Ўзбекистон | 22:38 / 29.06.2021
16470
3 дақиқада ўқилади

Терговчилар банк сирларини олиши осонлашди. Светлана Ортиқова изоҳи

Ўзбекистонда янги кучга кирган қонун билан, ҳуқуқ органларида ҳисобварақалар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни прокурор санкциясисиз автоматик олиш ҳуқуқи юзага келди. Бу фуқаролар ҳуқуқлари бузилишига олиб келмайдими? Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавоб берди.

“Агар сиз билан биз бой ва хавфсиз давлатда яшашни истасак, барчамиз жиноятчиликка қарши кураша билишимиз керак. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасида халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга тегишли тавсияларни билдирган. Шу тавсияларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш масаласида бу қонун қабул қилинди.

99 фоиз фуқароларимиз қонунга итоат қилиб яшаяпти ва ишлаяпти. Уларнинг 1 фоизигина қонунни четлаб ўтмоқчи ва ноқонуний даромадларни олмоқчи. Нега шу тоифадаги шахсларнинг банк сирига оид маълумотларини олмаслигимиз керак экан?

Чунки бу 1 фоиз қонунни ўтлаб кетмоқчи бўлган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари сиз билан бизнинг тинч-осуда ҳаётимизга зарба беряпти-ку. Бу ҳам [қонунбузарлик ҳақида] аниқ маълумотлар бор бўлсагина, кейин прокурорнинг санкцияси билан маълумотлар олинади.

Бу нарса давлатга, жамият ва инсонларнинг манфаати учун керак. Мен ҳукуматлараро комиссия раиси сифатида ушбу қонунни қабул қилгани учун парламентдан миннатдорман. Ўйлайманки, бу қонун оддий фуқароларга фойда келтиради”, – деди Светлана Ортиқова 29 июн куни Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида бўлиб ўтган Ахборот хавфсизлиги бўйича МДҲ халқаро экспертлар форумида.

Маълумот учун, янги қонунга биноан, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар қуйидаги ҳолатларда прокурорнинг санкцияси билан тақдим этилади:

  • прокуратура, дастлабки тергов ва суриштирув органларига уларнинг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича ҳолатларни аниқлаш, шунингдек етказилган зарарни ундиришни ёки мол-мулкни хатлашни таъминлаш мақсадида – терговчининг ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига кўра;
  • тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга уларнинг иш юритувидаги тезкор-қидирув ишлари бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида – тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор асосида.

Терговга қадар текширув материаллари ва жиноят иши доирасида Марказий банкнинг маълумотлар базасидан ҳисобварақалар ҳақидаги маълумотлар прокурор санкциясисиз, автоматлаштирилган режимда олинади.

Мавзуга оид