Ўзбекистон табиатининг ноёб марвариди – Сангардак шаршарасидан репортаж
Сурхондарё тоғларидаги даралар орасида юртимиз экология тизимининг дурдоналаридан бири – Сангардак шаршараси жойлашган. Қадимдан одамларни ўзига ром қилиб келаётган сўлим масканга саёҳатимиздан бир олам таассурот билан қайтдик.
Сангардак шаршараси Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудида, Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида жойлашган. Агар бошқа вилоятда истиқомат қилсангиз, у ҳолда дастлаб Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрига етиб боришингиз, у ердан поезд ёки таксига ўтириб, Сариосиё туманига йўл олишингиз лозим. Бу эса қарийб 150 км масофа бўлиб, 2-3 соат вақтни олади. Айтиш лозимки, автомобиль йўлларининг сифати қониқарли даражада.
Сариосиё тумани субтропик ичкиконтинентал иқлим зонасида, Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган. Бу тоғлардан Сурхондарё, Тўполангдарё, Обизаранг ва бошқа дарёлар ирмоқ олади. Ҳудуднинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Тоғларда жайрон, бўри, тулки, қуён, барс ва ҳатто қўнғир айиқлар яшайди. Ёввойи ҳолда арча, писта, бодом, ёнғоқ, олма, зирк, наъматак ўсади.
Сариосиёдан маҳаллий такси қатнови орқали 60 км йўл босиб, Сангардак дарасига, шу номдаги шаршарага етиб олиш мумкин.
Сангардак шаршараси тоғ дарёсидан эмас, балки ғорлар ичидаги карст дарёларидан шаклланади, қоя тошлар орасидан сизиб чиқади. Шу сабабли халқ орасида у ҳақда қадимдан турли афсона ва эртаклар тўқилган, мўъжизакор тасаввурлар пайдо бўлган.
Сангардак – Ўзбекистоннинг энг баланд шаршараларидан бири. Унинг баландлиги 60-70 метргача боради. Сув сероб бўладиган баҳор ойларида 100 метргача етиши мумкин. Шаршара май ойи ўрталаридан то сентябрь ойи ўрталаригача сайёҳлар билан гавжум бўлади.
Шаршара олди сайёҳларга қулайлик туғдириш учун обод қилинган, панжара билан ўралиб, мўъжаз дарвоза қурилган. Унга олиб чиқадиган сўқмоққа зинапоялар ва айвонлар барпо этилган. Ҳудудга кириш бепул.
Шаршарани томоша қилиш учун 60-70 метр баландликка зинапоялар орқали чиқишга тўғри келади. Ҳар 10-15 метр баландликда кенг айвончалар бор. Бу ерда шаршарани томоша қилиш, сояда жазирама иссиқдан бироз салқинлаб олиш, суратга тушиш мумкин.
Сангардак остида вақт тез ўтганини билмай қоласиз. Психологларнинг таъкидлашича, одам тушкун ва ҳорғин пайтда шилдираб оқаётган сувга тикилиб турса, тезда хотиржам бўлади, асаблари тинчланади, чарчоқни унутади. Сангардакни томоша қилиш ҳам шунга ўхшаш, ўзига хос «шаршара-терапия».
Шу ўринда шаршара билан боғлиқ баъзи нохуш ҳолатлар эътиборимизни тортди. Шаршара олдидаги панжарадан ошиб ўтмаслик, сувда чўмилмаслик ҳақида огоҳлантирувчи ёзувлар бўлишига қарамай, одамлар суратга тушиш ёки чўмилиш мақсадида тақиқни четлаб ўтаётганини кўриш мумкин.
Нам, сирпанчиқ тошлар устида юриш, тор сўқмоқлар орқали баландликка чиқиш қанчалик хавфли бўлмасин, бундан чўчишмаяпти. Баъзи «ўта жасур қаҳрамонлар» шаршаранинг жуда баланд қисмига чиқиб олишмоқда. Инсон ҳаёти учун хавфли бўлган бундай хатти-ҳаракатлар бахтсиз ҳодисаларга олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Афсуски, баъзи одамларда экология маданияти шаклланмаган. Шаршара остидаги ирмоқларга баклашкалар, қоғозлар, овқат қолдиқлари ташлаб юбориляпти. Албатта, одам гавжум жойлар бундан холи бўлмайди, аммо чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш мумкин-ку? Нега атроф-муҳитни, гўзал табиатимизни асраб-авайлаш ҳақида ўйламаймиз? Шаршаранинг ифлосланиб бораётгани дилни хира қилади.
Шаршара остида намоз ўқиб олиш учун супача барпо этилган, бу ҳам сайёҳлар учун қулай. Бироқ, кимдир бу жойда Қуръон тиловат қилиб, одамлардан «кўрпача остига» пул йиғиб ўтирибди. Унинг олдига қўйилган «хайр эҳсон қутиси»га ҳеч қандай тамға, муҳр босилмаган. Йиғилаётган пулларнинг қаерга кетаётгани ҳам номаълум. Шаршара диний зиёратгоҳ бўлмаса, остидаги бундай хатти-ҳаракатларга қандай баҳо бериш мумкин?
Афсуски, табиатнинг ноёб дурдонасини илоҳийлаштириш, муқаддаслаштириш одати бизга қадимдан қолган ачинарли меросдир. Одамлар шаршара остидаги кичик майдончага мато бўлакларини боғлаб кетаётганларини айнан шу билан изоҳлаш мумкин.
Сангардак шаршарасидан бир дунё ижобий таассуротлар билан қайтдик. Ёзнинг жазирамасида унинг остида дам олиш, ҳордиқ чиқариш – айни муддао, бебаҳо неъмат. Бундай имкониятни келгуси авлодларга ҳам қолдиришимиз, шаршарани асраб-авайлашимиз лозим. Дарҳақиқат, Сангардак шаршараси – Ўзбекистон табиатининг ноёб дурдонаси.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024