Жаҳон | 16:30 / 12.07.2021
8996
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон шимолида яшин уриши оқибатида 60 киши ҳалок бўлди

Амбер қўрғонидаги томоша минорасига яшин урилиши оқибатида бу ерда селфи қилаётган 11 нафар турист бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлган. 

Фото: Global Look Press

Ҳиндистон шимолида яшин уриши оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда NDTV телеканали.

Хабарга кўра, дам олиш кунлари минтақага муссон ёмғирлари ёпирилган. Уттар-Прадеш штатида 41 киши яшин қурбонига айланган. Ҳодисалар асосан қишлоқ жойларида юз берган, қурбонлар эса аёллар ва болалар бўлган.

Ражастонда эса Амбер қўрғонидаги томоша минорасига яшин урилиши оқибатида бу ерда селфи қилаётган 11 нафар турист бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлган. 

Яна тўққиз киши штатнинг турли жойларида яшин уриши натижасида ҳаётдан кўз юмган.

Бош вазир Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид