Спорт | 13:26 / 19.07.2021
245972
2 дақиқада ўқилади

ММА жангчиси Мурод Хонтўраев автоҳалокатда вафот этди

Чорвоқ йўлида собиқ MMA жангчиси Мурод Хонтўраев автоҳалокатга учраб вафот этди.

Фото: Instagram / khanturaev_team

19 июль куни ўзбекистонлик ММА жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев автоҳалокатга учраб, вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов хабар берди. 

У Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўз бошқарувидаги «BMW X5» автомашинасида автоҳалокатга учраган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси матбуот хизмати ҳам маълумот берди.

«2021 йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Lacetti» ҳамда «BMW X5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW X5» русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада, «BMW X5» русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади расмий хабарда.

Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У ўзининг MMAдаги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган, халқаро ареналарда натижа кўрсатиб, «Осиё айиғи» лақаби билан машҳур бўлган. У жами 15та жанг ўтказиб, шундан 12тасида ғалаба қозонган, учта жангда мағлуб бўлган, яна бир жанг натижаси бекор қилинган.

Мавзуга оид