Спорт | 22:14 / 20.06.2021
27584
4 дақиқада ўқилади

«Насаф»да нима гаплар? Рўзиқул Бердиев билан суҳбат

Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2022 саралашидаги муваффақиятсизлиги кўпчилик мухлисларни ранжитди, футболимиз жуда ёмон ҳолатга тушиб қолганидан одамлар хафа бўлди. Бироқ Tribuna.uz олдинроқ ўзбек футболидаги хурсанд бўлишга арзигулик бир жиҳат (балки энг асосийсидир) ҳақида кўрсатув суратга олган эди.

#FootWeek'нинг янги сонини суратга олиш учун Қаршида бўлдик. Ҳаво 50 даражагача кўтарилган иссиқда Қаршига боришни тасаввур қилаверинг. Лекин икки нарса сафар давомида иссиқдан қийналмаслигимизга ёрдамчи бўлди. Аввало машина учун совутгич ихтиро қилган одам. Унинг кимлигини эслолмадик, ким бўлса ҳам барака топсин. Ундан кейин борган еримиз Қаршининг ўртасида бўлса ҳам баҳаво эди.

Ҳа, «Насаф» клубининг Қаршидаги базаси дарахтзор ичида жойлашган ва жуда баҳаво эди. Бундай шароитда шуғулланадиган йигитларнинг ўйинлари нега яхши эканини тушунгандек ҳам бўлдик. Клуб базаси билан клуб мураббийи ва бугунги қаҳрамонимиз Рўзиқул Бердиевнинг ўзи таништириб чиқди. Бир нарсани эътироф этиш керакки, мураббийнинг «Насаф»даги авторитетини кўриб яхши маънода ҳайрон қолдик. Барча футболчилар мураббийни қаттиқ ҳурмат қилишаркан.

Рўзиқул Бердиев «Насаф»нинг ОФК кубогидаги ўйинларидан кўнгли тўлганини, бўлажак рақибни ҳам ўрганаётганини айтди. Мураббийнинг фикрича, ОЧЛ ҳамда ОФК кубоги ўртасида фарқ катта. Шундай бўлса-да, мураббий Қарши клуби мусобақага минтақадаги жамоалардан кучли эканини кўрсатиш мақсадида борганини айтди. Бердиевнинг айтишича, «Насаф» ОФК кубоги орқали ОЧЛга чиқишга ҳаракат қилади.

Бердиев ўз жамоасидан қайси футболчининг кетиши оғир бўлганини гапирар экан Драган Черанни алоҳида таъкидлади. «Черанни олиб келганда унинг атрофида жамоа тузишни мақсад қилгандик. Уни ёшлар ҳам алоҳида ҳурмат қилишарди. Марко ҳам ҳозирги етакчимиз, лекин Черан берган нарсани бошқа футболчилар беролмайди», дейди Бердиев.

Мураббий жамоадан доимий футболчиларнинг кетиши ҳақида гапириб, бундан унчалик хурсанд бўлмаслигини, шунингдек, футболчилар текинга кетиб қолаётганидан хафа бўлишини айтди. «Футболчининг савдосидан пул ишлаш керак. Чунки клуб ривожланиши учун пул зарур. Ўтган йил 6 ойлаб маош олмадик, футболчилар ўзи хоҳлаган шартнома ололмади. Молиявий барқарорлик жуда муҳим. Ҳозир ҳаммаси изига тушмоқда, шартномалар янгиланяпти», дейди мураббий.

«Воҳа Фергюсони»

Рўзиқул Бердиевга уни сэр Алекс Фергюсонга ўхшатишимизни айтдик. Мураббий бунга шундай жавоб берди: «Фергюсонга ўхшатиб, бироз ошириб юбордингиз деб ўйлайман. Мени клубда ушлаб турган нарса шуки, менга бу ерда ҳамма шароит яратилган. Албатта, клублардан таклиф бўлади, ҳозир ҳам таклифлар бор. Менга бошқа клублар молиявий ва мақсад жиҳатдан яхшироқ таклиф бўлган, лекин менга керак шароит «Насаф»да бор. Мураббийга нима керак? Яхши майдон, яхши таъминот, футболчиларнинг базада яшаши. Бу ишимга енгиллик беради».

Бердиев Ўзбекистон миллий жамоасида ишлаши ҳақидаги саволга жавоб берди. Мураббий бир ҳафта миллий жамоани бошқарганини шундай эслади: «Ўшанда менга битта ўйинга жамоани тайёрлайсиз дейишди ва хорижлик мураббий олиб келинишини тушунтиришди. Менга саралашда қатнашган футболчиларни, легионерларни ҳам чақирмасликни айтишди. Шунчалик бўлдики, бизни ҳеч ким кутиб ҳам олмаган. Ўзим билан бирга борган маъмурга макет (тактика тушунтириладиган нарса) олиб келдингизми, тактикани тушунтиришим керак, десам, шу ҳам йўқ. Бу нарсалардан хафа бўлганим ҳам йўқ тўғриси».

Бердиев «Насаф» билан охиригача ишлайсизми, деб берилган саволга шундай жавоб берди: «Мен иш жойини ўзгартиришни жуда хоҳлайдиган мураббий эмасман. Мураббий учун асосийси ишонч. Агар менга ишонишса, охиригача «Насаф»да ишлашга тайёрман».

Бобур Акмалов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж усталари – Отахон Юсупов, Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид