Жамият | 10:00 / 29.06.2021
31609
8 дақиқада ўқилади

«Маҳкума». Фарзанди қамоқда туғилган аёл ҳикояси

Меҳр деганда кўпчилик онасини эслайди. Аксаримиз она меҳри билан униб-ўсамиз. Афсуски, ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этмаган. Меҳрсизлик кўпларни ёмон йўлга киритиб қўйиши, ҳаёт завқини туймаслигига сабаб бўлиши мумкин. «Маҳкума» лойиҳасини бошлаганимиздан бери бир хулосага келдим: аёлларни жиноят кўчасига етаклаган асосий омил меҳрсизликдир. Ишонинг, уларнинг кўпчилиги меҳр кўрмай ўсган.

«Маҳкума»нинг олтинчи сони учун танлаган қаҳрамонимиз ҳам яқинлар меҳрини ҳис қилмай ўсди, меҳрсизлик ичида яшади. Ҳозир эса тўрт девор ичида фарзанди билан ҳаёт кечирмоқда. Келинг, унинг тақдир ҳикоясига қулоқ тутамиз...

«Елкадошинг бўлмаса қийин экан..»

«1992 йил Наманган шаҳрида туғилганман. Ўртаҳол оиладанман. Акам, мен ва синглим бор. 2007 йил онам вафот этди. Дадам бошқа аёлга уйланган. 16 ёшимда турмуш қуриб, икки фарзандли бўлдим. Олти йил яшаб, турли оилавий муаммолар сабаб ажрашдим. Фарзандларим ҳозир дадаси билан бирга яшашади. Кейин иккинчи марта оила қурдим. Қамоқхонада туғилган фарзандим иккинчи турмушимдан. У билан расман ажрашмадик, лекин орадаги муносабат узилган, ҳозир ўз оиласи бор.

2016 йил ажрашганимдан кейин ота уйимга қайтдим. Тўғриси, отамнинг уйига сиғмай, чиқиб кетдим. 4 йил ўзим ижарада яшадим. У пайтда болаларим эрим билан бирга эди. 2018 йилда яна қиз фарзандли бўлдим. Елкадоши, ёрдам берувчиси бўлмаса, аёл кишига қийин. Ижарада қўлимда бола билан қийналганман. Ҳаётнинг оғирликларига чидолмай, жиноят кўчасига кириб қолдим.

Учинчи фарзандим, 2018 йил туғилган қизимни 13 йил фарзанд кўролмаган оилага бердим. Қизимни туғуруқхонадан олиб чиқаётганда, турмуш ўртоғим фарзандимнинг биологик отаси эмаслигини айтиб, ёзиб берган. У бу ишларга ҳеч қандай қаршилик қилмаган.

Ўша вақт ошхонада официант бўлиб ишлардим. Биринчи турмуш ўртоғим билан расман ажрашмаганим учун ёлғиз она сифатида боламнинг туғилгани ҳақидаги гувоҳномасини беришмаган. Шу сабаб ошпазимиз қизимни ўз номига расмийлаштирди ва чақалоқни туғуруқхонадан олиб чиқдик. 3 ойдан кейин боламни ўз қарамоғига олган оила ички ишларга устимдан арз қилган. Чунки ўртада турган одам улардан пул талаб қилган. Шунинг ортидан жавобгарликка тортилдим».

«Синов муддати вақтида хорижга чиқиб қўйдим»

«2019 йил март ойида мени 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқди. 57-модда билан жазо енгиллаштирилди ва 3 йил озодликни чеклаш жазоси кўринишида имконият беришди. Лекин барибир аёл киши ожиза экан, синов муддати чекловини бузиб, хорижга чиқиб қўйдим. Ўз айбимга иқрор бўлиб бордим. 2020 йил 17 февралда менга тайинланган жазо 5 йил қамоқхонада ўташ тартиби билан ўзгартирилди. 2020 йил июнида Зангиотадаги аёллар колониясига олиб келишди.

2020 йил 22 октябрда фарзандли бўлдим. Бу ерда шароит яхши, аммо оддий кулба бўлса ҳам, ўз уйингиз яхши-да... Эрким ўз қўлимда бўлган вақтда озодликнинг қадрига етмагандим, бу ерга келгач, ҳаммаси ўзгарди. Яқинларимдан узилиб қолганимни ҳис қилганман. Намангандаги қамоқхонадан шу ерга келганимда, махсус форма беришди. Болам туғилганида менга ўхшаган форма кийса керак, деб қўрққанман. Йўқ, ундай бўлмади. Колониядаги болалар уйига жойлаштирилган боламга тарбиячилар яхши қарашади.

Болам 5 ойлик бўлгунича дадамнинг телефон рақамларини тополмай юрдим. Амаким билан гаплашиб турдим. Амаким дадамнинг рақамини берди, лекин қўнғироқ қилишга ботинолмадим. Нимадан гап бошлашни билмасдим. Лекин охири гаплашдим. Яхши қабул қилди. Дадам бу ерга келмади, амаким ҳар икки ойда бир келиб, хабар олиб туради».

«Ҳаётнинг аччиғига чидолмадим»

«Турмуш ўртоғим билан алоқамиз узилиб кетган. Болаларим ҳам хабар олгани келишмайди. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Фарзандларимнинг қадрига етмадим. Ҳаётнинг аччиқликларига чидолмадим. Балки эрта турмуш қурганим учун кўп нарсанинг қадрига етмагандирман. Ҳаётнинг паст-баландини кеч тушуниб етдим. Бу ердаги ҳаёт ҳаммасидан ҳам кўра сабрли, иродали бўлишни ўргатди. Биз ниманидир қўлдан бой берсак, унинг қадрига ета бошлаймиз.

Фарзандимнинг кўзига қараганимда йиғлагим келади, лекин болам сиқилганимни кўрмасин, дейман. Яхши оила бекаси бўлишни, дадамнинг хизматини қилишни, яхши фарзанд тарбиялашни орзу қиламан. Бу ердан чиқсам, биринчи бўлиб дадамнинг олдига бориб кечирим сўрайман».

«Болалик гаштини сурмаганман»

«Болалигим оғир ўтган. Болалик гаштини сурмаганман. Онам касал бўлиб тўшакка ётиб қолганди, биз уларга қарардик. Дадам уста, рўзғоримиз зўрға ўтарди. Акам эрка бўлиб ўсди. Кучга тўлган пайтидаям ишламасди. Ўзим ишлаб, оиламга ёрдам беришга ҳаракат қилардим, мактабда кўп дарсларга боролмай қолганман. Ўзига тинч кўшниларнинг ишларини қилиб, рўзғорга у-бу нарса олиб кирардик.

Дадам Тошкентдан нарса олиб келиб ҳам сотарди. Бир кетса, ҳафталаб кетарди. Бу пайтда уйда ейишга ҳеч нарса қолмасди. Дадам келгунича онам бизни бир амаллаб боқиб турарди. Шундай улғайдик, мен, синглим турмушга чиқдик, акам ҳам уйланди. Оилани ушлаб турадиган асос мустаҳкам бўлса, оила аъзолари жипслашаркан. Бизда шу асос маҳкам бўлмаган. Шунинг учун ҳар томонга тарқалиб кетганмиз.

Ёшликда бир-биримизга меҳрли эдик. Улғайиб, эсимизни таниганимиздан кейин меҳримиз йўқолиб бораверди. Дадам билан онамнинг бизга бўлган эътибори камайиб қолди. Онам оғир касаллик – кўз саратони туфайли бетоб бўлиб ётиб қолган эди. Дадам онамга бор эътиборини қаратган. Акам, синглим қандай ўйлашини билмайман, лекин мени ажратиб қўйишарди. Дадам акам, синглимга бошқача муомала қиларди, менга эса буткул бошқача. Дадам менга ҳам илиқ муносабатда бўлишини кутиб яшаганман.

Баъзан мени асраб олишганмикин, деб ўйлаб қолардим. Барча оилаларда опанинг кийимини синглиси кийиб катта бўлади. Бизда эса тескариси эди. Синглимга янги кийимлар олинарди, мен эса ундан қолганлари билан катта бўлганман. Ҳозир синглим билан буткул алоқамиз узилган. Эри билан Москвада ишлашидан хабарим бор холос. Синглим бу ердалигимдан хабари бор-йўқлигини билмайман. Акам, дадам, амаким билса керак. Бошқаларга ошкор қилинмагандир, чунки дадам иснодни кўтаролмайдиган инсон.

Маҳалла-кўй, қариндошлар олдида дадамнинг бошини эгиб қўйдим. Қариндошлар орасида мен ҳақимда мавзу очилса, дадам қочадиган бўлиб қолган. Бундай бўлишига эса мен айбдорман», деб ҳикоясини якунлади қаҳрамонимиз.

Мадина Акбарова бутун суҳбат давомида йиғлаб гапирди. Ҳаёт уни шунчалик қийнагани бир азоб, бунда ўзини айбдор деб билиши яна бир азоб. Бошқа одамларнинг берган озори унутилиб кетар, бироқ инсон ўз умрига ўзи зиён етказса, буни унутиш қийин. Мақсадимиз бугунги кўрсатувимизни кўрган ҳар бир тинч оилада меҳр кўриб ўсаётганлар Мадинанинг аччиқ тақдиридан хулоса чиқарсин. Кимдан кўп, кимдан кам бўлса ҳам, ўз оиласида яшаётганига шукр қилсин. Мадина Акбарованинг ҳам кейинги ҳаёти яхши бўлишидан умидимиз катта. Ахир у кеч бўлса ҳам хатосини тушуниб етди...

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид