Ўзбекистон | 22:34 / 06.07.2021
20802
4 дақиқада ўқилади

Талабалар учун Президент гранти жорий этилди

Давлат ОТМлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинди. Грант бўйича харажатлар давлат бюджетидан қопланади.

Грант ҳақида президент 2020 йилги Ёшлар форумида айтганди. / Фото: Kun.uz

Бу ҳақда “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилган.

Белгиланишича, давлат ОТМлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим соҳалари кесимида, таълим олиш тилидан қатъи назар, республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент грантига даъвогар бўлади.

Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади.

ОТМга ўқишга киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллига қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Президент грантига даъвогар абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади.

Ўтказилган танлов натижаларига кўра, ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади.

Бунда талабага Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.

Ўқув семестри якунига кўра, камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади.

Навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади.

Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Президент грантига даъвогар талабаларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:

  • ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этиш;
  • ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот иши (асар)ни эълон қилиш;
  • давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) ва Ўзбекистон тарихини билиш.

Мавзуга оид