Иқтисодиёт | 19:07 / 29.06.2021
16899
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон зайтун экспортчисига айланишни даъво қилмоқда. Бу қанчалик асосли?

Ўзбекистон зайтун плантациялари ташкил этиш ва экспорт ҳажмларини оширишни режалаштирмоқда. Аммо бу борада бир қанча муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

28 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган Экологик партия фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябр) қўшилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қайд этилишича, бугунги кунда зайтун ва зайтун мойи жаҳон бозорида жуда талабгир маҳсулот ҳисобланиб, асосан, аҳоли истеъмоли ва доривор мақсадларда фойдаланилади. Маълумотларга кўра, 1 гектар зайтун плантациясидан 15-17 минг доллар, уни қайта ишлаш орқали 45-50 минг доллар миқдорида даромад олиш мумкин.

Ўзбекистонда ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда янги зайтун плантациялари ташкил этиш, қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш, ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш режалаштирилган.

Аввалроқ, республиканинг жанубий вилоятларида 530 гектар, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Музработ ва Узун туманларининг ҳар бирида 100 гектардан, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё ва Бандихон туманларининг ҳар бирида 50 гектардан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилиши бўйича маълумотлар эълон қилинганди.

Ўзбекистоннинг ўзида ёки умуман минтақада машҳур бўлмаган зайтун мойи етиштириш ҳақиқатдан ҳам катта фойда келтирадими? Бу борада бир қанча муаммоли ҳолатлар юзага келиши мумкин:

Биринчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолиси асосан кунгабоқар ва пахта мойи истеъмол қилади. Зайтун мойининг нархи кунгабоқар ва пахта мойи билан солиштирганда анча юқори ва уни ишлаб чиқариш анча қимматга тушади. Зайтун мойи истеъмолчи учун арзон муқобилга айланмайди, аксинча, у қиммат маҳсулот бўлиб, мамлакат аҳолисининг асосий қисмида даромад даражаси юқори бўлмаганлиги сабабли, зайтун бизнеси ривожланиши жиддий тўсиқларга учраши мумкин. Умумий қилиб айтганда, ички бозорда зайтун мойи кунгабоқар ва пахта мойига альтернатива эмас ва талаб деярли йўқ.

Иккинчидан, ҳозирги кунда Испания, Италия, Туркия, Греция ва Марокаш каби мамлакатлар зайтун етиштириш бўйича энг йирик ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Яъни жаҳон бозорида юқори даражадаги рақобат мавжуд. Бу ерда сифат биринчи ўринга чиқади ва тажрибасиз ўзбек ишлаб чиқарувчилари бу рақобат майдонида ўз ўрнини топишда қийинчиликларга дуч келиши табиий ҳолатдир.

Учинчидан, географик жиҳатдан Ўзбекистонга яқин бўлган мамлакатларнинг ҳеч қайсисида зайтун мойи асосий истеъмол маҳсулоти ҳисобланмайди. Яқин мамлакатларда талабнинг йўқлиги, экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун логистика харажатларини ошириб юборади.

Мавзуга оид