Ўзбекистон | 17:09 / 30.06.2021
23509
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тест синовларини ўтказиш бўйича 2та сценарий муҳокама қилинмоқда

Давлат тест маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда икки хил сценарий устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда АОКАда 2021/2022 ўқув йили қабул жараёнлари билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан ўтказилган брифингда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Бекзод Тошпўлатов маълум қилди.

Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи жорий йилда қабул жараёнларига киритилган муҳим янгиликлар ҳақида гапирди.

«Жорий йилги қабул жараёнларига оид муҳим масалалардан бири, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Яна бир муҳим жиҳат, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади», деди у.

Бошқарма бошлиғи тест жараёнларига тайёргарлик масалаларига ҳам тўхталиб, мамлакатда эпидемиологик вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда, Давлат тест маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда икки хил сценарий устида иш олиб борилаётганини айтди.

«Айни пайтда 2та сценарий муҳокама қилинмоқда: тест синовларини анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ёки 2020 йилдаги каби очиқ майдонларда ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари ва дислокациялари тайёрланди. 46 830 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 040 нафар абитуриентга мўлжалланган 65та стадион ва хиёбонларда ўтказиш мўлжалланган.

Тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли бинолар ва очиқ майдонлар рўйхати Давлат комиссиясига киритилди» дея таъкидлади Бекзод Тошпўлатов.

Эслатиб ўтамиз, 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари  бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълимга 113 530 нафар, сиртқи таълимга 37 675 нафар, кечки таълимга 6 550 нафар этиб, магистратурага 12 900 нафар этиб белгиланган. Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар абитуриент қабул қилинади.

Мавзуга оид