Спорт | 11:26 / 16.06.2021
34459
7 дақиқада ўқилади

Абрамов ўн йилга эскирган мураббийми?

Вадим Абрамов бир пайтлар араб жамоалари ҳақида шундай деганди: «Арабларни ютиш қийин эмас. Улар майдонда курашмайдилар, футболни завқ учун ўйнайдилар, агар тўпсиз қолдирсангиз, асабийлаша бошлашади».

Бу гапга қўшилмаслик қийин. Ростан ҳам араб ўлкаларида футболга нисбатан қарашлар сал бошқача. Шунинг учун ҳам ёшликда жуда истеъдодли саналган араб юлдузларни якунда Европанинг кучли жамоаларида кўрмаймиз. Улар учун футбол кичик бир завқ, шу холос.

Энди бунга ҳозирги ҳолатни, яъни Саудия Арабистони кейинги босқич масаласини аллақачон ҳал қилгани, ҳатто мағлубиятга учраса ҳам, ҳеч нарса йўқотмасликлари, умуман дуранг ҳисоби уларни ҳам, бизни ҳам бутунлай қониқтирганини қўшинг. Майдонга шунчаки, футбол ўйнаш учун чиққан, мотивациясиз араб жамоасига айланади саудияликлар, тўғрими?

Бу вазиятда ақлли мураббий, умуман, ақлсиз бўлса-да, мураббий нима қилади?

Тўппа-тўғри, имкон қадар рақибга ўйин бермаслик йўлини қидиради. Бироз босим, бироз шиддат, бироз қўполлик, бироз кўпроқ югуриб, арабларнинг тўпни қабул қилиши, тўп узатиши, умуман тўпни назорат қилишини қийинлаштирасиз, тамом. Футболни ўйин эмас, курашга айлантирасиз. Беш дақиқа, ўн беш дақида, ярим соатда Саудия Арабистони футбол ўйнагиси келмай қолади, ўз-ўзидан ўйин темпи тушади. Айни муддао. Буни ўйлаб топиш учун Абрамов ўта кучли мураббий бўлиши шарт эмас, шунчаки, ўзининг эски конспектларини ўқиб кўрса, кифоя эди.

Биз нима қилдик? Билмадим, Абрамов бир неча кун олдиндан сўнгги турда фақат ғалаба учун тушишини тахмин қилиб, бир қанча сюрпризлар тайёрлаган ва сўнг, бундан воз кеча олмадими, ишқилиб, биз Саудия Арабистони йирик ҳисобда ғалаба қозониши учун энг зўр шароитни тақдим этиб бердик. Биз уларга маза қилиб футбол ўйнаш учун ажойиб шароит тақдим этиб бердик. Марказий ҳимояда бутунлай янги тандем, Вигиз Галиулиннинг асосий таркибда пайдо бўлиши, Машариповнинг позицияси билан эксперимент. Нима учун? Ахир Саудия Арабистони бизни ютиш учун бир неча кундан бери тайёрланиб чиқмаганки, уларни кутилмаган юришлар билан ҳайрон қолдирсак? Бу ўзгаришлар кўпроқ ўз футболчиларимизни чалғитиб, салгина пайдо бўлган боғламларни ҳам йўққа чиқариб юбормадими?

Аҳмедовнинг ҳимояга «қайтгани» энди алоҳида масала. У ўн йил олдин Қатарда шундай позицияда тўп сурган, кейинчалик айнан Саудия Арабистони билан Тошкентдаги ўйинда Абрамов шу фикрга яна бир қайтиб кўрганди. Самарасиз.

Биласизми, ўн йил олдин бу юриш қайсидир маънода, айниқса, савия жиҳатидан пастроқ жамоаларга қарши иш берган. Асосийси, бу қарор футболнинг ўша пайтлардаги замонавий тенденцияларига ҳам мос келганди. Маълумки, аср бошларига қадар, футболда нафақат марказий ҳимоя, балки таянч зонаси ҳам бузғунчилик билан шуғулланар, «билд-ап», яъни ҳужумни бошлаш олдинги чизиқнинг вазифаси эди. Мураббийлар тўпни майдон марказига қандай етказиб бориш ҳақида кўп бош қотиришмас, асосий масала ундан кейин бошланарди. Тўпни марказга етказиш кўпинча, узун паслар, кураш зоналарига тўп узатиш билан таваккал қилинарди.

Макелеле, Сенна, кейинчалик, Бускетс каби футболчилар таянч яримҳимоячиларининг янги функцияларини футболга олиб кирдилар. Энди «билд-ап» сал орқароққа кўчди, марказда дастлабки пасни берадиган, майдонни яхши кўриб, ўйинни ва тўпни бошқара оладиган марказий ҳимоячиларга талаб кучайди. Шунчаки, курашувчан ва ҳаракатчан футболчилар билан марказни тўлдиришнинг самараси бўлмай қолди.

Абрамовнинг 2011 йилда ҳимоя марказида Одил Аҳмедовдан фойдаланиши унданам кейинги босқичнинг бошланишига тўғри келган, яъни энди, «билд-ап» янада орқага, ҳимоя марказига кўчаётган даврга тўғри келганди. Европада ҳам мураббийлар ҳимоя марказида тез-тез яримҳимоячиларни қўя бошладилар, фақат бу кўпинча, муайян вазиятларда рўй берарди. Масалан, ютқазаётган жамоа ҳужумкорликни оширмоқчи бўлса, ортиқча марказий ҳимоячи ўрнига ҳужумчи туширади, ҳимоядаги вазифа эса таянч яримҳимоячисига юклатилади. Шу тариқа, қўлга киритиладиган устунлик кейинчалик тенденция сифатида футболга кириб келиши аниқ эди. Шундай бўлди ҳам.

Энди, тўпни назорат қила оладиган, пас техникаси юқори бўлган марказий ҳимоячилар қадрланди, табиийки, тарбиялана бошланди. Марказий ҳимоячиларга бўлган талаблар ўзгарди, табиий равишда уларнинг машғулот мазмуни ҳам, майдондаги функциялари ҳам бутунлай ўзгариб кетди. Энди нафақат топ-клубларда, балки ўртача Европа клуби ҳимоя марказида ҳам, айтайлик, Каррагер ёки Смоллинг каби ҳимоячиларни кўрмайсиз. Яхши марказий ҳимоячилар олдинги чизиқлардаги ижрочилардан ҳам қимматроққа баҳоланмоқда.

Хуллас, Аҳмедовнинг ҳимоя марказида ўйнаши 2021 йил учун жуда ёмон таассуротни пайдо қилмоқда. Бу нима дегани, Суперлигамизда, умуман Ўзбекистонда айнан юқорида айтилган талаблар асосида, замонавий марказий ҳимоячи ролига мос бўлган футболчи йўқми? Ёки Абрамов ростан ҳам ўн йилга эскирган мураббийми?

Биринчи вариантга ишонгим келмайди, иккинчи вариант эса... Миллий жамоадан тўққиз йил олдин истеъфога чиққанидан бери, бирор клубда бирор қизиқарли лойиҳани якунига етказмаган, бирор натижага эриша олмаган мураббий миллий жамоани янги босқичга кўтара олармиди, билмадим...

Ҳа, Фаластинга бошқа мураббий ютқазган. Саудия Арабистонига икки марта ютқазиш, балки у қадар катта фожиа эмасдир. Аммо кеча дуранг ўйнаш жуда реал вазифа бўлиб турганда, рақибга умуман ҳеч нарса таклиф этмаслик, курашиш лаёқатини умуман намойиш этмаслик, бунинг устига яна аллақандай тушунарсиз тажрибалар натижасида, жамоанинг аслидан ҳам кучсизроқ бўлиб қолиши, табиийки, мураббийнинг малакасига ҳавола.

Ҳа, футболга катта пуллар сарфланяпти, футболда коррупция бор, келишилган ўйинлар, болалар футболи ва ҳоказо. Ҳар тўрт йилда такрорланадиган бу сўзлар ҳар тўрт йилда эмас, ҳар доим, ҳатто жаҳон чемпионатига чиқаётган пайтимизда ҳам айтилиши керак бўлган гаплар. Кеча эса, конкрет футболчилар ва конкрет мураббий конкрет вазифани амалга ошира олишмади.

Кейинги жаҳон чемпионатидан иштирокчилар сони 48та бўлади. Жаҳон чемпионатига чиқишимиз осонроқ бўладими шунда? Йўқ. Бешта йўлланманинг бешинчисини олиш ҳам, саккиз йўлланмадан саккизинчисига илиниш ҳам, аслида бир хил қийинликдаги вазифа. Вазифанинг уддаланиши барибир тўғри қарор, тўғри муносабатни талаб қилади.

Усиз барибир поездга кечга қолаверамиз. Машҳур латифадаги каби, икки соат кечга қоламизми, бир соатми, фарқи йўқ.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид