан унинг мухолифатчилари бўлган икки мингга яқин киши унинг Қуддусдаги расмий қароргоҳи олдида тантана қила бошлади. Одамлар қуйидагича ёзувлар битилган плакатларни кўтариб олишганди: «Bye Bye, Bibi, Bye bye», («Хайр, хайр, Биби, хайр, хайр»). Намойишчилар қўшиқлар куйлашди, барабанлар чалишди ва рақсга тушишди.

Янги кабинет қандай бўлади?
Янги альянс таркибига мафкуравий жиҳатдан бир-биридан жиддий фарқ қилувчи партиялар жамланган. Коалиция турли қарашларни ифода этади, ўнгчилардан тортиб («Ямина», «Тиква Хадаша» ва рус тилли яҳудийларнинг «Наш дом Израиль» партияси) марказчилар («Еш Атид» ва «Кахоль-лаван») ҳамда сўлларгача (Лейбористик партия ва «Мерец»), бу ҳам етмаганига «Бирлашган араб рўйхати» номли консерватив ислом партияси ҳам коалицияга кирган. Шунингдек, кабинетда аёл вазирлар сони рекорд даражада кўп бўлиши кутилмоқда - саккиз нафар. Гарчи партия сиёсий қарашларга кўра якдил бўлмаса-да, улар Нетаняҳунинг кўп йиллик бошқарувини якунлаш борасида ҳамфикрдир.

Альянс Исроил ва ҲАМАС ўртасида 11 кун давом этган уруш ва бу уруш туфайли Исроилнинг араблар кўпчилик бўлиб яшайдиган шаҳарларидаги тўқнашувлардан икки ҳафта ўтиб юзага келди.

Партиялар етакчилари ўз мафкураларига риоя этган ҳолда Исроил жамиятидаги бўлинишларни бартараф этиш учун консенсус асосида ишлашга ҳаракатланишни ваъда қилишмоқда. Улар халқаро масалалар борасида радикал қадамлар ташламаслик ва асосан ички ислоҳотларни амалга оширишни режалаштиришган.

Беннет унинг ҳукумати биринчи навбатда келишувга эришиш осон бўлган соҳалар - иқтисодий масалалар ёки коронавирус пандемиясига эътибор қаратишини, нисбатан баҳсли масалалар бир четга суриб турилишини маълум қилган.

«Ҳеч ким ўз мафкурасидан воз кечишига тўғри келмайди, аммо барча ўз орзуларини кейинроққа қолдириб туришига тўғри келади... Биз натижага эришиш имконсиз бўлган баҳсли масалалар билан эмас, ютуққа эришиш мумкин бўлганларига эътибор қаратамиз», деган у.

Шу билан бирга, коалицияга арабларнинг партияси ва сўл яҳудийлар партиялари киргани Исроилнинг фаластинликларга нисбатан сиёсати бўйича зиддиятлар юзага келиши мумкинлигини англатади, масалан, «Ямина» ва бошқа бир ўнгчи партия «Тиква Хадаша» Ғарбий Соҳилда яҳудий манзилгоҳлари сақлаб қолиниши тарафдори ҳисобланади.

Шунингдек, ижтимоий сиёсатда ҳам қийинчиликлар юзага келиши мумкин - айрим партиялар бир жинслилар никоҳига рухсат берилишини ёқлайди, араблар партияси эса бунга қатъиян қарши чиқади.

Беннетни ультрамиллатчи деб ҳам аташади, ўзи эса Бинямин Нетаняҳудан кўра ўнгчи эканини айтади. У Исроил яҳудийларнинг миллий давлати бўлиши кераклигини ҳамда Исроилда Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ҳамда 1967 йилдаги «олти кунлик» урушда исроилликлар томонидан эгаллаб олинган Жўлон тепаликлари учун тарихий ҳуқуқ борлигини таъкидлайди.

Беннетни аввал Нетаняҳунинг издоши ҳисоблашган: 2006-2008 йилларда у Биби аппарати раҳбари бўлган. Аммо кейин улар келишмай қолишган, Беннет «Ликуд»дан кетган ва  «Яҳудийлар уйи»га кириб, 2013 йилда бу партия билан парламентга кирган.

Кейинроқ Беннет 2019 йилгача турли ҳукуматлар даврида вазирлик лавозимларида ишлаган. 2019 йилги сайловларда эса унинг ҳозирги «Ямина» партияси муваффақиятсизликка учраган. Аммо ундан кейинги навбатдан ташқари сайловларда Беннет парламентга қайтишга муваффақ бўлади.

Янги кабинетда 28 вазир ва олти вазир ўринбосари бўлади, бу эса уни Исроил тарихидаги учинчи йирик ҳукуматга айлантиради, Беннетнинг ҳукумати фақат кетаётган ҳукумат (35 вазир) ҳамда Нетаняҳунинг 2009-2013 йиллардаги кабинетидан (30 вазир) ортда қолади.

Исроилда пропорционал сайлов тизими амал қилгани туфайли парламентда бир партия кўпчилик ўринни эгаллаб, мустақил равишда ҳукуматни шакллантириши қийин масала. Ҳукумат Кнессетда кўпчилик овозини олиши керак бўлади, яъни 120 депутатдан камида 61 нафари қўллаб-қувватловига эришиш керак.

Мавзуга оид