Жаҳон | 15:03 / 26.07.2021
10027
3 дақиқада ўқилади

БМТ кенгаши интернетдаги цензурага қарши резолюция қабул қилди

“Фуқароларнинг интернетда ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқларига дахл қилувчи, шунингдек, интернетни ёпиб қўйиш ва онлайн цензура каби чораларни шубҳасиз қоралаймиз, барча давлатларни бу каби хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, – дейилади БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши резолюциясида.

Фото: Getty Images

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши интернет тармоғида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Резолюцияда қайд этилишича, COVID-19 пандемияси барча аҳоли қатламларининг интернетга боғлиқлигини кучайтирган. Интернетнинг ахборот манбайи, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминловчи майдон ҳамда давлат хизматлари, хусусан таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларини фуқароларга етказувчи восита сифатидаги ўрни мустаҳкамланган.

Кенгашнинг тасдиқлашича, одамларнинг офлайн ҳаётдаги барча ҳақ-ҳуқуқлари, хусусан сўз ва фикр эркинлиги онлайн маконда ҳам бирдек таъминланиши ва ҳимояланиши лозим.

“Интернетдаги фундаментал ҳуқуқларидан фойдалангани учун таҳдидга учраш ҳолатлари ва барча турдаги инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралаймиз ҳамда барча давлатларни халқаро мажбуриятлари доирасида бу масалада ҳисобдорликка ва самарали чоралар кўришга чақирамиз”, – дейилади БМТ ИҲК резолюциясида.

Ҳужжатда интернет инсоният тараққиётини тезлаштирувчи драйвер-куч сифатида эътироф этилган.

Резолюция, шунингдек, БМТга аъзо барча давлатларни рақамли майдонда фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга чақиради.

Ҳукуматлар интернетдаги дезинформация, дискриминация, адоват ва зўравонликка қарши чоралар кўришда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини назардан қочирмасликлари ҳамда интернетга кириш очиқ, ишончли ва хавфсиз бўлиши лозим, дейилади БМТ чақириғида.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчиликни бузувчи, хусусан фуқароларнинг интернетда ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқларига дахл қилувчи, шунингдек, интернетни ёпиб қўйиш ва онлайн цензура каби чораларни шубҳасиз қоралаймиз; барча давлатларни бу каби хатти-ҳаракатлардан тийилишга ва бу каби хатти-ҳаракатларни тўхтатишга чорлаймиз”, – дея қайд этилган резолюцияда.

Таъкидланишича, давлатларнинг интернетга доир миллий қонунчилиги ва унинг амалиётга татбиқи уларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига мос келиши, хусусан сўз ва фикр эркинлиги ҳамда фуқароларнинг тинч мақсадларда йиғилиш ҳуқуқини таъминлаши керак.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши мазкур ҳужжат билан ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари офиси зиммасига вазифа юклади. Унга кўра, комиссарият дунё бўйича интернетдаги чекловлар трендини ўрганиб, сабаблари ва оқибатларини таҳлил қилган ҳолда 2 ой ичида ҳисобот тайёрлаши лозим.

Мавзуга оид