Жамият | 10:05 / 15.07.2021
27745
9 дақиқада ўқилади

Мактабдаги пул йиғишлар: Ўқитувчи таълим билан шуғуллансинми ёки таъмир?

Мактабларда янги ўқув йили учун жорий таъмирлаш ишлари кетмоқда. Бу – мактаб жамоаси олдидаги энг катта муаммолардан бири. Таъмирлаш ишлари учун ўқувчилардан йиғиб олинадиган пуллар масаласи кўп йилларки баҳсли ва оғриқли масала.

Вилоятларда ва Тошкент шаҳрида мактабларни бўяш ва таъмирлаш учун ўқитувчилар ўқувчилардан пул йиғиши неча йиллардан буён урфга кирган. Kun.uz ўтказган суриштирувлар бу урф-одатлар янги даврда ҳам деярли аввалгидек давом этаётганини кўрсатмоқда.

Айнан шу жорий таъмирлаш учун йиғиладиган пуллар кўп ҳолатларда ота-оналар норозилигига сабаб бўлади. Беш қўл баравар эмас, серфарзанд ёки эҳтиёжманд айрим оилаларга бу малол келади.

Ўзбекистонда мактаб таъмирига кимлар масъул ўзи?

Ўқув йили бошида, яъни 1 августга қадар мактаблар моддий-техник базасини тайёрлаш, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратиш вазифаси, қонунга мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва 14 та ҳудуд ҳокимликларига юклатилган.

2021 йилда Халқ таълими вазирлигига давлат бюджетидан 22 трлн сўм ажратилган ва бундан қарийб 2 трлн маблағ объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга йўналтирилади. Юртимизда эса капитал таъмирга муҳтож 3 мингдан зиёд мактаб бор. Бундан чиқди, бу маблағдан жорий таъмир учун умид қилинмаса ҳам бўлади.

2 йил муқаддам президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимиятлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарларига мактабларни оталиққа олиш вазифасини белгилаб берди. Вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Тошкент шаҳридаги 302 та умумтаълим мактабини оталиққа олди. Маҳаллий давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари эса 119 та мактаб, сектор раҳбарлари 815 та мактабга бириктирилиб, уларга умумтаълим мактаби (филиали) биносини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Фото: Kun.uz / архив

Аммо бу ҳам ўқитувчилар кўкрагига офтоб тегишига сабаб бўлмади.

Шунингдек, мактабларни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан ҳам яхшигина маблағ олинади. Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасининг Халқ таълими муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, бино ва иншоотлардан фойдаланишни мувофиқлаштириш давлат-хусусий шериклик бўлими бошлиғи Нуриддин Отамуҳамедовнинг айтишича, мактабларнинг жорий таъмири учун ҳар йили маҳаллий бюджетдан пул ажратилади.

“Шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги мактаблар учун Тошкент шаҳар ҳокимлигидан, туманлардаги мактаблар учун ҳар бир туман ҳокимлигидан мактабларни жорий таъмирдан чиқариш учун пул ажратилади. Ўрганишлар асосида мактабнинг таъмирга муҳтожлиги ўрганилади ва нуқсон далолатномаси тузилиб, смета шакллантирилади.

Маблағ ажратишда мактабнинг иссиқлик таъминоти, ҳожатхоналар, эшик-ромлар таъмири биринчи навбатда эътиборга олинади. Хоналарни бўяш каби ишларга ота-оналардан пул йиғилади.

Фото: Kun.uz / архив

2021 йилда маҳаллий бюджетдан биргина Тошкент шаҳридаги мактабларнинг жорий таъмири учун 115 млрд сўм маблағ ажратилган”, – деди пойтахт ХТББнинг қурилиш бўлими бошлиғи.

Сансалор бўлган таъмир

Маҳаллий бюджетдаги маблағни йўналтиришда бир муаммоли ҳолат кўзга ташланади: тадбиркорлар лот орқали тендер танловида ютишгач, шакллантирилган смета асосида мактабларни жорий таъмирлашни бўйнига олади. Лекин етказиб бериладиган қурилиш материаллари ва қурилиш сифати бўйича ҳеч қандай назорат йўқ.

Етказиб бериладиган арзон маҳсулотларнинг сифати пастлигидан кўп ҳолларда уларни ишлатиб бўлмайди.

Фото: Kun.uz / архив

Kun.uz суҳбатлашган мактаб директорлари синфхоналарни косметик таъмирдан чиқариш ота-оналарнинг ёрдамисиз бўлмаслигини айтади.

“Янги ўқув йилида чиройли, шинам хоналарда ўқувчиларини кутиб олишимиз керак. Шунақа пайтда ҳомий ота-оналарнинг кўмагига муҳтож бўламиз.

Бизга етиб келадиган лак-бўёқ маҳсулотлари ниҳоятда сифатсизлигидан уларни ишлата олмаймиз. Баъзида қайтариб юборган вақтларимиз ҳам бўлади. Чунки мактабимизда 2 мингдан ортиқ ўқувчи ўқийди. Ўқув йили охиригача яхши ҳолатда сақлашимиз учун ҳаракат қилишимиз керак.

Давлат ажратган пулни ўз ўрнига қўйиб ишлатсак, сифатли маҳсулот етказиб берилса, қолганини ҳомийлар орқали амаллаб қилардик. Лекин тендерда ютиб олган тадбиркор арзон ва сифатсиз маҳсулот келтиради”, – дейди Тошкент шаҳридаги 293-сонли мактаб директори Нигора Тожибоева.

Бу муаммо биргина пойтахтда эмас, вилоятларда ҳам мавжуд. Навоий вилояти Кармана туманидаги 3-мактаб директори Эркин Ражабов ҳам шу ҳақида ўз фикрларини билдирди.

“Мактаб маъмуриятига бу борада ҳуқуқий ва аниқ кўрсатмалар бўлса яхши бўларди. Шу асосда мактаб раҳбарияти таъмир учун кетадиган маблағни аниқлаб, кетадиган маҳсулотларни тендер орқали эмас, тўғридан тўғри шартнома асосида сифатли маҳсулот олишига йўл берилса”, – деди у.

* * *

Хорижда: Ўқитувчининг вазифаси – дарс бериш, унинг елкасида таъмирлаш деган масала йўқ

Солиштириш мақсадида дунёнинг баъзи давлатларидаги ватандош ўқитувчилардан чет элда мактаблар ким томонидан таъмирланиши ҳақида сўрадик.

Алишер Алихон, Бирлашган Араб Амирликлари:

— БААда ўқитувчи мактаб таъмири масаласига аралашмайди. Ўқув йили якунида хусусий мактабларда ўз ҳисобидан, давлат мактабларида эса бюджетдан ажратилган маблағлар эвазига амалга оширилади. Таъмирлаш ишларига шу иш билан шуғулланувчи махсус ширкатларни ёллашади. Ўқитувчи молиявий масалалар билан шуғулланиши тақиқланган бўлиб, у фақат таълим-тарбия жараёни билан машғул бўлади.

Жамила Маҳмудова, Швеция:

— Швецияда ўқитувчида умуман бунақа масъулият йўқ. Аксинча, у ишга қабул қилинганда ёки янги синф хонаси берилганда ўзига ёқмаган жиҳозларни ўзгартириб беришни, ўзига маъқул муҳитни яратишни талаб қилиш имкониятига эга. Ўқитувчининг бўйнида ремонт деган масала йўқ. Мактаб таъмири учун ҳеч қачон пул йиғилмайди.

Ўқитувчи фақат ўқитиш масъулияти билан қолмагунича ривожланиш бўлмайди. У ўқувчиларини қандай йўл билан ўқитишни ўйлаши лозим. Уни бундай масалаларга жалб қилинса, қандай қилиб ўз устида ишлашга вақт топсин, янги методикаларни ўргансин?

Мардон Юсупов, Англия, ўқитувчи:

— Англияда мактабни таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғилмайди. Мактаблар ҳар йили ҳам таъмирланавермайди, яхши сақланади. Битта мактабда 5 йил ишладим, лекин бирор марта таъмирлашга тушганини кўрмадим. Таъмирланган ҳолатда ҳам маблағ давлат бюджетидан ажратилади ва профессионал мутахассислар жалб қилинади. Бу жараёнда ўқитувчи ёки ўқувчиларнинг бирортаси иштирок этмайди.

***

Хўш, бизда-чи? Бу ҳолат қачон тартибга солинади?

Маҳаллий бюджетдан ажратилган пулга мактабга сифатсиз маҳсулотлар берилса, давлат ажратган пул капитал таъмирга ҳам етмаса, ҳокимликлар ҳар йилги жорий таъмир учун жавобгар бўлмаса, хўш таъмир учун яна ким жон куйдириши керак? Яна мактаб жамоаси... Чунки жамоа ўқув йили бошида ўқувчиларни шинам, қулай хоналарда кутиб олиш, ўқитишни хоҳлашади.

Шу ўринда ислоҳга муҳтож муҳим жиҳатга дуч келамиз: таъмир учун пул йиғиш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш, синфхонани тозалашга жавобгарлик, синфхонага парда осиш ҳам бизда ўқитувчилар зиммасига тушади. Устознинг на касб масъулиятида, на лавозим масъулиятида кўрсатилмаган бу вазифалар унинг ўқувчилар ва жамият олдида обрўсини тушириши табиий: ўқитувчига таълим берувчи шахс эмас, болалардан пул йиғувчи, таъмирни ташкиллаштирувчи шахс деган қарашни юзага келтиради.

Ўзбекистонда бу жараённи муайян тартибга солишнинг вақти аллақачон етиб келган. Буни қай йўл йўл билан амалга ошириш борасида эса масъулларда бирор ечим борга ўхшамаяпти.

Шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг ўз манзилига тўлиқ етиб боришида нафақат давлат назорат органлари, балки жамоатчилик назорати ҳам зарур, бунинг учун эса ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётганини кўрсатувчи шаффоф платформа йўлга қўйилиши ҳам талаб этилади.

Давлат бюджети, маҳаллий бюджет, оталиққа олган ташкилотлардан ажратилган маблағ ва ҳомийлар кўмагидаги барча маблағ платформада кўриниши керак. Шунингдек, мактабни жорий таъмири учун зарур қурилиши материаллари ва кетадиган пул ҳам аниқ ва очиқ кўринса, устозларнинг бу жараёнга аралашмасликларига эришилади.

Ўқитувчининг гарданидан пул билан боғлиқ вазифаларни олмасдан, унинг обрўсини ошириш ҳақида ўйлаб бўлмайди. Ўқитувчи фақат ўқитиш, таълим сифатини ошириш тўғрисида ўйламас экан, болаларимиз келажагидан ҳам яхши натижа кутмайлик...

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид