Жамият | 14:41 / 29.06.2021
7908
9 дақиқада ўқилади

Марокаш визасини олишда талаблар қандай?

 UzbekLife учун тайёрланган ушбу мақолада Марокаш визасига ариза бериш жараёни, виза тўловлари, турлари, талаблари ва бошқа кўп учрайдиган саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Сиз Марокашга сафар қилиш учун виза олишингиз керакми?

Бу сизнинг фуқаролигингизга боғлиқ. Бир неча мамлакат фуқаролари Марокашга виза талабларидан озод қилинган, яъни улар олдиндан виза олмасдан Марокашга боришлари мумкин. Бунга АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Австралия ва бошқалар киради. Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан эса виза олиш талаб қилинади.

Визасиз режим амал қилувчи давлатлар фуқароларига Марокашда 90 кунгача муддатга бўлиш учун виза керак эмас (Гонгконг ва Сингапур давлатлари учун бу муддат 30 кунни ташкил этади).

Дипломатик, расмий ёки хизмат паспортига эга бўлган давлатларнинг фуқаролари Марокашга 90 кунгача визасиз боришлари мумкин.

Марокаш визаси турлари

1. Сайёҳлик визаси;

2. Транзит визаси;

3. Узоқ муддатли виза.

Сайёҳлик визаси

Қисқа муддатли Марокаш визаси, шунингдек, туристик виза сифатида танилган, Марокашга сайёҳ сифатида ёки бошқа қисқа муддатли мақсадларда киришни истаган виза талаб қилинадиган давлатлар фуқароларига берилади. Айнан қайси мақсадларда мамлакатга ташриф буюрувчилар ушбу виза турини олиши кераклигини қуйида келтириб ўтамиз:

§ Бизнес;

§ Шахсий ташриф;

§ Конференциялар, маданий ёки академик тадбирларда қатнашиш;

§ Спорт тадбирлари учун;

§ Журналистиклик фаолияти учун;

§ Тиббий даволаниш учун;

Марокашга сайёҳлик визалари бир марталик ёки кўп марталик кириш учун берилиши мумкин ва Марокашда 90 кунгача максимал яшаш имкониятини беради.

Транзит визаси

Сизга Марокаш транзит визаси учинчи давлатга боришда Марокаш ҳудудидан ўтишингизга тўғри келадиган ҳолларда керак бўлади. Марокаш транзит визаси бир ёки иккита транзит учун берилиши мумкин, бу сизга Марокашда 72 соатдан кўп бўлмаган муддатга қолишга имкон беради.

Узоқ муддатли виза

Ушбу виза Марокашга узоқ муддатли мақсадларда, масалан, ишлаш ёки оила аъзолари билан бирга яшаш мақсадида киришни истаган чет элликларга берилади. Худди сайёҳлик визаси сингари, у ҳам техник жиҳатдан атиги уч ой давомида амал қилади. Шу билан бирга, ушбу турдаги виза эгасига Марокаш Миллий Хавфсизлик Бош бошқармасининг ваколатли хизматларидан яшаш картасини (Сarte de séjour) олиш учун мурожаат қилиш имкониятини беради. Агар сиз Марокашга туристик виза орқали кирсангиз, ушбу яшаш картаси учун ариза беролмайсиз.

Марокаш узоқ муддатли визаси қуйидаги бир нечта кичик турларга бўлинади:

- Ишчи визаси. Марокашда иш топадиган чет элликларга бериладиган (ишлаш учун рухсатнома ҳам зарур).

- Талаба визаси. Марокашдаги таълим муассасасида ўқишни давом эттиришни истаган чет элликларга берилади.

- Шунингдек, Марокашда яшовчи оила аъзоларига қўшилишни истаган чет элликларга Марокаш оила бирлашуви визаси.

Марокашга виза олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар қуйидагилар:

1) Ариза;

2) Паспортингиз ва унинг нусхалари;

3) Паспорт ўлчамидаги расмлар;

4) Қайтиш рейси чиптаси;

5) Турар жойни тасдиқловчи ҳужжат;

6) Етарли молиявий воситаларни тасдиқловчи ҳужжат;

7) Саёҳат суғуртаси;

8) Виза учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат.

Марокашга виза учун ариза

Марокашга саёҳат қилишда виза олиш учун сизга керак бўладиган биринчи иш – виза олиш учун ариза бериш. Ариза шаклини ўзингиз мурожаат қилаётган Марокаш элчихонаси ёки консуллиги веб-сайтидан онлайн равишда юклаб олишингиз ёки элчихона / консулликка шахсан бориб олишингиз мумкин.

Ушбу аризада 30 га яқин савол мавжуд бўлади. Улардан энг асосийлари қуйидагилардир:

a)    Исмингиз, жинсингиз ва ёшингиз;

b)   Миллатингиз ва яшаш жойингиз;

c)    Паспорт маълумотлари;

d)   Касбингиз;

e)    Саёҳатингиз тафсилотлари;

f)     Марокаш визасини аввал олган олмаганлигингиз тўғрисида;

g)   Боғланиш учун маълумот;

Паспорт

Марокаш визаси талаблари ичида энг муҳимларидан бири – бу амалдаги (яроқли) паспортдир. Паспортингизнинг асл нусхасини бошқа ҳужжатлар билан бирга топширишингиз керак. Чунки айнан паспортда Марокаш ҳукумати сизнинг визангизни расмийлаштиради. Сизнинг паспортингиз камида олти ой давомида амал қилиши ва 1-2 бўш виза саҳифасига эга бўлиши лозим.

Паспорт ўлчамидаги расмлар

Кўплаб мамлакатлар виза талабларида бўлгани сингари Марокаш визасини олишда сизнинг фотосуратингиз учун ҳам алоҳида талаблар мавжуд. Визага ҳужжат топшириш жараёнида сўнгги пайтларда олинган тўртта суратингиз керак. Ушбу суратнинг бир қанча қуйидагича талаблари бор:

Ҳажми: 35мм х 45мм;

Фон: оч кулранг ёки оч кўк;

Расм ранги: Рангли;

Объект: Олдинга қаралган, бетараф юз ифодаси;

Шунингдек, ушбу суратда сиз кўзойнак тақмаслигингиз, бош кийим киймаслигингиз (диний мақсадга кийилган бош кийим бундан мустасно, у сизнинг юз хусусиятларингизга таъсир қилмаслиги зарур). Расмлар юқори сифатли бўлиши ҳамда сифатли фото қоғозда чоп этилиши шарт.

Қайтиш рейси чиптаси

Марокашга виза беришнинг яна бир шарти – бу қайта учиб кетиш учун чиптадир. Сизда 90 кун ичида (виза қанча муддатга расмийлаштирилса) режалаштирилган ёки пуллик қайтиш учун авиачипталар бўлиши керак. Бу виза расмийларига кейинчалик ўз мамлакатингизга қайтиш ниятингиз борлигини исботлаш учун лозим бўлади.

Турар жойни тасдиқловчи ҳужжат

Виза олиш учун сиз Марокашда турар жойингизни тасдиқловчи ҳужжатни ҳам киритишингиз лозим. Бу меҳмонхона буюртмаси ёки, агар сиз уй эгаси билан қолмоқчи бўлсангиз, улардан нотариал тасдиқланган таклифнома кўринишида бўлади.

Етарли молиявий воситаларни тасдиқловчи ҳужжат

Сиздан қолиш муддатини қоплаш учун етарли молиявий имкониятларга эга эканлигингизни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингиз талаб қилиниши мумкин, масалан, банк декларациялари шаклида.

Саёҳат тиббий суғуртаси

Марокашга саёҳат қилган ҳар бир кишига саёҳат суғуртасини олиш тавсия этилади. Айтиш жоизки, Марокаш ваколатхоналарининг барчаси ҳам сиздан виза учун ариза билан бирга Марокаш учун соғлиқни сақлаш суғуртасини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингизни талаб қилмаслиги мумкин, аммо ушбу суғуртанинг бўлиши янада яхшироқ.

Марокаш визаси учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат

Мурожаат жойингизга қараб, Марокаш визаси учун тўлов усули ҳам ўзгаради. Сиздан элчихона ёки консулликда нақд пулда ёки олдиндан банк ўтказмаси орқали тўлаш талаб қилиниши мумкин, бу ҳолда сизга тўлов квитанцияси керак бўлади.

Марокаш учун виза тўловлари қуйидагича:

  •  Бир марталик кириш учун (90 кунгача): 220 Марокаш дирҳами (тахминан 23 доллар)
  •  Икки марталик кириш учун (90 кунгача): 330 Марокаш дирҳами (тахминан 34 доллар)
  •  Транзит виза: 170 Марокаш дирҳами (тахминан 18 доллар)

Ўзбекистон фуқаролари қандай қилиб Марокаш визасини олишлари мумкин?

Ўзбекистон Республикасида Марокашнинг элчихонаси ёки консуллиги йўқ.

Лекин шундай бўлса-да, сиз бемалол Марокашга бориш учун виза олишингиз мумкин. Бундай ҳолларда, Марокаш ҳукумати визангизни мамлакатингиздаги бошқа дипломатик ваколатхонага ёки виза агентлигига топширади. Сиздан талаб қилинадиган нарса буни текшириб туришдир.

Агар бу ёрдам бермаса, унда сиз тўғридан тўғри пойтахт Работдаги Марокаш Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигига мурожаат қилишингиз керак бўлади. Бундай ҳолда сиз почта орқали мурожаат қилишингиз, агар визангиз тасдиқланган бўлса, уни аэропортда қабул қилиб олишингиз мумкин.

Марокаш визасини мамлакатга келгач олиш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Марокаш учун барча визалар саёҳат қилишдан олдин олиниши керак. Фақатгина визасиз режим амал қилувчи мамлакатлар фуқаролари Марокаш визасини олмасдан саёҳат қилиш ҳуқуқига эга.

Давлатбек Асадов тайёрлади

Мавзуга оид