Ўзбекистон | 10:38 / 25.07.2021
23036
6 дақиқада ўқилади

Нима учун коронавирус ҳаммага бирданига юқмайди? –  мутахассис изоҳи

Коронавирус дунё аҳлини бирдек ларзага солди. Яқин бир йил ичида у ўзининг тури ва қиёфасини неча маротаба ўзгартириб, неча маротаба янгидан янги изланишларга сабаб бўлди.

Пандемия, касалликнинг юқиш йўллари, ҳимояланиш, эмланиш ва даволаш усуллари бўйича тўпланган саволларга Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова жавоб берди.

Нима учун касаллик ҳаммага бирданига юқмайди?

Тасаввур қилинг, тўй ёки маъракага бордингиз, меҳмонлар орасида аниқ бемор бўлганлар ёки ўзининг беморлигини билмайдиганлар (касалликнинг яширин даври) бўлиши ва барча меҳмонлар улар билан мулоқотда (кўришиш, сўзлашиш, узоқ вақт кичик хонада тўпланиш) бўлиши мумкин, лекин касаллик бемордан фақат бир неча одамга юқиши мумкин. Улар кимлар?

  • сурункали касалликлари бўлганлар;
  • носоғлом турмуш тарзи юритадиганлар;
  • гигиена қоидаларига риоя қилмайдиганлар;
  • дорилардан оқилона фойдаланмайдиганлар.

Ҳар қандай бемор билан мулоқотда бўлгандан кейин ёки бунинг эҳтимоли бўлганда эҳтиёт чорасини кўрган, яъни ижтимоий масофа сақлаган, ниқоб таққан, қўлларини тез-тез ювиб турганлар, шунингдек, ёзнинг иссиқ кунларига қарамай жуда совуқ сув ва ичимликларни бирданига ичишдан тийилган, кондиционердан оқилона фойдаланганларга касаллик юқмаслиги мумкин.

Чунки элементар гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, носоғлом турмуш тарзи, айниқса, нотўғри овқатланиш, жисмоний нофаоллик, зарарли одатларга қарамлик ва дори-дармонлардан оқилона фойдаланмаслик организмни касалликка мойил қилиб қўяди.

Дори-дармонлар, айниқса антибиотиклардан оқилона фойдаланмаслик, уни шифокор кўрсатмасисиз, пала-партиш қабул қилиш ичаклар функциясини бузади, яъни меъёрда бўлиши керак бўлган микроорганизмларни ўлдириб, дисбактериоз ҳолатини чақиради. Бунинг оқибатида организмнинг касалликларга қаршилик кучи (иммунитет) пасаяди ҳамда организм антибиотикларга турғун ҳолатга келади, яъни унинг антибиотикларга сезувчанлиги бузилиб, таъсири кескин камаяди.

Агар соғлом бўлишни, турли касалликлардан фориғ бўлишни истасангиз, ҳар куни:

  • 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сув истеъмол қилинг (1 порция - 1 стакан);
  • 400 граммдан кам бўлмаган миқдорда мева ва сабзавот истеъмол қилинг;
  • ёғли, қовурилган, туз ва шакар миқдори кўп бўлган, хамирли таомлардан вақтинча воз кечинг;
  • ҳар бир таом билан қатиқ ва кўкатлар истеъмол қилишга одатланинг;
  • қўлларингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг, камида 1 маҳал душ қабул қилинг;
  • 10 дақиқа эрталабки бадантарбия, кечқурунги овқатдан кейинги 30 дақиқалик сайр ва кун давомидаги жисмоний фаолликни унутманг;
  • дори-дармонларни фақат шифокор тавсиясига кўра қабул қилинг, бунда дорининг белгиланган дозаси ва қабул муддатига риоя қилинг!

– Касаллик белгилари бўлса-ю, тестда манфий натижа қайд этилса нима қилиш керак?

Ҳар қандай касаллик белгилари пайдо бўлиши билан, албатта, сиз оилавий шифокорингизга мурожаат қилишингиз керак. Даво муолажаларини билганимизча эмас, балки шифокор тавсиясига кўра олишимиз зарур. Сурункали касаллиги бор беморларда касаллик тез ривожланиши, асоратли кечиши мумкин. Касалликнинг вақтинча чекингани бу батамом тузалиш дегани эмас. Шунинг учун дарҳол оилавий поликлиникангизга қўнғироқ қилиб, уйга шифокорни таклиф қилинг.

– Ҳомиладорликка тайёрланиш вақтида вакцина олиш мумкинми?

– Илмий асосланмаган маълумотларни қабул қилманг. Оилавий шифокорингиз ва акушер-гинеколог билан маслаҳатлашинг. Соғлом фарзандни дунёга келтириш учун она албатта соғлом, турли стресс ҳолатларидан холи, энг асосийси, хотиржам бўлиши керак. Хавотир ва ваҳиманинг ўзи ярим касаллик эканлигини унутманг. 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда коронавирусга чалинган ҳомиладорлар орасида коронавирус билан туғилган чақалоқлар туғилиши қайд қилинмаган.

Ҳомиладорликка тайёрланаётган аёлларга маслаҳатлар:

  • гигиеник тартибларга амал қилиш;
  • коронавирус аломатлари кузатилаётган шахслар билан мулоқотни чеклаш;
  • зарурат бўлмаганда жамоат транспортидан фойдаланмаслик, иложи борича одам гавжум бўладиган жойларга бормаслик;
  • тўғри овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш, ҳар куни тоза ҳавода сайр;
  • ижтимоий тармоқлардаги кўнгилни хира қиладиган маълумот, стрессга ундовчи фильмлардан воз кечиш ва доимо позитив бўлиш.

– Кўп тугунчали қалқонсимон без мавжуд ва қандли диабетга мойиллиги бор беморлар вакцина олиши мумкинми?

– Бундай беморлар эндокринолог шифокор қабулида бўлиб, кўрикдан ўтишлари керак. Касалликнинг қандай даври кечаётганлигини аниқлаш, шифокор тавсияларини олиш лозим. Қарши кўрсатмалар аниқланмаган тақдирдагина вакцина олиш мумкин.

– Коронавирусга тест топшириш пулликми? Ногиронлиги бор беморларга имтиёзлар борми?

– Эпидемиологик кўрсатмаларга кўра касаллик гумон қилинган шахсларга ПЗР усулида коронавирусга таҳлил топшириш яшаш жойлардаги санитария-эпидемиология осойишталик хизмати муассасаларида бепул амалга оширилади. Шунингдек, шошилинч кўрсатмаларга кўра шифохонага ётаётган беморлар, ҳомиладорлар, ёш болалар муассасанинг ўзида экспресс тестдан ўтказилади. Бундай экспресс тестлар махсус ковид марказлари ва ковид-поликлиникаларида ҳам мавжуд. Эслатиб ўтамиз, ҳар қандай тиббий муолажа ва текширув бемор хоҳиши бўлганлиги учун эмас, шифокор кўрсатмасига мувофиқ ўтказилиши керак.

– Коронавирусдан тузалиш жараёнида касалликни қайта юқтириб олиш мумкинми?

– Олимларнинг фикрича, коронавируснинг бир штамми билан касалланган инсон унинг бошқа штамми билан касалланиши мумкин. Ёки касалликдан тўлиқ фориғ бўлмасдан туриб, айрим симптомлар енгиллашган даврда даволанишни тўхтатиб қўйиш оқибатида касаллик асорат сифатида қайталаниши мумкин. Шунинг учун касалликни даволашда шифокор тавсия қилган дориларни тавсия қилган вақт ва муддатларда тўлиқ қабул қилиш керак.

Аброр ЗОҲИДОВ суҳбатлашди.

Мавзуга оид